Ucell компанияси ва маркировкалаш операторига эгалик қилувчи ҳолдинг таъсисчилари ўзгарди
Алишер Усмоновга алоқадор Digital Invest компанияси, АҚШ санкциясига учраши ортидан, Digital Holding'даги улушларининг қарийб 5 фоизини бегоналаштирди ва эндиликда ҳолдинг улушларининг назорат пакети эгаси ҳисобланмайди.
Ucell алоқа оператори, CRPT Turon маркировкалаш компанияси ва ICS Holding Uzbekistan'га эгалик қиладиган “Digital Holding” МЧЖ таъсисчилари рўйхатида ўзгариш рўй берди.
Жамият таъсисчилари қаторига 4,9 фоиз улуш билан жисмоний шахс Ким Вадим Анатолевич қўшилди. Ўз навбатида, Россиянинг Digital Invest компаниясининг улуши худди шунчага камайиб, 51 фоиздан 46,1 фоизга тушди.
Давлат активларини бошқариш агентлигининг 49 фоизлик улуши ўзгаришсиз қолди.
Бу ҳолат Digital Invest'га АҚШ санкциялари қўлланиши ортидан рўй бермоқда. Апрел ойида АҚШ Молия вазирлиги Алишер Усмоновга алоқадор компаниялар қаторида Digital Invest'ни ҳам қора рўйхатга киритганди. Санкцияга учраган бу компания юқоридаги ўзгариш натижасида эндиликда Digital Holding компаниясидаги улушларнинг назорат пакети эгаси ҳисобланмайди.
Қайд этиш лозим, АҚШ юқоридаги санкцияни эълон қилиш асносида, Digital Invest ва “МегаФон” фойдасига истисно ҳақида ҳам маълум қилганди. Унга кўра, Америка фуқаролари ва компаниялари Россиянинг бу иккита компанияси билан Тожикистон ва Ўзбекистонда телекоммуникация хизматларини кўрсатишга қаратилган ҳар қандай битимларни тузиши, хусусан уларга Америка маҳсулотлари ва технологияларини уларга сотиши мумкин.
Digital Holding иштирокчисига айланган Ким Вадим Анатолевич айни пайтда яна камида тўртта корхонанинг ҳам таъсисчиси ҳисобланади. У “Vakdesign” ХК (тижорат фаолияти ва бошқарув масалалари бўйича маслаҳат бериш), “Malon Commerce” ХК (божхона агентларининг хизматлари), “G-Will” МЧЖ (овқатланишни ташкил қилишнинг бошқа турлари) ва “E-Car Dealer” МЧЖ (бошқа тоифаларга киритилмаган, ахборот хизмати кўрсатиш бўйича бошқа фаолият)нинг ягона таъсисчиси сифатида кўрсатилган.
Ўтган кунларда Digital Holding'нинг таъсисчилари билан бирга, унинг юридик номи ҳам ўзгарган. Gazeta.uz'нинг ёзишича, 3 ва 5 июл кунлари ҳолатига давлат реестрида корхона номи битта ҳарфни олиб ташлаган ҳолда Digital Olding сифатида қайд этилган, 5 июл оқшомда аввалги номи қайтариб қўйилган.
Россиянинг Digital Invest компанияси Digital Holding'даги улушидан 4,9 фоизини қай тарзда бегоналаштиргани (олди-сотди ёки бошқача тарзда воз кечиш) маълум эмас. Агар бу олди-сотди тарзида рўй берган бўлса, у ҳолда МЧЖлар тўғрисидаги қонунга асосан, Давлат активларини бошқариш агентлигида сотилаётган улушни сотиб олишда учинчи шахслар олдида имтиёзли ҳуқуқ юзага келган бўлади. Kun.uz бу борада аниқлик киритишни сўраб, агентлик матбуот хизматига сўров юборди.
Digital Holding ҳақида
Digital Holding – 2019 йилда Ўзбекистон ҳукумати ва миллиардер Алишер Усмоновга қарашли “МегаФон” ўртасида ташкил этилган қўшма корхона ҳисобланади.
Қўшма корхона Ucell алоқа оператори ҳамда USM'нинг шуъба корхоналари – “CRPT Turon” ва “ICS Holding Uzbekistan”ни ўз ичига олади.
2019 йилда қабул қилинган президент қарорига мувофиқ, қўшма корхонанинг 51 фоиз улуши “МегаФон” ва “USM Telecom”нинг қўшма корхонаси ҳисобланган “Digital Invest”га, 49 фоизи эса Ўзбекистон Давлат активларини бошқариш агентлигига тегишли бўлиши белгиланганди.
Қарорда “Digital Holding” зиммасига республикада ахборотлаштириш сектори самарадорлигини ошириш ва замонавий телекоммуникация технологияларини жорий этишда маслаҳат ёрдамини кўрсатиш, халқаро стандартларга мувофиқ рақамлаштириш жараёнларини тезлаштириш ва инновацион фаолиятни ривожлантириш учун юқори технологик телекоммуникация инфратузилмасини шакллантиришга ҳисса қўшиш, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида телекоммуникация хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ва уларни тақдим этиш сифатини ошириш мақсадида мавжуд телекоммуникация инфратузилмасини такомиллаштириш ва янги телекоммуникация инфратузилмасини яратиш каби вазифалар юкланган.
Бундан ташқари, компания маҳсулотларнинг айрим турларини маркировка қилиш ва уларнинг ҳаракатини назорат қилиш (кузатиб бориш) тизимини яратишда иштирок этиши белгиланган.
Компанияга бир қатор имтиёзлар берилди. Хусусан, “COSCOM” МЧЖ, “CRPT Turon” МЧЖ, “ICS Holding Uzbekistan” МЧЖ ва “Digital Holding” МЧЖнинг бошқа шуъба корхоналари фойдасини тақсимлашда ва дивидендларни тўлаш жараёнида тўлов манбаида юзага келадиган дивидендлар кўринишидаги даромадлардан келиб чиқадиган фойда солиғидан озод этилди.
Шунингдек, “Digital Holding”ни ташкил этиш пайтидаги унинг устав фондини шакллантириш жараёнида, шунингдек, устав фондининг келгусида кўпайтирилиши жараёнида юзага келадиган ёки ҳисобланган солиқларнинг барча турларидан ҳам озод этилди.
Мавзуга оид
17:38 / 04.11.2024
Германияда Алишер Усмоновга нисбатан тергов тўхтатилди
20:49 / 29.10.2024
Алишер Усмонов яна Халқаро қиличбозлик федерацияси раҳбари бўлиши мумкин
15:10 / 14.10.2024
Bild: Усмонов ARD журналисти устидан прокуратурага ариза берди
21:22 / 01.10.2024