Спорт | 18:09 / 17.07.2023
36996
9 дақиқада ўқилади

«Барса»нинг шошилинч сотувлари ва «ПСЖ»нинг супернишонлари. Сўнгги трансфер хабарлари

«Челси» ҳужум чизиғини янгилашда давом этмоқда.

Фото: Getty Images

16 июл кунида ҳам навбатдаги трансферлар расмийлаштирилди ва қизиқарли трансфер миш-мишлари тарқалди. Қуйида 10 та асосий янгиликдан иборат трансфер дайжести келтирилади.

«Фенербаҳче» таркибини янада кучайтирди

Туркия клуби — бу ёзда трансфер бозоридаги асосий ўйинчилардан бўлмоқда. «Фенер» бунгача Эдин Жеко, Себастян Шиманский, Райан Кента ва яна бир қанча янги футболчиларни сафига қўшиб олганди, лекин бу билан тўхтамади.

Энди Душан Тадич ҳам Туркия чемпионатида жавлон урадиган бўлди. «Аякс» билан яна бир йиллик шартномаси бўлган 34 ёшли серб аввалига раҳбариятдан ўзини қўйиб юборишни сўради, кейин эркин агент сифатида «Фенербаҳче»га ўтди. Томонлар икки йиллик шартнома бўйича келишишган. Футболчи янги клубида 10-рақамли футболкани олди.

De Telegraaf хабарига кўра, сардор Амстердам клубининг трансфер сиёсатидан норози бўлган. Ушбу серб «Аякс»нинг 2018/19 йиллар мавсумида ЕЧЛ яримфиналида ўйнаган таркибидан қолган сўнгги футболчи эди.

Нуфузли инсайдер Фабрицио Романонинг маълумотига кўра, «Фенербаҳче» Доминик Ливаковични ҳам трансфер қилишга ҳозирланмоқда. Жаҳон чемпионати плей-офф босқичида пеналтилар серияларидаги қаҳрамонликлари билан Хорватияни яримфиналгача олиб борган дарвозабон қишдаёқ топ-клубга ўтиши кутилганди. Аммо Ливакович Загребнинг «Динамо» клубида қолди ва энди Туркияга йўл олади. Хорватлар клуби ушбу 28 ёшли футболчи учун 9 млн евро ишлаб олади.

«Челси» яна бир ёш бразилияликни сотиб олди

Лондон клубига бу сафар «Сантос»дан 18 ёшли ҳужумчи Анжело Габриэл келиб қўшилди. Истеъдодли футболчи билан беш йиллик шартнома тузилган, трансфер қиймати эса 15 млн еврони ташкил этади. Ушбу йигитча ҳали ёрқин ўйинлар кўрсатмаган — жорий мавсумда у барча турнирлар доирасида 21 ўйинда қатнашиб, атиги икки гол урган. Аммо шу кўрсаткич «Челси» уни сотиб олиши учун етарли бўлди.

«ПСЖ» ўзининг ёш юлдузини қайтариб олди

Гап Ксави Симонс ҳақида бормоқда, бир неча йил олдин уни бўлажак суперюлдуз сифатида қарашарди. Фабрицио Романонинг хабарига кўра, Париж клуби қайта сотиб олиш ҳуқуқи тўғрисидаги бандни ишга туширган ва 20 ёшли яримҳимоячини қайтариш учун ПСВ клубига 6 млн евро ўтказиб берган.

Лекин афтидан Симонснинг саргузаштлари бу билан якунланмайди. Романонинг ёзишича, Ксави «РБ Лейпциг» клубига ижарага берилиши кутилмоқда. Футболчига кўп клублар даъвогар бўлган, аммо айнан немислар клуби бу пойгада илдамлик қилган. Агар Неймар ва Килиан Мбаппе бу ёзда «ПСЖ»да қолишса, Симонс ижарага берилиши аниқ бўлади.

Кейнга даъвогар фақат «Бавария» эмас

Англия миллий жамоаси ва «Тоттенҳэм» клуби етакчиси «ПСЖ» шорт-листида қайд этилгани маълум бўлди. The Telegraph хабар беришича, Париж клуби ҳужум марказига футболчи олиб келмоқчи ва бир неча футболчилар вариантини кўриб чиқмоқда, аммо айнан Ҳарри — фаворит. Француз клуби президенти Носир Ал-Ҳилайфий «Тоттенҳэм» билан дастлабки музокараларни ўтказган ва Кейнга энг яхши таклифни бера олишига ишончи комил. Шу билан бирга, 29 ёшли инглиз ҳужумчисининг сотиб олиниши Мбаппе клубда қолиш ё қолмаслигига боғлиқ бўлмайди. Умуман олганда, энди барчасини Кейннинг ўзи ҳал қилади.

«ПСЖ» «Ювентус» ҳужумчиси учун ҳам катта пул тўлашга тайёр

Париж клуби ҳужум чизиғини бутунлай янгилаши учун иккинчи номзод. Алфредо Педулланинг тасдиқлашича, «ПСЖ» «Ювентус»га Душан Влаҳович учун бонуслар билан қўшганда 90 млн евро тўлашга тайёр, 23 ёшли сербнинг ўзи эса йилига 9 млн евро миқдоридаги маош билан таъминланади.

Кейн билан боғлиқ ҳолатда бўлгани каби «ПСЖ» дастлабки музокараларни ўтказган, аммо ҳозирча фақат Влаҳовичнинг атрофидагилар билан. Клубга расмий таклиф ҳали юборилмаган. «Юве» ҳам кутишга тайёр, аммо узоқ эмас, чунки «Челси» Ромелу Лукакудан тезроқ қутулмоқчи ва ушбу белгияликни айнан Туринда кутишмоқда.

«МЮ» «Бавария» юлдузини нишонга олди

Леон Горецка кутилмаганда Англия чемпионатида пайдо бўлиши мумкин. Sky Sport Germany хабарига кўра, «Манчестер Юнайтед» ушбу 28 ёшли яримҳимоячига қизиқиш билдирган, аммо футболчини Европанинг яна бир неча топ-клублари ўз сафида кўришни истамоқда.

Қанчалик ғалати кўринмасин, «Бавария» агар 40–50 млн евро миқдоридаги таклиф келиб тушса, ушбу футболчисини қўйиб юбориши мумкин. Гап шундаки, жамоа бош мураббийи Томас Тухел яримҳимоя чизиғида Конрад Лаймер ва Йозуа Киммиҳдан фойдаланмоқчи, шунинг учун Леонга асосий таркибдан жой топилмаслиги мумкин. Шу билан бирга, Горецканинг ўзи Мюнхендан кетмоқчи эмас, аммо агар захирада қолдирилса, унинг бу борадаги позицияси ўзгариши тайин.

«Барса» ҳафта ўртасигача уч нафар футболчисидан қутулмоқчи

AS нашри каталонияликлар клубининг улкан режаси ҳақида ёзди. Нашр маълумотига кўра, «Барса» 19 июл кунига қадар яримҳимоячи Франк Кессие, қанот ҳимоячиси Сержино Деста ва марказий ҳимоячи Клеман Ланглени сотишни кўзлаган. Ушбу футболчилар учун талаб ҳам мавжуд: Кессие бўйича «Ювентус» билан музокаралар олиб борилмоқда, Дест «Аякс»га қайтиши мумкин, Лангле эса — яна «Тоттенҳэм»га ижарага берилиши кутилмоқда. Аммо вақт кам қолган.

Мане Фирмино билан эмас, Роналду билан жамоадош бўлиши мумкин

Саудия клублари аввалига Европадаги юлдузларни битталаб «ов» қилишганди, энди эса ҳақиқий трансфер пойгасини уюштирмоқда. Садио Мане учун дастлаб «Ал-Аҳли» даъвогарлик қилаётганди, бу клуб ушбу футболчининг «Ливерпул»даги кўп йиллик жамоадоши Роберто Фирмино билан шартнома тузган. Хабар қилишларича, сенегаллик вингерга йилига 20 млн евролик маош таклиф этишган, аммо бу билан иш ҳал бўлмаган.

Энди Мане учун яна бир клуб курашга қўшилган. Криштиану Роналду ўйнаётган «Ан-Наср» клуби айни вақтда 31 ёшда бўлган Садио учун 25 млн евро миқдорида йиллик маош таклиф қилмоқда. Бу ҳақда Николо Шира хабар берган. Мане «Бавария»нинг янги мавсум учун режаларидан ўрин олмаган ва саудияликлар билан музокаралар кетмоқда.

Маҳрез ҳам Саудия Арабистонига кетмоқчи

«Манчестер Сити» ҳавбеги Риёз Маҳрез «Ал-Аҳли» клубига ўтишга яқин. «Ал-Риёз» нашри хабар беришича, клублар ўртасида 32 ёшли жазоирлик трансфери бўйича музокаралар ўтказилмоқда. Гап 30 миллион фунт стерлинг миқдоридаги товон пули ҳақида бормоқда.

Журналист Бен Жейкобс маълумотига кўра, Саудия Арабистони клуби «Манчестер Сити» билан фаол музокаралар босқичида, аммо ҳозирча трансфер бўйича келишувга эришилмаган. Маҳрезнинг ўзи эса Саудия Арабистонига кетишни истамоқда, бу ерда унга йилига 25 миллион фунт тўлаш ваъда қилинган.

Жазоирлик футболчининг амалдаги шартномаси 2025 йилга қадар мўлжалланган. «Ал-Аҳли»дагилар Маҳрез жамоанинг асосий юлдузи бўлишидан умид қилмоқда. Жамоа бунгача «Челси» дарвозабони Эдуар Менди ва «Ливерпул» ҳужумчиси Роберто Фирминони ўз сафига қўшиб олганди.

«Челси» ЖЧ-2022 юлдузи учун курашга қўшилди

Рандал Коло Муани Франция миллий жамоаси сафида Қатардаги мундиалда ёрқин ўйин кўрсатганидан кейин топ-клублар радарларига тушганди. У учун кураш қишдан буён давом этмоқда, энди пойга иштирокчилари сони биттага кўпайди. Фабрицио Романонинг хабарига кўра, «Айнтрахт»нинг 24 ёшли ҳужумчисига Маурисио Почеттино бош мураббийликка олиб келингач, қайта қуриш жараёнини бошлаган «Челси» ҳам даъвогарлик қилмоқда. Футболчи учун «Манчестер Юнайтед», «Бавария» ва «Тоттенҳэм» клублари ҳам рақобатлашади.

Мавзуга оид