Жамият | 18:38 / 17.07.2023
18341
2 дақиқада ўқилади

Самолётда учиш тавсия этилмайдиган йўловчилар эълон қилди

Авиакомпаниялар оғир аҳволдаги ёки парвоз чоғида соғлиғи ёмонлашиши мумкин бўлган баъзи йўловчиларни самолётга чиқаришдан бош тортиш ҳуқуқига эга.

Самолётда учиш барчанинг ҳам саломатлик кўрсаткичлари мос келавермайди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) саломатлиги туфайли ҳаво лайнери бортига чиқиши тавсия этилмайдиган йўловчилар рўйхатини эълон қилди.

«Авиакомпаниялар оғир аҳволдаги ёки парвоз чоғида соғлиғи ёмонлашиши мумкин бўлган баъзи йўловчиларни самолётга чиқаришдан бош тортиш ҳуқуқига эга», дейилади ЖССТ ҳужжатида.

Улар қуйидагилар:

- туғилганига 48 соат тўлмаган (ёки муддатидан аввал дунёга келган) чақалоқлар;

- ҳомиладорликнинг 36-ҳафтаси ёки ундан ортиқ даврида бўлган аёллар (кўп ҳомиладорлик учун бу кўрсаткич 32 ҳафтага тенг);

- стенокардия ва кўкрак қафасидаги оғриқ, юқумли касалликлар, юрак-қон томир тизими хасталикларига чалинганлар;

- яқинда инфаркт ёки инсультни бошдан кечирганлар;

- танада ҳаво ёки газ тўпланиши мумкин бўлган жароҳатлари бор ва яқинда ошқозон, ичак, кўз, юз ёки бош мия операцияларини ўтказганлар;

- нафас олиш тизими билан боғлиқ ўткир ва узоқ муддатли хасталиклардан азият чекувчилар;

- пневмония ташхиси қўйилганлар;

- тинч ҳолатда нафас қисиши хуруж қилувчилар;

- ўроқсимон ҳужайрали анемияга чалинганлар;

- пневмоторакс (ўпка тешилиши) аниқланганлар;

- қулоқ инфекцияси бор беморлар;

- декомпрессия касаллиги билан оғриганлар;

- бош мияда босим ошишидан (қон кетиши, жароҳатлар ёки инфекция туфайли) қийналадиган кишилар.

Экспертларнинг қўшимча қилишича, бу рўйхат турли авиакомпаниялар талаблари асосида бироз фарқланиши ҳам мумкин.

Мавзуга оид