Ўзбекистон | 11:28 / 21.07.2023
4318
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда «яшил» водород бўйича лойиҳа август ойида бошланиши режалаштириляпти 

Президент август ойида Ўзбекистонда «яшил» водород ишлаб чиқариш мажмуасини қуришни бошлаш бўйича топшириқ берди, деди энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов. Саудиянинг ACWA Power компанияси Чирчиқ шаҳрида мавжуд аммиак заводи негизида иншоот қуради. 

Ўзбекистонда «яшил» водород ишлаб чиқариш мажмуасини қуриш август ойида бошланиши режалаштирилган. Бу ҳақда энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида маълум қилди, деб ёзяпти Gazeta.uz.

«Алоҳида янги йўналиш - бу «яшил» водород. У Саудиянинг ACWA Power компанияси билан муқобил энергия манбаларидан водород ишлаб чиқариш бўйича келишилган лойиҳадир. [Президент] август ойида ушбу лойиҳани ишга тушириш ва ишни тезлаштириш зарурлигини таъкидлади», — деди вазир. 

Йил бошида ACWA Power Энергетика вазирлиги ва «Ўзкимёсаноат» концерни билан иккита шартнома имзолаган, деб ёзади Zawya агентлиги.

Улардан бири доирасида Саудия компанияси «яшил» водород ишлаб чиқариш мажмуасини яратишга сармоя киритади. Иншоот Чирчиқ шаҳрида мавжуд аммиак заводи негизида барпо этилади. 

Келажакдаги мажмуанинг лойиҳа қуввати йилига 3 минг тонна водородни ташкил этади. Хабар қилинишича, унинг ишга туширилиши кимё саноатидаги углерод ташламаларини камайтиради ва «иқтисодиётни карбонсизлантиришга» ёрдам беради. 

Бундан ташқари, ACWA Power экологик тоза аммиак ишлаб чиқаришни ташкил қилади. Ҳисоб-китобларга кўра, у ҳар йили 600 миллион кубометр газни тежаш ва карбонат ангидрид ташламаларини 1,5 миллион тоннага камайтириш имконини беради. 

Мавзуга оид