Жаҳон | 09:09 / 22.07.2023
10000
2 дақиқада ўқилади

Писториус Полшани НАТО ва Германия уни ҳимоя қилишга тайёрлигига ишонтирди

Бир кун олдин Минск «Вагнер» ХҲК билан Полша чегараси яқинида қўшма машғулотлар ўтказишини эълон қилди, Варшава буни провокация деб атади.

Фото: Michal Krumphanzl/PAP/CTK

Германия мудофаа вазири Борис Писториус Полшани Германия ва НАТО зарурат туғилганда унинг шарқий чегарасини ҳимоя қилишга тайёрлигига ишонтирди, деб хабар берди 21 июль, жума куни Reuters. «Полшалик ҳамкорлар қаерда қўллаб-қувватлашга муҳтож бўлса, улар ёрдам олади. Улар НАТО бўйича ҳамкорлар ва ишончли НАТО иттифоқчилари, шунинг учун биз тайёрмиз, десак хато бўлмайди», деди Писториус Прагага ташрифи чоғида чехиялик ҳамкасби Яна Чернохова билан ўтказилган матбуот анжуманида. 

Аввалроқ Полша ҳукумати Беларусда Полша чегараси яқинида «Вагнер» ХҲК ёлланма аскарлари борлиги сабабли мамлакат шарқидаги қўшинлар сонини ошираётганини маълум қилганди. Ҳукумат вакили қанча қўшин қайта жойлаштирилишига аниқлик киритмади, деб хабар беради PAP. 

Беларус Мудофаа вазирлиги ушбу мамлакат қуролли кучлари Полша чегарасидан 30 км узоқликда жойлашган «Брестский» полигонида «Вагнер» ХҲК жангчилари билан биргаликда машғулотлар ўтказиши ҳақида хабар берди. Полша ҳукумати хавфсизлик қўмитаси котиби Збигнев Хоффман қўшма машғулотларни «провокация» деб атади. Унинг фикрича, Варшава Россия-Беларус қўшма ҳаракатларини ҳисобга олиши керак. 

Россия президенти Владимир Путин 21 июль куни Хавфсизлик кенгашининг ҳафталик йиғилишида 10 дақиқалик нутқ сўзлаб, Полша «Беларус ва Украина ерлари ҳақида орзу қилиши» ва Россия Беларусга ҳужумни ўзига қарши тажовуз сифатида кўришини айтди. 

Путин, шунингдек, Полшанинг ғарбий ҳудудларини «Сталин совғаси» деб атади. «Варшавадаги дўстларимиз буни унутиб қўйишди, биз сизга эслатамиз», деди у нима демоқчи эканлигини тушунтирмасдан. 

Мавзуга оид