Жамият | 10:15 / 23.07.2023
41824
3 дақиқада ўқилади

Америкалик машҳур судья ўзбекистонлик талабани сўроқ қилди

Франк Каприо йигит билан суҳбатдан сўнг унинг жарималаридан фақат биттасини қолдириш ҳақида ҳукм чиқарди.

Америкада таҳсил олаётган асли ўзбекистонлик Муҳаммадобидбек Обиджонов машинасини нотўғри «парковка» қилгани учун 35 доллар миқдорида жаримага тортилди. Уни америкалик машҳур судья Франк Каприо сўроқ қилиши акс этган видео тарқалди.

Суд залидаги суҳбатда Франк Каприо талаба йўл ҳаракатига тўсқинлик қилишда айбланаётганини билдирган.

Муҳаммадобидбек эса кўчиб келишидан олдин унга машинасини ўша ерга жойлаштириши мумкинлигини айтганини ва ўзи ҳам ўша жойда тўхташга одатланган бошқа машиналарни кўрганини билдирган. У бошқалардан фарқли ўлароқ фақат ўзи чипта олган ҳайдовчи бўлганини келтирган.

Судья унга 15 та ҳолатдан фақат биттаси учун 35 доллар миқдорида жарима қўллашга қарор қилган.

Шундан сўнг судья ўз одатига кўра айбланувчи билан самимий суҳбат қуради ва ундан қаерлик эканини, келажакдаги режалари қандайлигини сўрайди. Муҳаммадобидбек эса Америкага ўтган йили келгани, Johnson аnd Wаles университетида ўқиётгани, ўтмишда футболчи бўлгани, шу туфайли ўз агентлигини очиш ниятида эканини билдиради.

Франк Каприо ундан Америка ва Ўзбекистон ўртасида қандай фарқ кўриши ҳақида сўрайди.

«Мен мамлакатимда ҳеч қачон яшамаганман, чунки Россияда футбол билан шуғулланишимдан олдин бакалавр даражасини Европада тамомлаганман. Яъни Ўзбекистонда туғилганман, холос. Ҳаётимнинг деярли кўп қисми мамлакатдан ташқарида ўтган», — деган Муҳаммадобидбек.

У судьянинг инглиз тилини қаерда ўргангани ҳақидаги саволига жавобан Россиядаги мактабда ўрганганини айтган.

Маълумот учун, айни вақтда 86 ёшда бўлган ҳуқуқшунос Франк Каприо АҚШнинг Род-Айленд штати Провиденсе шаҳридаги бош муниципал судьяси бўлиб, дунёдаги энг адолатли судьялардан бири сифатида ном қозонган. Унинг раислигидаги суд мажлислари 20 йилдан ортиқ вақт давомида телевидениедаги «Провиденседа қўлга тушганлар» (Caught in Providence) дастури орқали намойиш этилади.

У асосан майда жиноятлар ва йўл ҳаракати қоидаларини бузиш ҳолатларини кўриб чиқиб, судланувчи билан дилдан суҳбат қуради. 2017 йилда унинг суд залидаги видеоси интернетда вирус каби тарқалиб, 15 миллион мартадан ортиқ кўрилади. 2021 йилда YouTube’даги Caught in Providence каналининг кўрилишлар сони 400 миллионга етади. Яқинда унинг ўзи у ўтказган суд мажлисларида олинган видеолари кўрилишлари сони жами икки миллиарддан ошганини айтганди.