Саудларнинг минтақавий хавфсизлик сиёсати қандай ўзгаряпти?
Саудия Арабистони Хитой воситачилигида Эрон билан келишувга эришиб, Шанҳай ҳамкорлик ташкилотига қадам босаётгани – Ар-Риёднинг хавфсизлик масалаларини ўзи мустақил тарзда диверсификация қилишга интилаётгани ва тўлиқ АҚШга таяниб қолмасликка ҳаракат қилаётганидан далолат беради.
Яқин Шарқ минтақаси ва араб давлатлари орасида Саудия Арабистони подшоҳлиги (САП) катта сиёсий-иқтисодий мавқега эга давлатлардан бири ҳисобланади.
Саудия Арабистони минтақанинг бошқа араб давлатлари ҳамда араб бўлмаган давлатларида ислом динининг пайдо бўлиши бешиги экани, жумладан, муқаддас ислом қадамжолари жойлашганлиги ва араб оламининг энг нефтга бой давлати экани билан алоҳида ажралиб туради.
Бу эса Саудия Арабистони олдига нафақат миллий хавфсизлик масалаларини, балки минтақавий хавфсизлик муаммоларини ҳам параллел равишда ҳал этиш вазифасини юклайди.
Минтақада АҚШ ва Хитой манфаатлари тўқнашувини кузатиш мумкин. Саудия Арабистони Вазирлар Маҳкамасининг Хитой бошчилигидаги ШҲТга қўшилиш қарорини маъқуллаши Ар-Риёд ва АҚШ ўртасидаги айрим манфаатлар доирасининг бузилишига олиб келмоқда.
Саудия Арабистонининг минтақавий хавфсизлик сиёсатининг учта асосий йўналишини ажратиб кўрсатиш мумкин.
1. Кўрфаз минтақаси
Саудлар режимининг Кўрфаз минтақасига нисбатан ташқи сиёсати ушбу минтақага Эрон, Ироқ каби ташқи кучлар томонидан таъсир ўтказилишига йўл қўймасликдан иборат.
Саудия Арабистони Кўрфаз минтақасини ўзининг таъсири доирасида деб билади ва унга қарши бўлган ҳар қандай таҳдидга кескин жавоб қайтаради. Кўрфаз минтақаси дунёдаги энг бой энергия манбаларига эга.
Саудия Арабистонининг энг муҳим нефт конлари Кўрфаз соҳилида жойлашган ва айни пайтда Кўрфаз минтақаси Саудия нефтини халқаро бозорларга ташиш йўли ҳисобланади. Бундан ташқари, Саудия Арабистонининг яқин қўшниси Яман билан алоқаларида кўплаб муаммолари бор.
САП Яманнинг сиёсий заиф бўлишидан манфаатдор, чунки Яманнинг Саудия жанубидаги нотинч чегаралари Қизил денгиз ва Ҳинд океанидаги стратегик жойлашуви, шунингдек, Эрон томонидан маҳаллий хусийларнинг қўллаб-қувватланиши каби омиллар саудлар режими учун жиддий таҳдид сифатида кўрилади.
Бизнинг эътиборимизни тортган муҳим жиҳатлардан бири – Саудия Арабистонининг барча нефт маҳсулотлари экспорти Ормуз бўғози орқали амалга оширилишидадир. Саудия Арабистони ҳозирда Ўмонда хусийлар билан доимий келишув бўйича бир томонлама музокаралар олиб бормоқда.
Саудия Арабистони Хитой воситачилигида 2023 йил 10 март куни Эрон билан ўзаро дипломатик муносабатларни тиклаш бўйича келишувни эълон қилди. Келишувнинг бир қисми сифатида Эрон хусийларнинг Саудия Арабистонига трансчегаравий ракета ҳужумларини рағбатлантиришни тўхтатишга ва гуруҳга яширин қурол-яроғ етказиб бермасликка ваъда берди.
Бунинг эвазига Саудия Арабистони Ар-Риёд томонидан қўллаб-қувватланаётгани тахмин қилинган форс сунъий йўлдош канали “Iran International ”нинг риторикасини камайтиришга рози бўлди.
Саудия Арабистони Яманда уруш бошлаганидан саккиз йил ўтиб, ундан чиқишнинг дипломатик йўлини қидирмоқда. Ривожланаётган эрон-хусий муносабатлари Яман можаросини тугатиш учун мушкулликлар туғдирмоқда.
Бу масалалар Саудия Арабистонининг минтақавий хавфсизлик сиёсатига катта таъсир қилиши билан бирга уни тезроқ ҳал қилишни ҳам тақозо этади.
2. Минтақавий рақобатчиларга қарши кураш
САПнинг минтақавий хавфсизлик нуқтайи назарининг иккинчи йўналиши – Яқин Шарқ минтақасида унга рақиб бўлиши мумкин бўлган минтақавий куч марказларининг пайдо бўлиши ва унинг кучайишига йўл қўймасликдан иборат.
САП Яқин Шарқ минтақасида гегемонлик ўрнатиш орқали режимга қарши бўлган сиёсий босимларнинг олдини олади.
Аввало, Саудия Арабистони бу кўзлаган мақсадларини амалга ошириш учун қуролли кучларига катта эътибор бермоқда ва бу йўлда турли ислоҳотларни олиб бормоқда. САПнинг “Нигоҳ 2030” деб номланувчи иқтисодиётни қайта ташкил этиш ва диверсификация қилиш бўйича ҳукумат режаси қурол саноатини ривожлантириш бўйича амбицияларни ўз ичига олади.
Мақсад “2030 йилга бориб САПнинг ҳарбий техникаси харажатларининг 50 фоиздан ортиғини маҳаллийлаштириш” ва бир нечта компанияларни бирлаштириш орқали “ Saudia Arabian Military Industries” (САМИ) янги компаниясини яратишдан иборат.
Шу жиҳатдан, САМИ “2030 йилгача глобал ҳарбий саноат секторида етакчи ролни ўз зиммасига олишни” мақсад қилган йирик лойиҳаларидан бири саналади.
3. Этник ва диний можаролар
Саудия Арабистони Яқин Шарқда этник ва диний можароларни ўз режими учун жиддий таҳдид сифатида қабул қилади, чунки бундай тўқнашувлар панарабизм ғоясини янгидан кучайтиради ва бутун минтақага тарқалади, деган қарашга эга.
Масалан, 1980 йилдаги Эрон-Ироқ уруши ва 2006 йилдаги Ҳизбуллоҳ-Исроил можароси шарқий вилоятдаги шиалар орасида катта намойишларга сабаб бўлди.
Бу жараёнлар Саудия Арабистонининг минтақавий хавфсизлик сиёсатига катта таҳдид солаётган ва уларга ечим излашга ундаётган сабаблардан биридир.
Яқин Шарқ гегемонлиги учун кураш
Эрон ва Саудия ўртасидаги муносабатлар 1979 йилда Эронда Ислом инқилобига қадар барқарор ривожланган эди. Инқилобдан сўнг икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар кескинлик босқичига кирди, бунга қатор омиллар сабаб бўлди.
Биринчи сабаб, Эрон Ислом инқилобини экспорт қилиш ғояси. Эрон ўз ташқи сиёсатида Ислом инқилобини бошқа исломий мамлакатларга экспорт қилиши ҳақида маълум қилгач, бундан биринчи бўлиб Саудия Арабистони хавотирга тушди, чунки ўша йилларда Саудия элитасига қарши бундай кайфиятлар аллақачон кучайиб улгурган эди.
Биргина 1979 йилда Муҳаммад ал-Қаҳтоний ва Жуҳайман ал-Утайба бошчилигида террорчилар муқаддас Маккани қамал қилган вақтдан Саудия шаҳзодалари-ю султонларини жиддий хавотирлар қамраб олган эди.
Иккинчи сабаб, Араб давлатларининг Эронга қарши коалиция тузиши. Саудия Арабистони Эрон таъсирини сусайтириш ва етакчилик ролини эгаллаш мақсадида ўз атрофида Форс кўрфазининг бошқа мамлакатларини бирлаштиришга кириша бошлади.
Бугунги даврга келиб анча йиллардан буён бузилган муносабатлар тикланди.
Бунга турли сабаблар мавжуд. 2023 йилнинг 10 мартида Саудия Арабистони ва Эрон Пекинда бўлиб ўтган музокаралар асосида дипломатик муносабатларни тиклаш бўйича келишувга эришганини эълон қилди. Хитой ўзини келишувнинг воситачиси сифатида кўрсатди.
САП ва Эрон муносабатларининг тикланиш масаласи Эрон президенти Иброҳим Раисийнинг феврал ойидаги Пекинга ташрифи чоғида илгари сурилди. Бир неча вақт давомида Саудия Арабистони Эрон режимини танқид қилувчи форс тилидаги хорижий телерадиокомпания “Iran International”ни қўллаб-қувватлаб, Эронга босим ўтказар эди.
Президент Раисий 2021 йил август ойида лавозимга киришганидан бери у минтақавий қўшнилар билан кескинликни камайтириш сиёсатини устувор вазифа эканлигини эълон қилди. Эҳтимол, Си Жинпинг ёпиқ эшиклар ортида Саудия қиролидан Эрон муаммосини ҳал қилишдаги кўмаги учун ШҲТ томон қадам ташланиши кераклиги таъкидлангандир?
Саудия Арабистон ва Эрон ўртасида минтақа бўйлаб турли хил тафовутлар мавжуд бўлиб, улар кўпинча ишончли шахслар орқали курашган.
Эрон узоқ вақтдан бери Ливаннинг “Ҳизбуллоҳ” ташкилотини, Саудия Арабистони эса сунний сиёсатчиларни қўллаб-қувватлаб келган. Ар-Риёд ва Теҳрон ўртасидаги тарангликни юмшатиш, бу икки томонни мисли кўрилмаган молиявий инқирозга юз тутаётган Ливанда сиёсий муросага ундаши мумкин.
Эрон Сурия президенти Башар Асадни узоқ давом этган урушда қўллаб-қувватлаган, Саудия Арабистони эса уни ағдаришга интилаётган исёнчиларга хайрихоҳ. Бироқ сўнгги ойларда, айниқса, Сурия ва Туркияни вайрон қилган зилзиладан сўнг, араб давлатлари Асад билан яқинлашиш сиёсатини ёқлашмоқда.
Исроил бош вазири Бенямин Нетаняҳу Саудия Арабистони билан муносабатларни нормаллаштиришдан манфаатдор, аммо Исроилнинг азалий душмани бўлган Эрон билан Саудиянинг келишуви буни мураккаблаштиради.
Бундан ташқари, агар Исроил Эрон ядровий дастурига қарши ҳарбий зарба беришга қарор қилса, у Яқин Шарқ минтақасида ёлғизланиб қолиши мумкин. Исроил билан муносабатларни аллақачон нормаллаштирган ва узоқ вақтдан бери Теҳронга шубҳа билан қараган Бирлашган Араб Амирликлари ҳам Эрон билан кескинликни юмшатишга ҳаракат қилмоқда.
Эрон 2015 йилда жаҳон кучлари билан имзолаган ядровий келишувнинг барбод бўлиши ортидан халқаро санкцияларга дуч келди. Саудия Арабистони – Эрон келишуви Теҳронга санкцияларни четлаб ўтиш учун янги йўлларни очиб бериши мумкин.
Эрон Россия билан алоқаларини чуқурлаштириб, Украинага қарши урушда Москвани турли хил учувчисиз жанговар қурилмалар билан таъминламоқда деган хабарлар кун ора эшитилмоқда. Умуман, Саудия-Эрон яқинлашуви Яқин Шарқдаги кучлар мувозанатига ҳамда хавфсизлик архитектурасига жиддий таъсир қилади.
Аввало, бу музокаралар Хитойнинг обрўсини оширади. Хитой юбораётган муҳим хабар шундан иборатки, Қўшма Штатлар Форс кўрфазидаги асосий ҳарбий куч бўлса-да, Хитой минтақада кучли ва ўсиб бораётган дипломатик воситачига айланди. Бу бутун дунё бўйлаб Хитойнинг кучи ва таъсирини идрок этишни кучайтиради ва АҚШнинг глобал қудрати ҳақидаги даъвосига барҳам бериши мумкин.
Шу сабабдан Хитой Яқин Шарқда кучли ўйинчига айланмоқда, дейиш мумкин. Хитой сўнгги вақтларда Саудия Арабистонининг энг йирик нефт экспорт ҳамкорига ҳам айланмоқда.
Яраштирувчи ролида нега АҚШ эмас, Хитой бўлди деган саволлар ҳам пайдо бўлиши мумкин. Қўшма Штатлар бу келишувга воситачилик қила олмас эди, чунки у Эрон билан бевосита алоқада эмас. Бошқача қилиб айтганда, уларнинг ўзига ҳам воситачи зарур.
Байден маъмурияти минтақавий хавфсизлик бўйича мулоқотларнинг аҳамияти ҳақида гапириб, бу келишувни умумий маънода қўллаб-қувватлашини айтган бўлса ҳам, бу Вашингтон учун жиддий хавотирларни пайдо қилади.
Аммо Саудия Арабистонининг АҚШни бутунлай четлаб ўтгандек келишувга эришгани, Ар-Риёднинг мустақил тарзда хавфсизликка интилишларини диверсификация қилишга интилаётгани ва тўлиқ Қўшма Штатларга таянмаслик учун ҳаракат қилаётганидан далолат беради.
Хулоса
Хулоса қилиб айтганда, ҳозирги даврда Саудия Арабистони ўз минтақавий хавфсизлик сиёсатида АҚШ бошчилигидаги коллектив Ғарб йўналишига таяниб қолиш мақсадларини ўзгартирмоқда.
Бу борада Хитой воситачилигида Эрон билан дипломатик алоқаларнинг қайта тикланиши, шу аснода Саудия Арабистонининг ШҲТга аъзо бўлиши жараёнларининг фаоллашуви Ар-Риёднинг коллектив Шарқ йўналишига жиддий эътибор қаратаётганидан далолат беради. Бироқ кўп омиллар эвазига Қўшма штатларга боғланган Саудиянинг бирдан ташқи сиёсий векторининг ўзгариб кетиши ҳам осон эмас. Балки шаҳзода жаноблари ҳам Эрдўған каби сиёсий манёвр кўрсатар.
Сабина Латипова,
шарқшунос таҳлилчи
НормуҳаммадАли,
журналист
Мавзуга оид
09:25
Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистонига жўнаб кетди
20:08 / 10.11.2024
Хитойга тегишли марсоход Марсда қадимий океан изларини топди
18:01 / 10.11.2024
Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони ва Озарбойжонга боради
17:55 / 10.11.2024