Жамият | 19:27 / 27.07.2023
17241
2 дақиқада ўқилади

Андижонда гаров пулларини ўзлаштириб юборган ИИБ мансабдорлари иши бўйича суд бошланди 

Айблов хулосасига кўра, улар жиноий тил бириктириб, сохта ҳужжатлар орқали 5,6 млрд сўм гаров пулларини ўзларига таниш бўлган фуқароларнинг банк карталарга ўтказган ҳолда нақдлаштириб олишган. Судланувчилар Жиноят кодексининг иккита моддаси бўйича айбланмоқда.   

Фото: Kun.uz

Жиноят ишлари бўйича Балиқчи туман суди бир гуруҳ ИИБ ходимларига оид жиноят ишини кўриб чиқишни бошлади. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов хабар берди.

Маълум қилинишича, айбланувчилар Андижон вилояти ИИБ Молия ва моддий техника таъминоти бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари – молия таъминот хизмати бошлиғи лавозимида ишлаган М.М., Андижон вилояти ИИБ Молия таъминот хизмати бошлиғи ўринбосари - бухгалтерия ҳисоби ва ҳисобот бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган Д.А., МИБ Андижон шаҳар бўлимида давлат ижрочиси лавозимида ишлаган Ш.А. ҳамда Андижон вилояти ИИБ Молия ва моддий техника таъминоти бошқармаси молиявий таъминот хизмати бухгалтерия ҳисоби ва ҳисобот бўлими ҳисобчиси лавозимида ишлаган Ш.М.га оид жиноят иши очиқ суд мажлисида кўриб чиқиляпти.

Судланувчилар Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а”, “г” бандлари ва 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.

Қўшимча маълумот суд жараёни якуни бўйича берилиши билдирилган.

Олдинроқ Kun.uz ихтиёрига Андижон вилояти ИИБ мансабдор шахсларига нисбатан қўзғатилган ушбу жиноят ишига доир маълумотлар келиб тушганди. Унда ИИБ мансабдорлари ўзаро жиноий тил бириктирган ҳолда депозит ҳисобда сақланган гаров пулларини талон-торож қилгани ҳақида гап боради.

Жумладан, ҳужжатга кўра, судланувчилар 2020-2022 йиллар давомида ўзларига олдиндан таниш бўлган фуқароларнинг пластик карталарини олиб, айнан ушбу фуқароларни гўёки депозит ҳисобрақамларига пул маблағлари қўйганлиги бўйича сохта ҳужжатлар тайёрлашган. Сўнгра сохта ҳужжатларга асосан 159 та ҳолатда депозит ҳисобрақамдаги жами 5 млрд 654 млн сўм маблағни 138 нафар фуқаронинг банк картасига ўтказиб, нақдлаштириб олишган.  

Мавзуга оид