Спорт | 22:08 / 27.07.2023
29310
2 дақиқада ўқилади

«Кальяри» клуби Элдор Шомуродов трансферини эълон қилди

Шомуродов сотиб олиш ҳуқуқи билан ижарага берилган.

«Рома» ҳужумчиси Элдор Шомуродов 2023/24 йилги мавсумни Италия А Серияси дебютанти «Кальяри» сафида ўтказади.

Рим клуби расмий сайти ўзбекистонлик 28 ёшли ҳужумчи «Кальяри» клубига бир йиллик ижарага берилганини эълон қилди. Сардиния ороли жамоаси Элдорни сотиб олиш ҳуқуқи билан ижарага олган.

Инсайдер Жанлука Ди Марциога кўра, «Рома»га Шомуродовнинг бир йиллик ижараси учун 1 миллион евро тўланади ва 2024 йилнинг ёзида «Кальяри» Элдорни 9 миллион еврога сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлади. Томонлар «1+3» шаклида келишган. Ўзбекистонлик форварднинг ижара муддати давомидаги маошининг 50 фоизини «Кальяри» тўласа, қолган ярмини Рим клуби тўлашда давом этади.

Аввалроқ, Шомуродовнинг «Рома»даги йиллик маоши 2 миллион еврони ташкил этиши ҳақида хабарлар тарқалганди. Футболчи 2021 йил «Женоа»дан 17 миллион евро эвазига Рим клубига трансфер қилинганди. 

Эслатиб ўтамиз, италиялик 71 ёшли таниқли мутахассис Клаудио Раньери январь ойида «Кальяри» бош мураббийига айлангач, B Серияда 14-ўринда бораётган клубни ярим йил ичида пешқадамлар сафига кўтариб, мавсум якунида плей-офф орқали А Серияга олиб чиқишга муваффақ бўлди.

Мавзуга оид