Тошкент марказида яна бир кўприк қурилиши мумкин – бу сафар пиёдалар учун
Пойтахт ЙҲХБ Олий Мажлис яқинидаги пиёдалар ўтиш йўлаги 250 метр масофага кўчирилганини маълум қилди. Оддийгина светофор билан муаммони бирмунча ҳал этиш мумкин бўлган жойда, масъуллар пиёдалар учун ноқулай кўприклар сонини яна биттага кўпайтиришни таклиф қилмоқда.
Kun.uz 27 июл куни Тошкентнинг Бунёдкор шохкўчасидаги энг хавфли пиёдалар ўтиш йўлакларидан бири, навбатдаги ЙТҲдан кейин, светофор ёрдамида тартибга солиниш ўрнига, шунчаки олиб ташлангани ҳақида ёзганди.
Бугун, 28 июл куни шаҳар ЙҲХБ бу йўлак бошқа жойга кўчирилганини маълум қилди.
Расмий изоҳда “ҳудудда транспорт воситаларининг ҳаракат оқими юқори экани, бу оқим кундан кунга ортиб бораётгани ҳамда жойда 16 та ҳаракат бўлаги мавжудлиги сабабли, пиёдалар йўл қатнов қисмини кесиб ўтишда бир қанча қийинчиликларга дуч келаётгани” айтилади.
250 метр масофада янги ташкил этилган пиёдалар ўтиш жойи ҳам ўндан ортиқ ҳаракат бўлагини кесиб ўтишни тақозо қилади. Бу ерда ҳам светофор йўқ ва расмий изоҳдан хулоса қилинса, бўлмайди ҳам.
Таъкидлаш керакки, йўлларда автомобилларнинг тез юриши эмас, инсонларнинг хавфсизлиги биринчи ўринга қўйилган кўплаб шаҳарларда 2 тадан ортиқ ҳаракат бўлагини кесиб ўтувчи ҳар қандай пиёдалар ўтиш жойига светофор ўрнатилади.
ЙҲХБга кўра, аввалги жойда ер усти пиёдалар ўтиш жойини қуриш бўйича мутасадди ташкилотларга бир нечта таклифлар берилган. Лекин бу ҳам замонавий ва хавфсиз шаҳарсозлик талабларига тўла мос келиши, шаҳарлар марказида бундай кўприклар қуришнинг мақсадга мувофиқлиги – баҳсли масала.
Боз устига, Тошкентда аввал қурилган ер усти ва ер ости ўтиш жойлари мобиллиги чекланган (ёш болали, кекса, ногиронлиги бўлган, жароҳатланган, бетоб ёки қўлида юки бор) одамлар учун ўта ноқулай экани, улар учун лифтлар ўрнатилмагани, ўрнатилганлари ҳам шунчаки ишламаслиги кўп бора фуқаролар эътирозига сабаб бўлган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ шаҳар марказидаги бошқа бир нуқта – Навоий шохкўчасининг Ботир Зокиров ва Абай кўчалари билан кесишмасида автомобиллар учун кўприк қурилиши муҳокама мавзусига айланганди.
Мавзуга оид
15:05 / 12.11.2024
Тошкент ҳавосини ифлослантириши мумкин бўлган барча объектлар назоратга олинди — ҳокимлик
22:45 / 10.11.2024
Тошкентда «закладчик»ни калтаклаган уч нафар шахс қўлга олинди
10:47 / 08.11.2024
Тошкентда айрим кўчалар ёпилиши ҳақидаги хабарлар рад этилди
16:17 / 07.11.2024