Президент Венгрия, Озарбойжон ва Япония билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича йиғилиш ўтказди
Давлат раҳбари бу мамлакатлар билан келишилган лойиҳаларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш, бу борада масъуллар ва инвестиция менежерлари ишини жонлантириш зарурлигини таъкидлади.
Президент Шавкат Мирзиёев 31 июль куни Венгрия, Озарбойжон ва Япония билан инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.
Қайд қилинишича, аввалроқ Венгрия билан 33 та, Озарбойжон билан 27 та, Япония билан 13 та лойиҳа бўйича келишувлар имзоланган. Йиғилишда ушбу лойиҳаларнинг ижро ҳолати, уларни амалга ошириш бўйича йўлга қўйилган тизим ҳақида ахборот берилди.
Венгрия билан ҳамкорликда паррандачилик кластери ташкил этиш, авиакомпания очиш, дори-дармонлар, бутловчи қисмлар ва кимё маҳсулотлари ишлаб чиқариш режалаштирилган.
Озарбойжон билан энергетика, кимё, транспорт, машинасозлик, қурилиш соҳаларида ҳамкорлик қилинмоқда.
Япония билан лойиҳалар кўлами ҳам кенг: энергетика, туризм, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, тўқимачилик, чорвачилик.
Венгрия, Озарбойжон ва Япония билан шерикликдаги ушбу лойиҳалар натижасида 8 мингдан зиёд янги иш ўрни, қарийб 1 миллиард 700 миллион долларлик экспорт имконияти яратилиши назарда тутилган.
Давлат раҳбари лойиҳаларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш, бу борада масъуллар ва инвестиция менежерлари ишини жонлантириш зарурлигини таъкидлади.
Икки томонлама мулоқотлар, жумладан, ишбилармон доираларнинг ўзаро ташрифини ташкил этиш орқали янги лойиҳалар бўйича таклифлар ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди. Саноат, ахборот технологиялари, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, хизматлар, таълим ва инновациялар ҳамкорликнинг янги истиқболли йўналишлари сифатида қайд этилди.
Мавзуга оид
21:17 / 14.11.2024
ССВ ҳузурида «Харидлар маркази» ва унинг 13 та ҳудудий филиали ташкил этилади
16:20 / 14.11.2024
“Иқлим ўзгариши муаммоларини айниқса Марказий Осиёда ўткир ҳис қиляпмиз” — Шавкат Мирзиёев
19:10 / 13.11.2024
Ҳиндистон фонд бозоридаги бум: молиявий инқилоб шовқини рискларни ёпиб кетяптими?
14:37 / 13.11.2024