Ўзбекистон | 23:46 / 31.07.2023
24227
4 дақиқада ўқилади

Рақамлар ва ҳодисалар қўрқинчли. Тошкент вилоятида жиноятчилик жилови қўйиб юборилдими?

Президент Фарғонада ўтказилган йиғилишда ўтган 6 ойда ўта оғир ва оғир жиноятлар энг кўп содир этилган ҳудудларни санаб ўтди. Улар орасида Тошкент вилояти ҳам бор. Оёғи чопилган аёл, ахлатхонадан мурдаси топилган бола ва 12 ёшида жинсий эксплуатаци қилинган қизалоқ – булар сўнгги вақтларда Тошкент вилоятида содир қилинган мудҳиш жиноятларнинг айримлари.

Фото: Getty Images

Масъул орган ҳудуддаги жиноятларнинг аксарияти ички ишлар идоралари ходимларининг бепарволиги оқибатида содир этилганини эътироф этган. Вилоят 2023 йилнинг дастлабки 4 ойида жиноятчилик ошиши бўйича фоиз ҳисобида республикадаги ўртача кўрсаткични ортда қолдирган.

Kun.uz ихтиёрига келиб тушган ҳужжатда 2023 йилнинг январ-апрел ойларида Тошкент вилоятида содир этилган жиноятлар салмоғи қарийб 5 фоизга (республикада 3,1 фоиз) ошгани, вилоятда содир этилаётган жиноятларнинг аксарияти ички ишлар органлари ходимларининг бепарволиги сабабли юзага келаётгани айтилади.

Масалан, Бекобод туманида яшовчи аёл узоқ вақтдан буён қўшни аёл билан ўзаро келишмай келган. Аёл қўшнисидан ўч олиш мақсадида унинг 10 ёшга ҳам тўлмаган боласини шафқатсизларча ўлдириб, мурдасини ахлатхонага ташлаб кетган.

Аслида, улар ўртасидаги зиддиятдан бутун маҳалла хабардор бўлган. Аммо бунга масъул профилактика инспектори бепарво қараган ҳамда аёллар ўртасидаги келишмовчиликни бартараф этиш чораларини кўрмаган.

Шунингдек, вилоятда профилактик ҳисобга олинганлар ҳамда муқаддам судланган ўта хавфли рецидивист назоратга олинмаган. Бунинг оқибатида профилактик ҳисобда турувчи шахслар томонидан январ-апрел ойларида 9 та жиноят содир этилган.

Масалан, Оққўрғон туманида яшовчи эркак экстремизм билан боғлиқ жиноят содир этгани учун судланиб, афв этилган ва маъмурий назоратга олинган. У опаси билан доимий жанжаллашиб келгани учун маъмурий қамоққа олиб кетилаётганида ички ишлар органлари ходимларининг бепарволиги сабабли қочиб кетган. Сўнгра бориб, хўжалик болтаси билан опасининг оёғини чопиб ташлаган.

Вилоятда тегишли масъуллар ва ички ишлар органлари ходимларининг беэътиборлиги туфайли аёллар ўртасида ҳам жиноятчилик кескин ошган. Масалан, Пискент туманида яшовчи аёл 2022 йилда турмуш ўртоғи билан ажрашиб, ота уйида яшаб келган. Бироқ унинг муаммолари билан ҳеч ким қизиқмаган. Аёл 12 ёшли қизини мактабга юбормасдан қўшмачилик билан шуғулланадиган опаси қарамоғига берган. У эса вояга етмаган жиянини 3 нафар таниши билан жинсий алоқа қилишга мажбурлаган.

Бундан ташқари, жорий йилнинг дастлабки 4 ойи давомида вилоятда спиртли ичимликларга ружу қўйган 2936 нафар шахсдан 2840 нафари мажбурий тартибда даволаниш учун шифохонага ётқизилмаган. Бунинг оқибатида 11 нафар шахс спиртли ичимлик таъсирида қотиллик содир этган.

Мисол учун, Чирчиқ шаҳрида яшовчи эркак маст ҳолатда турмуш ўртоғини ётоқхонада пичоқлаб ўлдирган. Эр-хотиннинг ўзаро келишмовчилигига рашк сабаб бўлган.

Терговга жалб этилган фуқаронинг эҳтимолий қийноққа солиниши ортидан вафот этиши воқеаси ҳам айнан Тошкент вилоятида, Бўка туманида рўй берганди. Бу воқеадан кейин вилоят ИИБ ва вазирликнинг масъулларига нисбатан хизмат текширувлари ўтказилаётгани айтилганди.

Жиноятчиликка қарши курашиш, уларнинг олдини олиш ҳамда профилактикаси, шунингдек қонунийликни таъминлашга прокуратура ҳамда ички ишлар органлари масъул.

Маълумот учун, Тошкент вилояти ИИБ бошлиғи лавозимида 2018 йилнинг октябр ойидан буён Тоҳир Арипов, унинг биринчи ўринбосари лавозимида 2019 йил феврал ойидан бери Ортиқ Худойберганов ишлаб келмоқда.

Вилоят ИИБ бошлиғи Тоҳир Арипов амалий ишлардан кўра йиғилишлар ўтказишни хуш кўради, дейди вилоят ИИБ тизимида ишловчи манба. Унинг айтишича Арипов раҳбар бўлгандан буён ходимлар дам олиш куни нима эканини унутишган. Рақам ортидан қувиш ва тартибсиз иш режими ходимларни ҳолдан тойдиргани айтилади.

Тошкент вилояти прокурори лавозимини 2022 йилнинг сентябр ойидан буён Шавкат Раҳимов эгаллаб келаётган эди. У айни пайтда лавозимдан олингани айтилмоқда. Унинг биринчи ўринбосари Абдуҳамид Комилов эса бир ҳафта олдин лавозимидан бўшатилган. Комилов вилоят ички ишлар органларида қонунийликни таъминлаш устидан назоратга масъул эди.

Руслан Сабуров,
Kun.uz

Мавзуга оид