Ўзбекистон | 13:55 / 08.08.2023
14281
4 дақиқада ўқилади

“Ташаббусли бюджет”га киритилган таклифларнинг 25 фоизи Сурхондарёга тўғри келди

“Ташаббусли бюджет”нинг бу йилги 2-босқичига таклиф киритиш босқичи якунланди. Энг кўп таклифлар ички йўллар таъмирига оид. Сурхондарё аҳолиси доимгидек фаол: жами 49 464 та ташаббуснинг ҳар тўрттадан биттаси шу ҳудудга тўғри келяпти. Овоз бериш 27 августдан бошланади. Ғолиб чиқиш учун энди 1,5 мингта овоз етарли бўлиши айтилган.

Ички йўлларни таъмирлаш бўйича энг кўп таклиф қолдирилган / Фото: Kun.uz

7 август куни “Ташаббусли бюджет”нинг 2023 йил 2-мавсумига лойиҳалар киритиш босқичи якунланди. Бу босқич 17 июлда бошланганди.

Иқтисодиёт ва молия вазирлигига кўра, бу мавсум доирасида республика бўйлаб 9 426 та маҳалла инфратузилмасини яхшилаш билан боғлиқ жами 49 464 та лойиҳа илгари сурилган.

Келиб тушган лойиҳалар ҳар бир туман (шаҳар) ҳокимликлари қошида ташкил этилган ишчи комиссиялар томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда 20 кун давомида саралаб олинади.

Саралашдан ўтган лойиҳалар 27 августдан бошлаб овозга қўйилади. Ғолиб деб топилган лойиҳаларни молиялаштиришга туман (шаҳар) бюджетларидан жами 1 трлн сўмдан ортиқ маблағ йўналтириш кўзда тутилган.

Таклифларнинг 15 140 таси (31%) ички йўлларни таъмирлашга оид. 14 835 та таклиф (30%) маҳалла ҳудудини ободонлаштириш тадбирларига қаратилган. Мактаблар бўйича 6820 та (14%), боғчалар бўйича 3024 та (6%), тиббиёт муассасалари бўйича 3100 та (6%) таклиф келиб тушган. Маълумот учун, 2023 йил 1-мавсумда энг кўп мактабларга оид лойиҳалар ғолиб бўлганди.

Ташаббус билдириш бўйича Сурхондарё вилояти бошқа ҳудудлардан яққол ажралиб турибди. Вилоятдаги 238 та маҳалладан жами 12 279 та таклиф келиб тушган. Бу – жами ташаббусларнинг 25 фоизига тенг. Таққослаш учун, бу борада 2-юқори кўрсаткич Тошкент шаҳрига тегишли бўлиб, пойтахтликлар порталга 4020 та таклиф киритишган.

Сурхондарёликлар доимий равишда таклиф киритиш бўйича 1-ўринни эгаллаб келмоқда. 2022 йилги 2-мавсумда вилоят аҳолиси 13 691 та (жами ташаббусларнинг 22 фоизи), 2023 йилги 1-мавсумда 9593 та (17 фоиз) ташаббусни илгари сурганди.  

Таъкидлаш лозим, “Ташаббусли бюджет”га фуқаролар томонидан илгари сурилаётган лойиҳалар сони мавсумдан мавсумга камайиб боряпти. 2021 йилда лойиҳанинг илк мавсуми 41 мингта ташаббус билан ўтган эди (ўша йили лойиҳа бир мавсумдан иборат бўлган). Таклифлар сони 2022 йил 1-мавсумда қарийб 70 мингта, 2-мавсумда 62 мингта бўлган, 2023 йил 1-мавсумда 56 мингта, 2-мавсумда эса 49 мингтага тушган. Айни пайтда, 2023 йил 2-мавсумдаги таклифлар республика бўйлаб деярли барча маҳаллаларни қамраб олган.

Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев сайловолди дастурида айтгандики, эндиликда “Очиқ бюджет” лойиҳаларида ғолиб бўлиш учун 1,5 минг овоз етарли бўлади, бунинг учун йил якунигача яна 1,2 трлн сўм ажратилади.

Бу йилдан бошлаб “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари ҳам жамоатчилик фикри асосида молиялаштириладиган бўлган.

Шу тариқа, 2023 йилда ўзбекистонликлар “Очиқ бюджет” портали орқали қуйидаги лойиҳаларда овоз бериши мумкин:

  • “Ташаббусли бюджет”, 1-мавсум – 2,9 трлн сўм (туман-шаҳар бюджетларидан);
  • “Ташаббусли бюджет”, 2-мавсум – камида 1 трлн сўм (туман-шаҳар бюджетларидан);
  • “Менинг йўлим” – 412 млрд сўм (туман-шаҳар бюджетларидан) – якунига етди;
  • “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” – 4 трлн сўм (республика бюджетидан) – ноябр-декабр ойларига режалаштирилган.

Мавзуга оид