Жамият | 13:00 / 09.08.2023
791
2 дақиқада ўқилади

Халқаро лойиҳа доирасида чорвачилик тармоғида икки минг иш ўрни яратилди

Бу ҳақда ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси раиси Баҳром Норқобилов ва Халқаро қишлоқ хўжалиги тараққиёти жамғармаси минтақавий раҳбари Дина Салеҳ ҳамда ташкилотнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари Лаура Матиолли билан бўлиб ўтган учрашувда қайд этилди.

Гап шундаки, қўмита раиси ва ташкилот мутасаддилари ўртасида Халқаро қишлоқ хўжалиги тараққиёти жамғармаси иштирокидаги “Ўзбекистоннинг сутчилик соҳасида қўшилган қиймат занжирини ривожлантиришнинг биринчи босқич лойиҳаси” якунлари муҳокама қилинди.

Таъкидлаш керак, лойиҳа икки йил мобайнида юртимизда чорвачилик ва унинг тармоқларини ривожлантиришда ўзига хос хорижий драйвер вазифасини ўтади. Хусусан, лойиҳа доирасида 21 млн АҚШ долларига тенг маблағ ўзлаштирилиб, 339 та деҳқон хўжалиги, 163 та фермер хўжалиги, 22 та сутни қайта ишловчи ва 24 та хусусий ветеринария шохобчалари ва озуқа ишлаб чиқарувчи корхоналарда жами 548 та лойиҳа молиялаштирилди.

Натижада чорвачилик ва унинг тармоқларида икки мингдан зиёд янги иш ўрни яратилди.

Лойиҳа бўйича ташкил этилган семинар-тренингларда чорвачилик ва унинг тармоқларида фаолият юритаётган 10 мингга яқин мутахассиснинг малакаси оширилди.

Дарвоқе, учрашувда мазкур ташкилот иштирокидаги қиймати 38 млн АҚШ долларига тенг “Ўзбекистоннинг сутчилик соҳасида қўшилган қиймат занжирини ривожлантиришнинг иккинчи босқич лойиҳаси” ҳам кўриб чиқилди.

Томонлар лойиҳанининг техник-иқтисодий асосини ишлаб чиқиш ва келишиш жараёнларини тезлаштириш, шунингдек йил якунигача жамғарманинг Директорлар кенгашига киритишга келишиб олишди.

Молиялаштириш 2024 йилнинг бошида очилиши маълум қилинди.

Мавзуга оид