Ўзбекистон | 11:00 / 11.08.2023
27895
7 дақиқада ўқилади

МБ раиси ўринбосари — девалвация сабаблари, нархларга таъсири ва кутилмалар ҳақида

Беҳзод Ҳамроевга кўра, рубл, лира ва юаннинг сезиларли қадрсизлангани сўмнинг ҳам девалвациясини табиий иқтисодий заруратга айлантирган. Марказий банк доллар курсининг бир кунда 3,5 фоизга ошиши ички бозордаги нархларга катта таъсир ўтказмаслигига ишонмоқда.

Марказий банк раиси ўринбосари Беҳзод Ҳамроев бугун, 10 август куни амалга оширилган сўм девалвацияси юзасидан Kun.uz'га қўшимча изоҳ берди.

Ҳамроев регуляторнинг бу борада эълон қилган пресс-релизида айтилганидек ўзига хос “тўғриланиш бўлгани”ни таъкидлаб, бу Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорлари – Хитой, Россия, Туркия ва Қозоғистондаги девалвация (миллий валютанинг хорижий валютага нисбатан қадрсизланиши) билан боғлиқлигини айтди.

“2020 йилдаги пандемиядан кейинги йилларда дунёнинг энг катта марказий банклари, хусусан АҚШнинг Федерал резерв тизими инфляцияга қарши ставкаларни кўтариб келяпти. Доллар индекси ошиб боряпти ва шунга мос равишда (ҳар бир давлатда ўзига хос бошқа сабаблари ҳам бор, албатта) асосий савдо ҳамкорларимизнинг аксариятида миллий валюталари қадрсизланди. Йил бошидан бери Россия рубли 35-38 фоизга, Туркия лираси қарийб 40 фоизга, ҳатто Хитой юани қарийб 4-4,5 фоизга (ўтган йилнинг шу даврига солиштирса 7,5 фоиз) ўз қадрини йўқотди.

Бу – табиий жараён. Бошқа давлатлар билан савдо қилганда, бизнинг курсимиз орқада қоладиган бўлса, савдода маълум бир устунликларимизни йўқотамиз: биз экспорт қилаётган маҳсулотларимиз у бозорларда қимматлашади, яъни нарх рақобатида ютқазади. Ўз навбатида, импорт арзонроқ бўлади. Булар ҳаммаси бир-бирига боғланган. Асосий савдо ҳамкорларимизда девалвация бўлаётганида, бизда ўзгармас бўлиб туриши маълум бир номутаносибликларни келтириб чиқаради. Бунақа нарсадан жудаям эҳтиёт бўлиш керак. Чунки ҳозир номутаносиблик валюта курсида кўринаётган бўлса, эртага бошқа иқтисодий кўрсаткичларга таъсир қилиши мумкин”, – деди у.

МБ расмийсига кўра, 10 августдаги 3,5–4 фоиз атрофидаги девалвацияни ҳам қўшганда, йил бошидан бери сўм қарийб 7,4 фоизга қадрсизланган. Айни пайтда, регулятор 2023 йилда инфляция даражаси (товарлар ва хизматлар нархларининг ўсиши) 8,5–9,5 фоиз бўлишини кутяпти.

“Буни оғир, ваҳимали қабул қилиш керак эмас. Чунки иқтисодиётни ўзини ўзи тўғрилаш жараёни бўлади. Хорижий валютага нисбатан талаб ва таклиф мувозанатлашади. Тан олиш керак, ҳар доим курснинг ўзгариши оғриқли бўлади. Бу худди касал бўлганда аччиқ дори ичиш ёки оғриқли муолажа олишга ўхшайди. Муолажа оғриқли, лекин уни олмасангиз, касаллик газак отиб кетаверади ва эртага бундан ҳам оғир даволанишга тўғри келиб қолади. Шунинг учун ҳам ҳозирда 3,5–4 фоиз, йил бошидан эса 7 фоиз атрофида тўғриланиш бўлгани – табиий жараён ва иқтисодиётга ижобий таъсир кўрсатади”, – деди Беҳзод Ҳамроев.

У ташқи савдода импорт экспортдан сезиларли кўплигига тўхталиб, бундай дисбалансга сабаблардан бири ҳам валюта курси билан боғлиқлигини айтди (ҳамкор давлат миллий валютасининг қадрсизланиши Ўзбекистон учун импортни арзонлаштиради).

Ҳамроев йил бошидан бери лира ва рубл бир неча ўн фоизга девалвация бўлган бўлса ҳам, сўм девалвациясининг ҳозирги даражаси (йил бошидан 7 фоиз) етарли эканига ишонч билдирди:

“Бизнинг ҳисоб-китобларимиз бўйича, йиллик инфялциямиз даражасидаги девалвациянинг бўлиши Ўзбекистон учун ҳозирча етарли. Ўрта муддатли истиқболда ҳам бирорта хавф кўраётганимиз йўқ”.

МБ раиси ўринбосари монетар сиёсат органида иқтисодиётга зарарли девалвациянинг олдини олиш учун етарли инструментлар борлиги, хусусан валюта интервенциялари учун зарур миқдорда олтин-валюта захиралари мавжудлигини қайд этди.

“Инфляцияга мос бўлмаган, иқтисодиётимизга салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган девалвация кутиладиган бўлса, бемалол вазиятга таъсир кўрсатиш мумкин. Бундан ташқари, курс бўлиши учун миллий валютада маблағ бўлиши керак, буни камайтириш-кўпайтиришни эса Марказий банк асосий ставкаси билан тартибга солиш мумкин. Ҳозир бунақа чораларни қўллашга ҳожат йўқ”, – деди у.

Беҳзод Ҳамроевнинг маълум қилишича, 10 август куни аҳоли тижорат банкларига 66 млн доллар миқдорида валюта сотган. Бу кўрсаткич 9 августда 50 млн доллар атрофида бўлган. “Албатта, курс ўзгаришининг таъсири бор, доллар сотиш кўпайган”, – дейди иқтисодчи.

Унинг сўзларига кўра, жорий девалвация хориждаги яқинларидан пул жўнатмаларини олиб турувчи оилалар учун ҳам манфаатли бўлган. “Хорижий мамлакатда пул қадрсизланадиган бўлса, улар юборадиган пул ҳам қисқаради, чунки улар ойлигини масалан рублда олиб, долларга ўгириб, Ўзбекистонга жўнатади. Бугунги девалвация мана шу оилалар оладиган маблағнинг сўмдаги эквивалентидаги йўқотишларни маълум даражада компенсация қилиб беради”, – дея тушунтирди МБ вакили.

Марказий банк сўмнинг долларга нисбатан қадрсизланиши ички бозордаги нархларга катта таъсир қилмаслигига ишонмоқда.

“Албатта, истеъмол савати ичида маълум даражада импорт товарлари бор. Буларнинг нархига кичик таъсирлар бўлиши мумкин, лекин 4 фоиз ўзгариш катта таъсир қилади деб ўйламайман.

Биз инфляция прогнозимизни катта коридор олиб, 8,5–9,5 фоиз деб эълон қилганмиз. Бу прогнозни МБ бошқарувининг охирги йиғилишда ҳам ўзгартирмадик. Ваҳоланки, июл ойида йиллик инфляция 8,9 фоиз бўлди. Инфляция даражаси прогноз коридори ичига тушса ҳам, ўзгартирмадик, чунки бизнингча, девалвация ва бошқа нарсалар ҳисобига озроқ тўғриланиш бўлса ҳам, йил якунида инфляция прогноз коридори атрофида қолади”, – деди Ҳамроев.

Беҳзод Ҳамроев аҳолининг сўмдаги жамғармалари ёки омонатларини долларга ўтказишига зарурат кўрмаётганини қўшимча қилди.

“Қисқача қилиб айтганда, долларга айлантиришга ҳеч қандай ҳожат йўқ”, – деган Марказий банк раиси ўринбосари бу фикрини сўмдаги омонатлар бўйича фоиз ставкалари жозибали бўлиб қолаётгани билан изоҳлади.

Мавзуга оид