Жамият | 19:45 / 14.08.2023
46309
5 дақиқада ўқилади

Дунё билимдонларини йиғган чемпионат якунланди 

“Заковат”нинг биринчи Осиё очиқ чемпионати ўз ниҳоясига етди. Ғолиб жамоаларга жами  200 млн сўм мукофот пули ҳамда махсус кубог топширилди. Энди интеллектуал ўйиннинг жаҳон чемпионати бўлиб ўтиши кутилмоқда. 

12-13 август кунлари Тошкентда “Заковат” интеллектуал ўйинининг биринчи Осиё очиқ чемпионати бўлиб ўтди. Икки кун давом этган йирик турнирда Ўзбекистон, Исроил, Кипр, Германия, Арманистон, Қозоғистон, Беларус, БАА, Латвия, Дания, Туркманистон, Қирғизистон, Тожикистон, Россия каби 14 мамлакатдан 55 та жамоа қатнашди, жами иштирокчилар сони 300 нафардан ортиқ.  

Аввал хабар берганимиздек, турнирнинг биринчи куни “Заковат Арена”сида 6 та тур доирасида ташкил этилди. Ҳар бир тур учун 15 та савол берилди. Спортча ва брейн-ринг шаклида ўтган ҳар икки ўйиннинг энг кучли жамоалари саралаб олиниб, совриндорлар аниқланди.  

13 август куни “Ўзбекфильм” биносида чемпионатнинг ёпилиш маросими доирасида 3 та жамоа мукофотланди. Спорт версияси бўйича биринчи ўринни олган Россиянинг “Эcлипсе” жамоасига 100 млн сўм, иккинчи ўрин эгаси Россия ва Қозоғистоннинг “Басенжи” жамоасига 60 млн сўм, учинчи ўрин эгаси Россиянинг “Борский корабл” жамоасига эса 40 млн сўм берилди.  

Ёпилиш маросими давомида Ўзбекистон чемпиони “Мистерия

 ва “Басенжи” (Россия-Қозоғистон) жамоалари “брейн-ринг” ўйинининг финалида қатнашишди. 2 та тур доирасида 9 тадан савол берилди. 

Қизиқ маълумот, ўйин бошланишидан аввал машҳур бошловчи, турнир координатори Ян Садовский “Басенжи” жамоасига юзланиб, жамоа аъзоларидан бири Дмитрий Ефренов асли ўзбекистонлик экани, Нукусда таваллуд топгани ҳақида маълумот бериб, ҳар қандай ҳолатда ҳам финални барибир ўзбеклар ютишини ҳазиломуз айтди. 

“Басенжи” жамоаси 2 та турда ҳам устунлик билан ғолиб деб топилди ва уларга тантанали равишда махсус кубог топширилди. 

“Жамоамиз “Заковатга” келиш учун махсус сараланиб, тайёрланди. Турнир тасаввур қилиб бўлмайдиган даражада фантастик ўтди. Мен ўзим бундай ўйинларда 30 йилдан бери қатнашиб келаман. Кўряпман-ку, бу танлов максимал равишда юқори даражада ташкил этилди. Бунинг учун Ўзбекистонга ўз миннатдорлигимни билдираман, вақтимиз жуда яхши ўтди. Эмоцияларимизни тасвирлаб беролмайман, бунинг устига сўз луғатим ҳам 3 мартага бойиди. Ташкилотчиларга яна бир бор раҳмат, бу фантастик бўлди”, – дейди “Басенжи” жамоаси аъзоси Михаил Савшенков. 

“Заковат” интеллектуал ўйини асосчиси Абдурасул Абдуллаев Осиё минтақаси бўйича турнирлар якунланганини, эндиги қадам жаҳонга чиқиш эканини маълум қилди. Унинг айтишича, 2024 йилда “Заковат”нинг жаҳон чемпионати ўтказилади. 

“Таассуротлар бир дунё, кўряпсиз-ку, мана, тадбирга бугунги кундаги энг кучли билимдонлар келди. Улар янги авлод билимдонлари ҳисобланади. Бундай билимдонлар яна 5-10 йилдан кейин дунё бўйича 50 тага чиқади. Ўтган йили Марказий Осиё чемпионатини, бу йил Осиё очиқ чемпионатини ўтказдик, кейинги йилда эса Жаҳон чемпионатини қиламиз, насиб. Бу галги турнирга ҳам катта-ю кичик — ҳаммасини таклиф қиламиз. Клубимиз йигитларига раҳмат, бир неча кун ухламасдан ишлашди. Бунинг ўзи бўлмайди”, – деди “Заковат интеллектуал клуби” ННТ президенти Абдурасул Абдуллаев.

“Бу каби тадбирлар – биз учун тажриба. Кўриб турибмиз, ҳақиқатан кучли жамоалар кўп. Мисол учун, Ўзбекистоннинг энг кучли жамоаси кучли 10 таликка кирди, 9-ўрин бўлди. Бу эса ҳали бунақанги турнирларда кўп чиниқишимиз кераклигини англатади. Кўпчилик улар биздан билимлироқ, бизникиларни билими камроқ деб ўйлашади, аслида бундай эмас. “Заковат” – бу ҳам спортнинг бир тури. Сиз спорт билан қанча кўп шуғуллансангиз, шунча кўп натижаларингиз яхши бўлиб бораверади. Ўзбекистон даражасида энг зўри бўлишингиз мумкин, лекин ўзингиздан кучли рақиблар билан куч синашмасангиз, “қотиб қолаверасиз”. Шунинг учун бунақанги турнирлар бизга керак. Ҳозирча Жаҳон чемпионати ҳақида ўйлаяпмиз. Жаҳон чемпионати ҳам номигагина жаҳон чемпионати эмас, ҳақиқий кенг кўламли жаҳон чемпионати бўлади”, – деди “Заковат интеллектуал клуби” кенгаш аъзоси Хушнуд Худойбердиев. 

Маълумот учун, I Осиё очиқ чемпионати минтақадаги мамлакатлардан ташқари, Европанинг бир қанча давлатдан келган билимдонлар иштирокида ўтказилди. Шу сабабли турнир барча учун қулай бўлган рус тилида ташкил этилди.

Хушнуд Худойбердиевнинг айтишича, келгусида жаҳон чемпионатини шу тилда бўлиши унинг кенг миқёсда профессионал заковатчилар билан ўтказилишини таъминлайди.

Мавзуга оид