Ўзбекистон | 11:25 / 14.08.2023
7667
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон-Қозоғистон ҳамкорлигидаги махсус-тактик ўқув машғулотлари якунланди

Қозоғистоннинг Манғистау вилоятидаги «Оймаша» полигонида «Канжар-2023» махсус-тактик ўқувлари бўлиб ўтди.

Фото: Мудофаа вазирлиги

Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, ўқув-машғулотларининг якуний қисмини икки мамлакат мудофаа вазирлари генерал-майор Баҳодир Қурбонов ва генерал-поковник Руслан Жаксиликов бевосита кузатди.

Жорий йилнинг август ойи бошида Ўзбекистонда компютер қўмондонлик-штаб ўқув машқлари шаклидаги биринчи босқич бўлиб ўтди. Иккинчи босқичда Ақтау гарнизони «Оймаша» полигонида табиий-иқлим шароитида, ҳавонинг юқори ҳарорати ва чанг-тўзонлари билан мураккаблашган ҳолда кундузи ҳам, кечаси ҳам амалий ҳаракатлар ўтказилди.

Ўқув режасига мувофиқ, ҳарбий хизматчилар тезкор куч ва воситалар билан ҳамкорликда шартли душманни яксон этиш бўйича ҳаракатларни бошлади. Махсус бўлинмалар учувчисиз учиш қурилмаларидан фойдаланган ҳолда разведка-қидирув ҳаракатларини олиб бориб, террорчи гуруҳларнинг жойлашган ҳудудни аниқлади.

Шундан сўнг шартли душман жойлашган ҳудуд ўққа тутилди. Махсус бўлинмалар замонавий қуролли можаролар тажрибасидан келиб чиққан ҳолда янги тактик усулдан фойдаланиб, ҳамкорликда яқин масофада жанг қилди.

Меҳмонлар Ақтау шаҳридаги жойлашган ҳарбий қисмдаги шароитлар билан яқиндан танишиб, навбатдаги манзил, яъни денгиз флотидаги қўшинларнинг кемани қўлга олиш ва ҳужум қилиш бўйича тактик машғулотларни кузатди.

Куннинг иккинчи қисмида ҳамкорликдаги ўқув режасига кўра тунги шароитда батальон тактик гуруҳлари ўқув машғулоти ҳам ўтказилиб, ҳамкорликдаги жанговар ҳаракатларини кузатиш билан бирга, баталён командирларининг қарорларини тингланди. Батальон тактик ўқувларида топшириқларни бажариш, қурол-яроғ ва ҳарбий техниканинг энг замонавий намуналарини қўллаш, авиация ёрдамида умумқўшин бўлинмаларига мадад бериш, ўтиш қийин бўлган тоғли ва чўл ҳудудларида, шаҳар шароитларидаги махсус операциялар, бўлинмаларни қўллаб-қувватлаш машғулотлари ўз ичига олди.

Машғулотлар якунида мудофаа вазирлари ҳарбий хизматчиларнинг жанговар қобилиятларини юқори баҳолаб, ҳар икки давлатнинг ҳарбий хизматчиларига жанговар ҳамдўстликни мустаҳкамлашдаги хизматлари учун кўкрак нишонларини топширди.

Мавзуга оид