Ўзбекистон | 13:00 / 14.08.2023
8840
4 дақиқада ўқилади

“Ўзбекнефтгаз” АЖда рақамлаштириш жараёнлари – Моделлаштириш маркази фаолияти ҳақида

11 август куни “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан ОАВ ходимлари учун Моделлаштириш марказида пресс-тур ташкил қилинди. Унда Ўзбекистон нефт ва газ соҳаси тизимидаги рақамлаштириш жараёнлари ҳақида маълумот берилди.

Пресс-турда “Ўзбекнефтгаз” АЖда рақамлаштириш жараёнлари, Моделлаштириш маркази фаолияти билан таништирилди. Хусусан, соҳада рискларнинг олдини олиш, йўқотишларни камайтириш, конларнинг ишлаб чиқариш кўрсаткичларини лойиҳалаш, режалаштириладиган геологик-техник чора тадбирларни самарали ташкил этиш мақсадида амалга ошириладиган “Рақамли кон” концепцияси таҳлил қилинди.

Мазкур концепция асосида углеводород конларини 3D усулида моделлаштириш, мавжуд геологик-техник маълумотларни рақамлаштириш ва ягона маълумотлар базасини шакллантириш ҳамда доимий юритиш учун “Open-space” кўринишда Моделлаштириш маркази ташкил қилинди. Марказ таркибида АҚШнинг “Schlumberger” компанияси билан ҳамкорликда Ўзбекистон нефт-газ саноатининг ягона Миллий маълумотлар базаси шакллантирилди.

“Ўзбекнефтгаз” компанияси газ конларини топиш, конларда қудуқларни бурғилаш, табиий газни қазиб олиш, тайёрлаш ва қайта ишлаш орқали олтингугурт бирикмаларидан тозалаб, “Ўзтрансгаз” ва “Ҳудудий газ таъминоти” компаниялари газ қувурларига етказиб бериш вазифасини бажаради. “Ўзтрансгаз” ва “Ҳудудий газ таъминоти” корхоналари газни истеъмолчиларга етказишни ўз зиммасига олади.

Жамият вакилларининг айтишича, “Ўзбекнефтгаз” тизимида 122 та нефт ва газ конлари ишлатилмоқда. Жамият томонидан янги конларни топиш ва уларни ишга тушириш устида катта ишлар олиб бормоқда. Жорий йилнинг ўзида мавжуд 608 та қудуқларни капитал таъмирлаш ва интенсификация ишлари олиб бориш, янги 123 та қудуқларни бурғилашдан ишга тушириш ҳамда 25 та технологик объектларни ишга тушириш жараёнлари жадал кетяпти.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқарув раиси биринчи ўринбосари Беҳзод Усмонов хориж компаниялари билан ҳамкорлик ҳақида гапирди:

“Дунёнинг ривожланган нефт-газ компаниялари рақамлаштириш асосида фаолият юритади. Бу йўналишдан фойдаланиш ишимиз самарадорлигини оширишда ёрдам беради. Хориждан келган ҳамкорларимиз компаниямизда рақамлаштириш жараёни уларникидан кам эмаслигини таъкидлашади. Ўзбекистондаги нефь-газ конларининг асосий қисми 1970-1980 йилларда топилган бўлиб, ҳозирга келиб уларда газ миқдори камаймоқда. Бу табиий ҳол.

Асосий мақсадимиз – янги горизонтларни, янги конларни очишдан иборат. Янги конларни бурғилаб, улардан газ олиш ишлари олиб бориляпти. Мавжуд конларни эса қудуқларни капитал таъмирлаш ҳамда кичик компрессор станцияларини қуриш орқали сақлаб қоляпмиз. Потенциали кам конлар самарадорлигини оширишда хорижлик ҳамкорлар билан иш олиб бориляпти. Канада, Татаристон компаниялари билан ҳамкорлик ўрнатилган” деди биринчи ўринбосар.

Бугунга қадар E-kon базавий дастурий-техник комплекси, конларни рақамлаштиришнинг ер усти жиҳозлашни тезкор бошқариш тизимли дастури ишлаб чиқилган. Рақамлаштириш бўйича “O’ZLITINEFTGAZ” АЖ томонидан E-kon лойиҳаси жорий йил декабрь ойида якунланади.

“Ўзбекнефтгаз” масъулларининг маълум қилишларича, республика бўйича энг кўп газ Қашқадарё вилоятида, энг кам миқдори эса Фарғона водийсида қазиб чиқарилади. Бугунги кунда энг катта ресурсга эга бўлган конларни топиш бўйича ишлар Устюрт минтақасида амалга оширилмоқда.

Реклама ҳуқуқи асосида

Мавзуга оид