Иқтисодиёт | 12:57 / 17.08.2023
30398
5 дақиқада ўқилади

Хитой Россия нефти ўрнига Эроннинг арзонроқ нефтини афзал кўрмоқда — Bloomberg

Brent маркали нефт нархи ўсиб борар экан, санкция остидаги нефт навлари тобора жозибадор бўлиб бормоқда. Божхона маълумотларига кўра, 2022 йил ўрталаригача Эрондан нефт импорт қилмаган Хитой бугунги кунга келиб суткалик импортни 1,5 млн баррелгача етказган.

Эрон нефт танкери. Фото: obetomnegovoryat.ru

Kpler таҳлилий компанияси маълумотларига кўра, санкциялар остидаги Эрон нефти импорти сўнгги ўн йилликда энг юқори кўрсаткичларга етган, чунки жаҳонда нефт нархи ўсиб бораётгани нархи арзонлаштирилган бу нефтни тобора жозибадор қилмоқда.

Эрон эса нефт экспортини тобора оширмоқда, чунки геосиёсий вазият нуқтайи назаридан шунга шароит етилган. Энг кўп нефт Хитойга етказиб берилмоқда. Пекин томонидан битум қоришмаси импортини назорат қилиш сусайтирилиши ҳам Эронга ўз нефтини шу маҳсулот номи остида маскировка қилиб етказиши, юкларнинг божхонадан тезроқ ўтказиши учун шароит ҳозирлаган, дейишмоқда бозорда иштирок этаётган трейдерлар.

Kpler’нинг баҳолашича, август ойида жаҳоннинг энг йирик нефт импортчиси ҳисобланувчи Хитой Эрондан кунига 1,5 млн баррел хом нефт харид қилмоқда. Бу йилнинг дастлабки 7 ойидаги кунлик ўртача 917 минг баррелга таққосланса, Kpler 2013 йилдан буён кузатиш олиб бораётган кўрсаткичлар ичидаги энг юқориси бўлади.

Июн ойи охирларидан буён эталон ҳисобланувчи Brent маркали нефт нархларининг бешдан бир қисмга ошиши катта қисмдаги нефтни харид қилувчи Хитойнинг Шандонг провинциясида жойлашган мустақил нефтни қайта ишлаш заводларида пасайтирилган нархларда нефт харид қилиш учун рағбат уйғотди.

Трейдерларга кўра, айни пайтда Эроннинг асосий иккита навли нефти Brent навли нефтга нисбатан баррелига 10 фоизлик чегирма билан етказилмоқда, бу Россия нефт навларининг нархидан ҳам пастроқ. Россиянинг Urals навли нефти июл ойида баррелига ўртача 64,37 доллар бўлган, августда унинг нархи 70 долларгача кўтарилди. Эрон нефтини эса Хитойга ташиш ҳам арзон.

Эрон нефтининг Хитойга экспорти. Манба: Kpler

«Белгилаб қўйилган нархлар қанча юқори бўлса, Шандонг нефтни қайта ишлаш заводлари учун Эрон нефтини излаб топишда риск ва даромад нисбати шунчалик яхши бўлаверади», — деган Kpler’нинг нефт бўйича катта таҳлилчиси Ҳумоюн Фалакшоҳий. Унинг сўзларига кўра, Хитой ҳукумат маълумотларида нефт кўпинча Малайзиядан етказилмоқда, дея таснифланади, шунингдек, баъзан у янада арзон Венесуэла нефти билан аралаштирилган бўлса аралашма битум қоришмаси сифатида ҳам кўрсатилиши мумкин.

Мустақил нефтни қайта ишловчилар, жаргонда «чойнаклар» ўз нефт импорти бўйича квотасини сарфлаб қўймаслик учун Эрон нефтини битум аралашмаси сифатида маскировка қилишмоқда.

Апрел ойида Хитой ҳукумати Шандонг провинциясида хомашё импортини текширишни бошлаганди, бу Эрон ва Венесуэладан оғир нефт навлари оқиб киришини бир муддат тўхтатиб турган эди. Ўшандаги текширув сабаблари ҳануз аниқ эмас, бироқ трейдерларнинг айтишича, назорат яқиндан бошлаб яна сусайтирилган.

Хитойга нефт оқимларини кузатиш билан шуғулланувчи яна бир компания Vortexa Ltd.га кўра, жорий ойда Хитой кунига 1 млн баррел Эрон нефтини харид қилган, бу борада рекорд 2022 йил декабрида рўй берган — 1,3 млн баррел. Танкерларни кузатувчи фирмаларнинг бир-бирига зид баҳолари оқимлар таҳлилининг турли усулларидан фойдаланишлари билан боғлиқ бўлиши мумкин.

«Нефт хомашёси импортига квоталар ва нефт зомашёси бўлмаган маҳсулот стандартларидаги ноаниқлар Хитойнинг августда нефт импорт қилишини тўхтатиб турибди», — деган Vortexa таҳлилчиси Эмма Ли. Унинг сўзларига кўра, Эрон нефти экспорти ўсишининг бир қисми сузувчи омборлар ҳиссасига ҳам тўғри келиши мумкин.

Соҳа Kpler ва Vortexa каби компаниялар маълумотларига таянишга мажбур, чунки Эрон нефтининг хариди Хитой божхонаси маълумотларига киритилмайди. Божхона маълумотларида 2022 йил июнидан буён ҳеч қандай импорт кўрсатилмаган.

Кўпинча аралашма битум қоришмаси сифатида таснифланган Эрон нефти сўнгги вақтларда «бошқа оғир нефт» сифатида ҳам кўрсатилмоқда. Божхона маълумотларига кўра, бошқа навли нефт импорти июн ойида май ойига нисбатан 88 баробарга кўпайган, битум қоришмаси хариди эса 4 баробарга. Малайзия ҳар икки тоифадаги нефтнинг энг йирик етказиб берувчиси ҳисобланади. 

Мавзуга оид