Жаҳон | 08:00 / 27.08.2023
29171
3 дақиқада ўқилади

Трамп қатнашмаган дебатда миллионер ҳинд ютди. У ўзи ким?

Келаси йил АҚШдаги президентлик сайловида иштирок этишни истаётган республикачи номзодлар ўртасидаги илк дебатларда кутилмаган натижа рўй бериб, келиб чиқишига кўра ҳиндистонлик бўлган миллионер Вивек Рамасвали устун келди.

Республикачилар дебатларидаги ягона аёл номзод Никки Ҳейли бўлди, у ўтмишда АҚШнинг БМТдаги доимий вакили лавозимида ишлаган. Фото: Reuters

Ғолибга собиқ президент Доналд Трамп муносиб қаршилик қилиши мумкин эди, аммо Оқ уй раҳбарлигига қайтишига ишонаётган Трамп пайшанба куни Жоржиядаги Фултон қамоқхонасида эди. Тергов ҳибсхонасида 20 дақиқа бўлганидан кейин собиқ президентга навбатдаги айблов ўқиб эшиттирилди.

Ишончли ғалаба

Дебатлардаги бутун биринчи раунд давомида устунликка эга бўлган Рамасвами бошқа республикачилардан ажралиб турганди. Масалан, фаолияти давомида бирорта сайловни ютқазмаган АҚШнинг БМТдаги собиқ вакили Никки Ҳейлидан фарқли ўлароқ Рамасвами ҳали ҳеч бир сайловда иштирок этмаган ҳам. Бундан ташқари, унинг тан олишича, АҚШдаги охирги 4 та президентлик сайловларида ҳатто сайловчи сифатида ҳам қатнашмаган.

Келиб чиқишига кўра ҳиндистонлик бўлган номзод дебатлар давомида ўзини республикачилар сиёсий истеблишментига чақирув ташлаётган аутсайдер сифатида кўрсатишга ҳаракат қилиши табиий эди. У республикачи номзодлар орасида Украинанинг НАТОга киришини қўлламайдиган ва Москвага ерларини бериши керак деб ҳисоблайдиган ягона номзод.

Рамасвами Мексика билан чегарани доимий армия ҳарбийлари қўриқлаши ва АҚШ компанияларига Хитой билан ҳамкорлик қилишни тақиқлаш кераклиги ҳақида радикал таклифларни ҳам илгари сурди. Ҳозирча бундай чиқишлар унинг фойдасига ишламоқда. Кўпчилик дебат давомида унда фақат Рамасвами қатнашаётгандек таассурот туйганини айтган.

Муҳокамалар давомида Рамасвами рақибларининг босимларини осон енгиб ўтган ва уларнинг номзод бўлишга интилиши самимий эканига шубҳа билдирган. Хусусан, Никки Ҳейлига Украинадаги урушга нисбатан позицияси кейинчалик ҳарбий ишлаб чиқариш пудратчилари кенгашидан жой олишни истаётгани билан боғлиқ эканини айтган.

«Мен бу саҳнада ҳеч кимдан пул олмайдиган ягона одамман», деди номзод ва унинг бу гапи қолган рақобатчиларида кескин эътирозлар уйғотди.

У республикачи номзодлар орасида Украинанинг НАТОга киришини қўлламайдиган ва Москвага ерларини бериши керак деб ҳисоблайдиган ягона номзод. Фото: Reuters

Икки дипломли миллионер

38 ёшли Вивек Рамасвами Оҳайо штатида ҳиндистонлик муҳожирлар оиласида туғилган. Ота-онаси уни ҳинд одатлари бўйича тарбиялаган, лекин кейинчалик католик мактабига берган. Ҳарвардда биология бўйича ўқишни тамомлаган Рамасвами таълимни давом эттиради ва Йел университетининг ҳуқуқ факултетига ўқишга киради.

Иккинчи таълим билан бирга инвесторлик фаолиятини олиб борган Рамасвами мўмайгина пул ишлай бошлайди. Ўзининг айтишича, ўқиш давомида бир неча миллион доллар пул топган.

2014 йилда Roivant Sciences компаниясига асос солиб уни бошқаради. Унинг корхонаси йирик фармацевтика компанияларидан ҳали охирига етмаган ва тўлиқ ишлаб чиқилмаган препаратлар патентини сотиб олиб, шундан пул ишлайди.

Рамасвами 2021 йилда директорлар кенгашидан кетади. 2023 йилда Forbes Вивен Рамасвамининг бойлигини 630 миллион долларга баҳолаган.

Мавзуга оид