АҚШда ултраўнгчилар собиқ етакчиси Капитолийга ҳужум иши бўйича 17 йилга қамалди
Proud Boys ултраўнгчилар гуруҳи собиқ раҳбари Жозеф Биггс Капитолийга бостириб киришда иштирок этгани учун 17 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бу 2021 йил 6 январдаги тартибсизликлар иши бўйича иккинчи энг қаттиқ ҳукмдир.
31 август, пайшанба куни АҚШ суди Proud Boys («Мағрур йигитлар») ултраўнгчилар гуруҳининг собиқ раҳбари Жозеф Биггсни 2021 йил 6 январ куни Капитолийга бостириб киришда иштирок этгани учун 17 йилга озодликдан маҳрум қилди. Май ойида Вашингтондаги ҳакамлар ҳайъати Биггс ва унинг уч тарафдорини фитна ҳамда исёнга ундашда айблади.
Суд қарорида айтилишича, Ироқ уруши фахрийси ва Infowars конспирологик сайтининг собиқ мухбири Биггс «ҳукуматга қарши қўзғолон»ни бошқариш учун «ўзининг ҳарбий тажрибасидан катта одамлар гуруҳларини йўналтириш ва назорат қилиш мақсадида фойдаланган». Шунингдек, унда айтилишича, «Биггс ўзини ва ҳаракатини иккинчи Америка инқилоби жангчилари сифатида кўрган, бунда у ва бошқа «ватанпарварлар» куч билан ҳокимиятни қайтариб олишни режалаштирган».
Прокуратура Биггсни 33 йилга озодликдан маҳрум этишни сўраган. Бироқ, судя Тимоти Келлининг таъкидлашича, у «зўравонлик кўламини пасайтиришга уринмаётган бўлса-да», 6 январдаги тартибсизликлар кўп сонли қурбонларга олиб келмаган. Бундан ташқари, Биггс учун қаттиқроқ ҳукм тартибсизликларнинг бошқа иштирокчиларига берилган ҳукмлардан фарқ қилади, деди Келли.
Биггснинг ўзи эса жараён давомида қилмишидан пушаймон бўлиб: «Мен террорчи эмасман, қалбимда нафрат йўқ», деди.
2021 йил қишда Капитолийга ҳужум
2021 йилнинг 6 январида ўша пайтдаги президент Доналд Трампнинг минглаб тарафдорлари АҚШ Конгресси амалдаги давлат раҳбари Жо Байденнинг президентлик сайловларида ғалаба қозонганини тасдиқламаслиги учун Капитолий биносига бостириб кирди. Оқибатда тўрт нафар тартибсизлик қатнашчиси ва бир полициячи ҳалок бўлди, яна 140 нафар полициячи яраланди.
Ҳаммаси бўлиб, Капитолийга бостириб кириш бўйича тергов давомида мингдан ортиқ одамга, жумладан Трампнинг ўзига ҳам айбловлар қўйилди. Oath Keepers («Қасамёд қилувчилар») ўнг гуруҳи асосчиси Стюарт Роудсга 25 май куни чиқарилган ҳукм энг қаттиқ жазо бўлиб қолмоқда - унга 18 йил қамоқ жазоси берилган. Собиқ десантчи, кейинчалик адвокат бўлган Роудс суд жараёнида ўзини «сиёсий маҳбус» деб атаган.
Мавзуга оид
12:00 / 04.10.2024
Прокурор: Трамп Капитолийга ҳужум иши бўйича дахлсизликка эга эмас
11:12 / 08.12.2023
Капитолийга ҳужум: собиқ полициячи 11 йилга қамалди
10:11 / 12.08.2023
Суд Трампга Капитолийга ҳужум ҳақидаги маълумотларни ошкор қилишни тақиқлади
09:02 / 02.08.2023