Ўзбекистон | 11:08 / 02.09.2023
13250
3 дақиқада ўқилади

Тарихий бинодаги замонавий маскан – Республика болалар кутубхонасидан фоторепортаж

Республика болалар кутубхонасининг қарийб 150 йиллик тарихий биноси ўзига хослигини сақлаб қолган ҳолда қайта таъмирланиб, яна китобсеварлар учун ўз бағрини очди. 200 мингга яқин маънавий фондни сақлаётган бино нафақат классик кутубхона, балки болалар учун бошқа кўплаб машғулотларга ҳам замин бўлади. Kun.uz мухбири болалар кутубхонасидан фоторепортаж тайёрлади.

31 август куни Республика болалар кутубхонасининг очилиш маросими бўлиб ўтди. 2020 йилда бошланган таъмирлаш ишларини “Ludi Architects” меъморчилик бюроси лойиҳаси бўйича амалга оширилди.

Кутубхона биноси бой тарихга эга. У XIX аср охирларида қўқонлик тадбиркорлар томонидан қурилган, кўп ўтмай бино сотиб юборилиб, унга Тошкент шаҳар думаси ва Жамоат йиғини жойлашади, турар жой қисми эса болалар кутубхонасига айлантирилади.

Ўтган асрнинг 60 йилларида Алишер Навоий номидаги давлат кутубхонасининг Ўсмирларга хизмат кўрсатиш бўлими бу ерга кўчади. Кейинчалик у тўлиқ Республика болалар кутубхонаси тасарруфига берилган.

Маълум қилинишича, кутубхонанинг китоб фонди 1965 йилдан бошлаб шакллантирилиб, 200 минг жилдга яқин нашрдан иборатдир. Қайта таъмирлаш ишлари мобайнида у кенгайтирилиб, яна 21 минг китоб қўшилган. Бунда Ислом, Европа ва замонавий санъатга оид китоблар жамланмаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Масканда китоб фондининг сифат даражасини назорат қилиш мақсадида “Irbis” электрон кутубхона бошқарув тизими жорий этилди. Бу ерда тизимлаштириш, тоифалаштириш, ўқувчиларни излаш, китобларни бериш ва маъмурий бошқарувга оид замонавий технологиялар татбиқ этилган.

Кутубхона нафақат оддий ўқиш зали, балки халқаро стандартларга жавоб берувчи кўп функционал аҳамиятга эга бўлган. Бу ерда ўзига хос дизайнга эга қулай парталар, маърузаларни тинглаш, ўқиш, дам олиш учун модуллар, аудио контент билан ишлаш, компьютер синфлари, кичик босмахона, овоз ёзиш студияси ҳам мавжуд.

Шунинг ҳовлида кичик амфитеатр ҳам бор.

Қайта қуриш лойиҳаси муаллифи, меъмор Любов Леонтева бинонинг ички қисмида пардоз ишлари давомида қизиқарли топилмаларга дуч келингани ҳақида айтди.

Улар орасида ХХ асрнинг 60 йилларига мансуб манзарали деворий суратлар ҳам бор. Ташриф буюрувчилар кутубхонанинг ички қисмидаги реставрация қилинган ранг тасвир намуналарини томоша қилишлари мумкин бўлади.

Расмлар муаллифи: Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид