Ўзбекистон | 10:03 / 04.09.2023
11412
2 дақиқада ўқилади

Навоийда экология ходими дарахт кесишга рухсат бериши учун пора олаётганда ушланди

У Навоий шаҳрида қурилиш фирмасидан кесиб ташланган 3 туп дарахт учун табиатга етказилган 92,4 млн сўм зарарни ундирмаслик ҳамда яна 4 туп дарахтни кесиб ташлашга рухсат бериши учун 163 млн сўм талаб қилган.

Фото: Навоий вилояти ИИБ

Навоий вилояти Табиат ресурслари бошқармаси Ўрмонларни ривожлантириш ва чўлланишга қарши курашиш шуъбаси бош мутахассиси М.Р. ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда қўлга олинди. Бу ҳақда Kun.uz’га вилоят ИИБ хабар берди.

Маълум қилинишича, “I.G.N.” МЧЖ иш бошқарувчиси Ш.Ҳ. вилоят ИИБ раҳбари номига ариза билан мурожаат қилган. У аризасида МЧЖ томонидан Навоий шаҳрида кўп қаватли турар жой қурилаётгани, экология ходими М.Р. қурилиш ишларини амалга ошириши учун 4 дона тут дарахтини кесиб ташлашга рухсат бериши, шунингдек, фирма раҳбари томонидан олдинроқ кесиб ташланган 3 туп тут дарахтига ҳисобланган 92,4 млн сўм табиатга етказилган зарарни ундирмаслик эвазига 163 млн сўм талаб қилганини билдириб, унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

28 август куни М.Р. ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда аризачидан келишилган пулни олган вақтида ушланган. Ҳозирда ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.  

Олдинроқ Навоий вилояти Кармана тумани Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўлими бошлиғи кесиб ташланган дарахтлар учун баённома расмийлаштирмаслик эвазига фуқародан 10 млн сўм олаётганда ушланганди.

Мавзуга оид