Жаҳон | 22:27 / 20.09.2023
8991
2 дақиқада ўқилади

Ғарбдаги лоббиларнинг Озарбойжон–Арманистон низосига таъсири қандай?

Сиёсатшунослар Камолиддин Раббимов ва Суҳроб Бўронов Қорабоғ зиддиятида АҚШ ва Франциядаги арман лоббиларининг таъсири қай даражада экани ҳақида сўз юритди.

Камолиддин Раббимов:

— Францияда арман лоббиси жудаям кучли. Чунки 20-асрда кўзга кўринган санъат арбоблари, қўшиқчилар ва бошқа намояндалар Франция тафаккурига Арманистон тўғрисида жуда ҳам ижобий сигналлар берган. Шарл Азнавурнинг ўзи Франция маданияти учун жуда ҳам катта шахс бўлган.

АҚШда ҳам арман лоббиси бор. Лекин глобаллашган дунёда бир томонда Туркия, Озарбойжон, Марказий Осиё манфаатлари турибди. Кавказ минтақасида Озарбойжон сўнгги 30 йилда Россияга яқинлашмаган ва Ғарбга талпинган давлат бўлса-да, бу яқинлашиш НАТОга ёки ЕИга киришга уриниш бўлмаган. Асосан иқтисодий ва геосиёсий мақсадлар кўзланган. Дейлик, Озарбойжон Исроил билан жуда яқин алоқаларда, Исроил урушда ҳам тўлиқ қўллаб-қувватлади. Бундан ташқари, авторитар давлат бўлса-да, АҚШ билан муносабатлари яхши ва узоқ йиллик. Ички сиёсатида маълум бир зиддиятлар мавжуд бўлса ҳам, Кавказдаги Ғарбга йўналиш олган давлат ҳисобланади.

Суҳроб Бўронов:

— Минтақадаги вазият кескинлашиб кетадиган бўлса, Арманистон олдида иккита танлов қолади. Биринчиси: АҚШдаги лоббиларини ишга солиш, чунки анчагина катта таъсирга эга улар. Бу ҳолатда яҳудий лоббиси ва арман лоббиси ўртасида кураш бўлиши мумкин, буни ҳам эътиборга олиш керак.

Иккинчиси эса Эрон танлови бўлади. Бу икки танлов бир-биридан анча узоқ. Менимча, Эрон танлови қийин масала. Ҳозир Арманистоннинг Ғарб билан алоқалари кўпроқ. Лекин Эрон Арманистон розилигисиз ҳам бу ҳудудга ўз таъсирини кўрсатиши мумкин.

Мавзуга оид