Ўзбекистон | 22:12 / 20.09.2023
6779
2 дақиқада ўқилади

Турон чўллари ЮНЕСКО Бутунжаҳон табиий мероси рўйхатига киритилди 

Ҳудуднинг Ўзбекистонга доир қисми Оролбўйи минтақаси ва Устюрт платосида жойлашган 2 млн гектардан ортиқ майдонни эгаллайди. 

Фото: Экология вазирлиги

Ўзбекистондаги Турон чўллари трансчегаравий табиат объекти ЮНЕСКО Умумжаҳон табиий мероси объектлари рўйхатига киритилди. Бу ҳақда Экология вазирлиги хабар берди. 

Ушбу объектни ЮНЕСКО рўйхатига қўшиш масаласи «Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарорида кўзда тутилган эди. 

Мўътадил минтақадаги Турон чўллари Умумжаҳон табиий мероси объектлари рўйхатига киритилган Ўзбекистондаги иккинчи объект ҳисобланади. Ҳудуднинг Ўзбекистонга доир қисми Оролбўйи минтақаси ва Устюрт платосида жойлашган 2 млн гектардан ортиқ майдонни эгаллаган бир-бирига чегарадош бешта таркибий қисм — Сайгачи, Сайгачи-Белеули, Сайгачи-Дуана, Сайгачи-Жидейли (барчаси Шимолий Устюрт кластерига киради) ҳамда Жанубий Устюртдан иборат. 

2016 йилда Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон иштирокидаги «Ғарбий Тян-Шан» объекти ушбу рўйхатдан ўрин олган. 

Турон чўлларининг ЮНЕСКО рўйхатига киритилиши ҳудуднинг 1972 йилги Умумжаҳон маданий ва табиий меросни муҳофаза қилиш тўғрисидаги конвенцияси муҳофазасида бўлишини тақозо этади. Бундан ташқари, объектни самарали бошқариш, улардаги флора ва фаунани сақлаш бўйича илғор халқаро тажрибани ўрганиш ва ҳамкорликни янада ривожлантиришга кенг йўл очиши таъкидланмоқда. 

Мавзуга оид