Ўзбекистон | 14:56 / 21.09.2023
19336
12 дақиқада ўқилади

Марлендан Ишанигача. Ноодатий исмларнинг пайдо бўлиш тарихи ва ижтимоий аҳамияти ҳақида 

Маркс, Фрунзе, Фидел, Марлен, Инқилоб, Октябр. Бу каби исмлар ўтган асрда ўзбекистонлик ўзбеклар орасида кенг тарқалди. Оилада туғилган фарзандга у ёки бу сабаб билан шундай исмлар қўйилиши одат тусига кирди. Ҳозир ҳам шу каби исм соҳибларининг аксарияти билан замондошмиз. Хўш, ўзбек миллати орасида бу каби ноодатий исмлар қандай пайдо бўлганди, нега бу қадар оммалашди? Шу каби саволларга филология фанлари доктори Ёрқинжон Одилов жавоб излади.

Фото: Kun.uz

Тил халқнинг ҳаёти билан доимо таъсирлашувда туради. Шунинг учун халқ турмушидаги ўзгаришлар ва янгиланишларни акс эттириши табиий кечади. Тилдан ташқарида юз берадиган ўзгаришларнинг тилга таъсири шу даражада каттаки, у миллий дунёқарашнинг янгиланишига, миллий менталитетнинг ўзгаришига ҳам сабаб бўлади. Масалан, ислом динининг Ўрта Осиёда кенг тарқалиши ва сингиши ерли халқлар маънавий ҳаётининг барча соҳаларида бўлгани каби уларнинг болани номлаш одатлари ҳамда анъаналарига ҳам катта таъсир кўрсатди. ХХ асрнинг биринчи чорагидан бошланиб қарийб етмиш йил давом этган шўро мафкураси, советча тутум, янгича иқтисодий сиёсат ўзбек халқининг минг йиллик ҳаёт тарзини кескин ўзгартирди, асосан исломий ақидалар таъсирида яшаган ўзбеклар ҳаётга советча кўз билан қарашга ўтди. Мафкуравий таъсирлар орқали халқнинг бутун ақлий-руҳий оламига кириб бориш йўлидан борилди. Ва бундай таъсирлар чоракам бир аср давом этди.

Шўроча дунёқараш таъсири ўзбек исмчилигида илгари кўрилмаган Маркс, Фрунзе, Фидел, Марлен, Инқилоб, Октябр сингари исмларни юзага келтирди. Ҳозир бирмунча ғалати туюладиган мазкур исмлар фақат шаҳарлик ўзбек оилаларидагина эмас, марказдан узоқда истиқомат қиладиган оилалар фарзандларига ҳам исм сифатида қўйилди. Кимдир ўша даврнинг алломаларига ҳавас қилиб, яна кимдир ўша даврнинг муҳим сиёсий воқеалари арафасида туғилгани учун, яна кимдир ўз эътиқодининг рамзи сифатида, бошқа бири кимларгадир тақлид қилиб фарзандига шундай исмларни танлаган. Диққат қилинса, советча исмларни қўйган кишилар дунёқарашида шундай тутум нормал ҳолат саналган.

Таниқли ёзувчи Аҳмад Аъзам бир ҳикоясида Марлен исмли кишининг тилидан ўз исмининг қўйилишига сабаб бўлган яна бир мотивни беради. Ушбу мотив ўша даврда айрим кишиларда шаклланган дунёқарашни ва бундай дунёқарашнинг исм беришга таъсирини кўрсатади: Ҳа, айтганча, аввал танишиб олайлик, менинг отим Марлен, йўқ, бошқа миллатдан эмас, ўзбекман, шу, отамиз анув қама-қама йиллари кўп азоб тортиб (шу ҳозир аниқ эсимда қолмабди, бобоси қамалиб йўқ бўлиб кетганми, отасими, ишқилиб, репрессияни бошидан ўтказган), ҳукуматга яхши кўринмасам бўлмайди деб, отимни Маркс билан Лениннинг қисқартмаси қилиб Марлен қўйган... («Марлен деган одам» ҳикоясидан)

Мафкуранинг дунёқарашга, тилга таъсири аниқ ва бу таъсирлашув мунтазам давом этади. Шу маънода тилшуносларимиздан бири октябрь инқилоби шарафига Рево деб исм олган бир кишининг кейинроқ – мустақиллик йилларида исмини Равшан деб ўзгартиргани ва буни элга маълум қилиб ош берганини ёзган эди. Жамиятдаги, дунёқарашдаги ўзгаришлар сабабли кишиларнинг ўз исмини бошқасига ўзгартиришдек бундай ҳолатлар ҳам тилдан ташқари омилларнинг тилга таъсири катталигини исботлайди.

Тоҳир Маликнинг «Пўртанали уммонда сузар ҳаёт қайиғи» асарида мафкуравийлашган исмларнинг юзага келиши собиқ иттифоқ даврининг маҳсули эканлиги қайд қилиб ўтган эди: Таъбир жоиз бўлса, исмлар «сиёсийлашди»: «Вилор» – «Владимир Илич Ленин Организатор Революции»; «Мэлс» – Маркс, Энгелс, Ленин, Сталин»; «Марлен» – Маркс, Ленин; немис коммунисти Эрнст Телманга ҳавас қилиб ўғилларга «Телман»; инқилобчи аёл Клара Цеткинга маҳлиё бўлиб қизларига «Клара» қўйиш йигирманчи йилларда бошланиб, узоқ вақт давом этди. Санъатшунос акамизнинг исмлари «Фрунзе» эди. Қирғизлар бошкентлари номини ўзгартиришганда ҳажвчи акамиз Неъмат Аминов у кишига «Энди сиз Бишкек Жўраев бўлдингиз», деб ҳазиллашган эдилар.

Ёзувчи Н. Аминовнинг мазкур ҳазили чинга айланган, шекилли, Саид Аҳмад домла ҳам «Умрим баёни» асарида Фрунзе исмининг Бишкек деб ўзгартирилишига тўхталади: Америкадан қайтиб келганимда яна бир янгилик кутиб турган эди. Билмадим, ростми-ёлғонми, Фрунзе Жўраев устозига садоқат билдириб, Фрунзе Жўраев деган исми шарифини «Бишкек Жўраев» деб ўзгартирган эмиш

Ўзбекка ўзлигини қайтарди истиқлол исмчилигимизга ҳам ўз таъсирини ўтказди, ўзбек жамиятида асрий миллий анъаналаримиз, диний қадриятларимизга мос исм танлашда дастимизни узун қилди. Қарийб бир асрдан ортиқ давом этган истибдоднинг бир қарашда кўзга ташланадиган ва ташланмайдиган таъсир-у таҳқирларини юлиб-юлқиб ташлади. Ўзбек турмушида юз берган янги ва яхши ўзгаришлар исмчиликда ҳам шунга мос тенденцияларни пайдо қилди. Бу даврга келиб исм беришнинг исломгача бўлган туркийча (ўзбекча) расм-русумлари «исломчасига, мусулмончасига номлаш» одатлари билан алмаша бошлади. Чақалоққа ном бериш ислом динининг маълум талабларини бажо келтириш асосида (масалан, чақалоқнинг қулоғига азон айтиш, чақалоққа диний тушунчали исмлар танлаш ва бошқалар) амалга ошириладиган бўлди. (Бегматов Э. Ўзбек тили антропонимикаси. – Тошкент: Фан, 2013. 190–191-бетлар). Шундай тенденциялардан бири келиб чиқиши арабча бўлган ва диний маъно-мазмуни билан характерланадиган исмларнинг қўйилишининг фаоллашганлигидир. Номшуносликнинг катта билимдони Эрнст Бегматов ҳам туркий халқларнинг ислом динига ўтиши унинг антропонимиясига катта таъсир кўрсатганини, диний мотивларнинг исм танлашда етакчилик қилишини алоҳида таъкидлаган эди. (Бегматов Э. Ўзбек тили антропонимикаси. – Тошкент: Фан, 2013. 149-бет)

2017 йил 22 майда «Kun.uz» сайтида «Ўзбекистонлик уламолар болага айрим исмларни қўйишни тавсия этишмади» сарлавҳали савол-жавоб тарзидаги суҳбат эълон қилинган. Унда юртдошларимиз диний уламоларга исломий исмлар ва уларнинг маънолари билан боғлиқ саволларни берган. Улардан айримларини фикр далили учун ҳавола қиламиз:

Савол: Яқинда ўғилли бўлдик, исмини Алазим қўймоқчимиз. Бу исм Яратганнинг исмларидан бири, бандаларга Абдулазим деб исм қўйилади, дейишди. Катта ўғлимнинг исми Алазиз, унинг ҳам исмини ўзгартириш лозим, деб айтишди. Ушбу масалада тушунтириш берсангиз.

Жавоб: Ҳа, исм қўйишда Аллоҳ таолонинг гўзал исмлари олдига «абду» сўзини қўйиб, исм қўйилади. Сиз Абдулазим деб исм қўйинг. Катта ўғлингизнинг Алазиз исмини эса Азиз деб ёки Абдулазиз деб ўзгартиринг. Исм қўйиш муҳим амал ҳисобланади. Шунинг учун инсон ўзига ёқиб қолган исмни фарзандига қўйиб юборавермай, бу исмнинг маъноси нима ва шу исмни қўйиш мумкинми ёки йўқми, бу ҳақида илм эгаларидан сўраб, сўнг исм қўйиши лозим бўлади. Минг афсус, мусулмон халқимиздан айрим кишилар ўз фарзандларига мусулмон бўлмаган, ижтимоий ҳаёт тарзи бизга номаълум бўлган футбол юлдузлари каби спортчиларнинг исмини ёки баъзи ҳинд актрисаларининг исмини қўйишяпти. Бундай исм қўйиш фарзанднинг ҳақини поймол қилиш ҳисобланади.

Савол: Аллоҳ насиб этиб, ўғил фарзандли бўлсам, Аъмалмуҳаммад деб исм қўйсам бўладими?

Жавоб: Сиз айтган исм тўғри маънони англатмайди. Шунинг учун бундай исмни қўйишдан сақланинг.

Ёки бошқа бир ўринда Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати масъул ходимига йўлланган саволларда исломий нуқтаи назардан жоиз бўлган исмлар, масалан, Абдурасул, Абдураҳмон, Робия, Маҳдий ва бошқа исмларнинг маъноси, Марат, Ўлмас, Гулнора, Наргиз, Шаҳруза сингари исмларнинг диний одобларимизга қай даражада мувофиқлиги сўралган. Улардан бирини ҳавола қиламиз: 

Савол: Паспортимдаги исмим – Ўлмас. Ёшлигимда кўп касал бўлганим учун шунақа исм қуйишган экан. Тўхтамурод деган исмим ҳам бор. Паспортимдаги Ўлмасни Тўхтамуродга ўзгартирсам бўладими? Динимизда Тўхтамурод исми жоизми?

Жавоб: Ва алайкум ассалом! Биринчи исмингиз ҳам ножоиз исм эмас. Чунки сизни исмингизда «бу одам ҳеч қачон ўлмайди» деган эътиқод маъноси йўқ. Балки, айтганингиздек, «соғ-омон униб улғайсин», «узоқ умр кўрсин» деган умидда қўйилган. Иккинчиси ҳам жоиз. Алмаштирмасангиз ҳам бўлади. Ихтиёр ўз қўлингизда. Валлоҳу аълам!

Мазкур саволлардан юртдошларимизнинг ислом динимизга мувофиқ келадиган исмларни излаётганлиги, ўзи қўймоқчи бўлган исмнинг маъносига обдан диққат қилаётганлиги, бунда исм ва эътиқод уйғунлигига эришишга интилаётганлиги маълум бўлади. Танланмоқчи бўлган исмнинг маъносига бу қадар диққат қилиш лисоний диднинг ўткирлашаётгани, эътиқоднинг тиниқлашаётганидан дарак беради.

Исмларнинг маъносини билишда беминнат дастёрга айланган «исмлар.cом/уз» сайтидаги маълумотга кўра, Муҳаммад, Мустафо, Имрон, Али, Умар, Мадина, Мубина, Муслима, Имона, Мафтуна исмлари маъноси энг кўп қидирилган исмлар экан. Демак, мазкур исмлар халқимизни кўпроқ қизиқтирган. Муҳаммад, Али, Умар исмлари мустақилликкача ҳам кўп учрайдиган исмлардан бўлган, бироқ Мадина, Мубина, Муслима, Имона кабилар мустақиллик йилларида фаоллашган исмлардир.

Вақт ўтиши, фикр-қарашларнинг ўзгариши жамият аъзоларининг нарса-ҳодисаларга муносабатини ҳам ўзгартиради. Одамларнинг исм қўйиш маданияти, тутуми ҳам ўз даврига ҳамқадам янгиланиб, ривожланиб боради. Муайян даврда оммалашган айрим исмлар маълум муддат ўтгандан кейин машҳурлигини йўқотиши табиий бир жараёндир. Ҳаёт суръатлари ниҳоятда тезлашган глобаллашув замонида ўзбек исмларининг таркибий янгиланиши айниқса сезиларли ва ундаги ижобий тенденцияларни биз ҳам маъқуллаймиз, аммо исмларнинг ўзбек тилининг фонетик-орфоэпик меъёрларига мос бўлмаган ҳолда ўзгартирилаётганлигига қўшилмаймиз.

Ўзбек исмларини миридан сиригача ўрганган Э.Бегматов шу ва бошқа «янгиланиш»лардан куйиниб, сўнгги йилларда болага «замонавий» исмларни ахтариш, исмларнинг фақатгина чиройли ва мазмунан ижобий бўлишини исташ ўзбек тилида узоқ даврдан бери истеъмолда бўлган исмларни «чиройли» ва «хунук», «замонавий» ва «эскирган» тарзида ажратишга сабаб бўлаётганидан ёзғирганида, бизнингча, ҳақ эди. (Бегматов Э. Ўзбек тили антропонимикаси. – Тошкент: Фан, 2013. 151-бет) Ҳурматли олимимизнинг фикрлари тўғри, бироқ буни тўхтатиш ҳам имконсиздек, назаримизда. Қадим исмларнинг қўйилишидан тийилиш яқин йилларнинг эмас, бундан олтмиш-етмиш йиллар аввал бошланган тутумдир. Бугунги кун одами учун болани этник урфларга риоя қилиб, ахлоқий-тарбиявий томонларини ўйлаб, диний эътиқоддан келиб чиқиб, уканинг исмини аканикига, сингилнинг исмини опаникига уйқаш қилиб исм қўйишнинг ўзи етарли бўлмай қолди. Жарангдорлик, оригиналлик, камёблик исмчиликда асосий мотивларга айланмоқда. Етарлича ҳаётий тажрибанинг йўқлиги ёки баъзида ўзбилармонликнинг оқибатида сериал қаҳрамонлари ёки чет эллик спортчиларга ҳавасмандлик ортидан Ишани, Ривалдо каби исмлар қўйилмоқда. Ҳозир-ку бу исмлар фарзанд учун ғайритабиийдек туюлмас, аммо кексалик ёшига етганда Ишани хола, Ривалдо тоға тарзида мурожаат қилиш айтувчига ҳам, исм эгасига ҳам эриш туюлиши аниқ.

Хуллас, муайян даврнинг ўз моддий, маънавий эҳтиёжлари бўлади. Бу эҳтиёжлар жамият ҳаётининг барча жабҳасига ўз талабларини қўяди. Замона зайли болага исм бериш одатларига ҳам таъсир кўрсатади, даврига хос исмлар захирасини шакллантиради. Бироқ бу инсон таъсиридан, унинг онгли аралашувидан тамомила ташқари жараён эмас. Жамиятнинг илғор зиёли қатлами бундай миллий масалаларда сергак бўлиши, бирда номувофиқ, бирда номуносиб кўринган жараёнларда ўзини дахлдор сезиши лозим. 

Ёрқинжон Одилов

Ўзбекистон Фанлар Академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фолклори институти бўлим мудири, филология фанлари доктори, профессор. 

Мавзуга оид