Ўзбекистон | 11:19 / 23.09.2023
13318
2 дақиқада ўқилади

Бухородаги Арк қўрғонида “Археологик парк” очилди

Эндиликда сайёҳлар “Археологик парк”да қалъанинг сақланиб қолган асосини кўриб, кўҳна Бухоро манзараларини кузатишлари, шунингдек, истакларига кўра археологик қазишма ишларида бевосита иштирок этишлари мумкин. 

Фото: Бухоро вилояти ҳокимлиги

22 сентябр куни Бухоро шаҳридаги Арк қўрғонида яратилган “Археологик парк”нинг очилиш маросими ўтказилган. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, 1920 йил Бухорони ишғол этиш пайтида қадимий қўрғоннинг учдан икки қисми буткул вайрон қилинган. Шу боисдан мазкур ҳудуд сайёҳлар назаридан “иҳоталанган” эди. Орадан 103 йил ўтиб айни кунда қарийб 4 гектар майдонни эгаллаган Арк қўрғонининг вайронага айланган қисмида хорижий ва маҳаллий сайёҳлар учун янги туристик маскан – “Археологик парк” ташкил этилди.

Мазкур “Археологик парк”да шаҳар меҳмонлари қалъанинг бугунги кунгача сақланиб қолган асосини кўриб, қазишма ишлари билан танишишлари, Бухоро манзараларини кузатишлари ҳамда археологик қазишма ишларида ҳам бевосита иштирок этишлари мумкин.

ЮНEСКО томонидан қўллаб-қувватланиб, Франциядаги машҳур Лувр музейи олимлари ҳамкорлигида амалга оширилаётган мазкур лойиҳа доирасида қадимий ғишт бўлаклари ва тошлардан йўлаклар, айвонли шийпон барпо этилиб, сайёҳлар учун қўшимча қулайликлар яратилмоқда. Реставрация ва таъмирлаш-тиклаш ишлари жараёнида Арк қўрғони орқа томонининг чамаси 120 метрли девор қисми пишган ғишт билан қопланган. 

Маълумот учун, Бухоро ҳисори, яъни шаҳарнинг қадимги қисми дея ном олган “Арк” қўрғонининг қурилиш даври милоддан аввалги IV асрга бориб тақалади.

Мавзуга оид