Жаҳон | 10:45 / 25.09.2023
14760
3 дақиқада ўқилади

АҚШ президентлигига номзод Украинанинг НАТОга аъзо бўлишига қарши чиқди

Республикачилар партиясидан президентликка номзод АҚШ Украинага карт-бланш бериши керак эмас, деб ҳисоблайди. Киевга ёрдам Украинадаги можарога барҳам беришга ёрдам берган тақдирдагина тақдим этилиши керак, дейди ДеСантис. 

Фото: Phil Sears/AP Photo/picture alliance

Республикачилар партиясидан АҚШ президентлигига номзодлардан бири Рон ДеСантис Украинанинг НАТОга аъзо бўлишига қарши чиқди ва бу АҚШ хавфсизлиги манфаатларига тўғри келмайди, деган фикрни билдирди. «Ўйлайманки, Украинанинг НАТОга аъзолиги бизнинг манфаатларимизга тўғри келмайди. Бу фақат мажбуриятларимизни оширади, аммо агар биз яна кўпроқ мажбуриятларга эга бўлсак, бунинг эвазига қандай фойда оламиз?» — деди у америкалик журналист Гленн Бекнинг 23 сентябр куни эълон қилинган подкастида. 

ДеСантис, шунингдек, агар Киев бу ёрдамдан можарога барҳам бериш учун фойдаланмаса, Украинага ёрдам бўйича «очиқ чек» тақдим этишни тўғри деб ҳисобламаслигини яна бир бор таъкидлади. 

Украинага Америка ёрдамининг янги пакети 

Рон ДеСантис билан суҳбат АҚШ президенти Жо Байден Украина президенти Володимир Зеленскийни Оқ уйда қабул қилганидан икки кун ўтиб эълон қилинди. Оқ уйда Украина давлат раҳбари АҚШ конгрессменларига Россия қуролли агрессиясини қайтаришда ўз мамлакатига ҳарбий ёрдам кўрсатишни давом эттиришга чақирди. 

Шундан сўнг, АҚШ маъмурияти Киевга ҳарбий ёрдамнинг янги пакетини эълон қилди ва Байденнинг дастлабки қаршилигига қарамай, Киев узоқ вақтдан бери Вашингтондан сўраётган қурол - узоқ масофали ATACMS ракеталарининг «кичик партияси» берилишини билдирди.

Шу билан бирга, АҚШнинг Украинага ҳарбий ёрдами кейинги пакетлари АҚШ Конгресси розилигини талаб қилади, чунки жорий бюджет сентябр охирида тугайди. Вакиллар палатасидаги республикачиларнинг кичик, аммо нуфузли блоки Украинага ҳарбий ёрдам давом этишига қарши бўлиб, Марказий ва Жанубий Америкадан кўплаб муҳожирлар оқими фонида Қўшма Штатлар ўз чегарасини мустаҳкамлашга эътибор қаратиши кераклигини таъкидлайди. 

Байден Украинанинг НАТОга кириш вақти ҳали келмади, деган фикрда 

Оқ уй Украинага ҳарбий ёрдамни давом эттиришга ваъда берди. Шу билан бирга, Жо Байден ҳозир Украинанинг НАТОга кириши учун вақт тўғри келмайди, деган фикрни билдирди. «Ҳозирги вақтда, уруш ўртасида Украинани НАТОга қабул қилиш ёки қабул қилмаслик борасида НАТОда консенсус йўқ деб ўйламайман», деганди Америка президенти июл ойида CNN телеканалига берган интервюсида. 

Флорида губернатори Рон ДеСантис йил бошида Россиянинг Украинадаги ҳарбий ҳаракатларини «ҳудудий баҳс» деб атагани учун нуфузли республикачиларнинг танқидига учраган эди. 

Мавзуга оид