Ўзбекистон | 13:45 / 26.09.2023
7077
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда йил бошидан буён «қондош» мақомини олганларнинг ярмидан кўпи Ўзбекистондан келган

1991 йилдан бери республикага жами 1 миллион 123,2 минг этник қозоқ қайтиб келди. 

Фото: baigenews.kz

2023 йил 1 сентябр ҳолатига кўра, 16 026 этник қозоқ ўз тарихий ватанига қайтиб, «қондош» мақомини олди. Бу ҳақда Қозоғистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди. 

Умуман олганда, 1991 йилдан буён республикага 1 миллион 123,2 минг этник қозоқ қайтиб келди.

Жорий йил бошидан буён Қозоғистонга келган «қондош»ларнинг ярмидан кўпи - 53,6 фоизи Ўзбекистондан, 19,6 фоизи Хитойдан, 10,9 фоизи Мўғулистондан, 7,8 фоизи Россиядан, 5,9 фоизи Туркманистондан ва 2,2 фоизи бошқа давлатлардандир.

Жорий йилнинг 1 сентябр ҳолатига кўра, «қондош» мақомини олган меҳнатга лаёқатли ёшдаги этник қозоқлар сони 61,4 фоизни, меҳнатга лаёқатли ёшдан кичиклар 30 фоизни, пенсионерлар 8,5 фоизни ташкил этади.

Меҳнат ёшидаги номзодларнинг таълим даражаси бўйича 15,6 фоизи олий, 34,4 фоизи ўрта махсус, 41,2 фоизи умумий ўрта маълумотга эга. 

2023 йил учун аҳоли пунктлари бўйича «қондош»ларни қабул қилиш квотаси 1925 кишини ташкил этади. 2023 йил 1 сентябр ҳолатига 1773 киши тегишли ҳудудларга кўчирилди. 

«Қондош» - илгари Қозоғистон фуқароси бўлмаган, ўз тарихий ватанига келган ва «Миграция тўғрисида»ги қонунда белгиланган тартибда тегишли мақомга эга бўлган этник қозоқ ва (ёки) қозоқ миллатига мансуб оила аъзолари.

Совет иттифоқи парчаланганидан кейин демографик муаммоларга дуч келган Қозоғистон ҳукумати «Нурли кош» дастури орқали қозоқларни ўз ватанига қайтишга ундамоқда.

Дунёнинг 40 дан ортиқ давлатида 5 миллионга яқин қозоқлар истиқомат қилади ва уларнинг аксарияти СССР давридаги сиёсий қирғин ва қашшоқлик туфайли 1920-30-йилларда кетган авлод вакилларидир. 

Мавзуга оид