Россия Мудофаа вазирлиги Қора денгиз флоти қўмондони иштирокидаги видеони намойиш қилди
Украина махсус операциялар кучлари томонидан бир кун олдин ўлими ҳақида хабар берилган адмирал Виктор Соколов Россия Мудофаа вазирлиги коллегиясининг масофавий йиғилишининг видеотасвирида кўрсатилган.
26 сентябр, сешанба куни Россия Мудофаа вазирлиги Россия ҳарбий департаменти ҳайъати йиғилишидан олинган видеони тарқатди, унда Қора денгиз флоти қўмондони, адмирал Виктор Соколов тадбирда иштирок этгани тасвирланган. Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгунинг кириш сўзи учинчи дақиқасида юқори мартабали зобит кадрда пайдо бўлган. Аввалроқ Украина Махсус операциялар кучлари Соколов йўқ қилинганини билдирган эди.
Шу билан бирга, Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков тегишли саволни Мудофаа вазирлигига йўллаш кераклигини айтиб, адмиралнинг ўлими ҳақидаги хабарларга изоҳ бермади. «Мудофаа вазирлигидан ҳеч қандай маълумот йўқ эди - бу фақат уларнинг ваколати ва бу ерда айтадиган гапимиз йўқ», деди у «Интерфакс» агентлигига.
Украина махсус операциялар кучлари баёноти
25 сентябр куни Украина махсус кучлари матбуот маркази эгаллаб олинган Севастополдаги Қора денгиз флоти штаби биносига уюштирилган ҳужумда ҳалок бўлган 34 нафар россиялик зобит орасида адмирал Виктор Соколов ҳам борлигини маълум қилди. Яна 105 нафар россиялик ҳарбий жароҳат олган. Украина махсус операциялар кучлари матбуот маркази ўз сўзлари учун ҳеч қандай далил келтирмади.
26 сентябр, сешанба куни Соколов иштирокидаги видео оммага эълон қилинганидан сўнг, махсус операциялар кучлари қўмондонлиги Facebook’да тушунтириш эълон қилди. Унда, хусусан, Россия Қора денгиз флоти штабига ракета ҳужуми натижасида 34 зобит ҳалок бўлгани айтилади.
«Мавжуд манбаларнинг таъкидлашича, ҳалок бўлганлар орасида Россия Қора денгиз флоти қўмондони ҳам бор. Кўпчиликнинг шахси жасад бўлаклари тарқалиб кетгани сабабли ҳали ҳам аниқланмаган. Россияликлар зудлик билан Соколовнинг гўёки тириклиги ҳақидаги жавобни эълон қилишга мажбур бўлгани сабабли, бизнинг бўлинмалар маълумотларга аниқлик киритмоқда. Бу операция натижалари бўйича маълумотларни йиғиш тартиб-қоидалари доирасида содир бўлмоқда», — дейилади Украина махсус операциялар кучлари хабарида.
Мавзуга оид
21:00 / 12.11.2024
Россияда мигрантлар учун уй-жой ижараси қоидалари кучайтирилади
18:09 / 12.11.2024
Полша Бош штаби бошлиғи Россия билан урушга тайёргарлик кўришга чақирди
16:07 / 12.11.2024
Greenpeace: НАТО ҳарбий жиҳатдан Россиядан сезиларли даражада устундир
14:14 / 12.11.2024