Ўзбекистон | 08:46 / 28.09.2023
3748
2 дақиқада ўқилади

«Туркия-Германия-Ўзбекистон» форматида тўғридан тўғри мулоқот йўлга қўйилиши мумкин

Германиядаги турк диаспораси ишбилармон доиралари вакиллари билан иқтисодий ва маданий ҳамкорликнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди.

Фото: Дунё АА

Иқтисодий ва маданий ҳамкорликнинг устувор йўналишларини муҳокама қилиш мақсадида Туркиянинг Франкфурт-Майн шаҳридаги бош консули Эрдем Тунчер билан музокаралар олиб борилди, деб хабар бермоқда "Дунё".

Туркия Бош консули билан учрашувда бизнес вакиллари ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш ва "Туркия-Германия-Ўзбекистон" форматидаги тўғридан тўғри мулоқотни йўлга қўйиш масалалари юзасидан фикр алмашилди. Эрдем Тунчер Германия ишбилармон доиралари сафида муваффақиятли фаолият юритаётган турк диаспораси вакиллари билан ишбилармонлик алоқаларини ўрнатишга ёрдам беришга тайёрлигини билдирди.

Мулоқот давомида Германиядаги қардош халқлар билан маданий-гуманитар ва туризм соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш истиқболлари ҳам муҳокама қилинди. Тарихий илдизлар, тил, маданият ва урф-одатларнинг муштараклигини ҳисобга олинган ҳолда, томонлар биргаликда байрамлар, ахборот кечалари, ижодий кўргазмалар ва сайёҳлик ярмаркаларини ўтказишга тайёрлик қайд этилди.

Ислом цивилизациясининг бешиги бўлган Ўзбекистон зиёрат туризми учун улкан салоҳиятга эга экани таъкидланди. Шу муносабат билан Германиядан сайёҳлик гуруҳлари ва турк диаспораси вакилларининг Самарқанд, Бухоро, Хива ва Термиз каби тарихий шаҳарларга ташрифларини ташкил этиш таклиф этилди.

Немис-турк бизнеси вакиллари билан тўғридан тўғри алоқаларни кенгайтириш учун мунтазам платформа яратиш мақсадида яқин орада биргаликда ахборот кечаси ташкил этиш, шунингдек, келаси йилнинг март ойида Германия-Туркия ишбилармонлари ва жамоат доиралари иштирокида "Наврўз" байрамини нишонлаш тўғрисида келишувга эришилди.

Мавзуга оид