Ўзбекистон | 19:11 / 29.09.2023
15402
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон-Тожикистон чегарасидаги вазият нормал ҳолатга қайтди — Тожикистон божхонаси 

Тожикистон божхонаси катта тирбандлик йўқлигини маълум қилди. 

Ўзбекистон-Тожикистон чегарасидаги тирбандлик бартараф этилди, чегара аввалгидек ишламоқда. Бу ҳақда Тожикистон божхонасига таяниб Asia-Plus хабар берди. 

Қайд қилинишича, Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилоятидаги «Сариосиё» чегара божхона постида 19 сентябр куни бошланган тирбандлик 5 километрга чўзилган ва ҳайдовчиларни Тожикистонга кириш учун рухсатни кутишга мажбур қилган. 

Юк машинаси ҳайдовчилари ва тадбиркорлар «Сариосиё» божхона постидан олинган фотосурат ва видеоларни оммавий ахборот воситаларига юбориш орқали норозилигини билдиришган. Тирбандлик нима сабабдан юзага келгани маълум эмас. 

«Божхона чегарасидан олиб ўтилаётган барча товар ва транспорт воситалари божхона расмийлаштируви ва назоратидан ўтиши шарт, божхона ҳуқуқбузарликларининг олдини олиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар қўлланилиши мумкин», дейилади Тожикистон божхонасининг нашр сўровига берган жавобида.  

Тожикистон божхона хизмати бу нимани англатишини ва нима учун чегарада тирбандлик мавжудлигини тушунтирмаган. 

Қайд қилинишича, Тожикистон божхона хизмати Ўзбекистон-Тожикистон чегарасида тирбандлик билан боғлиқ вазият муваффақиятли бартараф этган. 28 сентябрдан вазият нормаллашгани айтилмоқда. Шунингдек, Турсунзода шаҳридаги вилоят божхона бошқармасига қарашли «Дўсти» божхона постида ҳам транспорт воситалари йиғилиб қолгани йўқ. 

Мавзуга оид