Бошқа жойда яшаганингиз маъқул - Ню-Йорк мигрантлар оқимини камайтирмоқчи
Шаҳар бошпана ва чегараларда варақа тарқатиб, мигрантларга иш рухсатномаси бўйича ёрдам берилмаслиги ҳақида огоҳлантирмоқда.
Ню-Йорк маъмурияти мигрантларга иш топишда ҳеч қандай ёрдам бера олмаслиги ҳақидаги варақаларни тарқатишни режалаштирмоқда. Бунинг учун шаҳар бюджетида маблағ етишмаяпти.
Инглиз ва испан тилларида чоп этилган варақада «сиз меҳмонхонага жойлаштирилмайсиз», «Ню-Йорк дунёдаги энг қиммат шаҳарлардан бири, арзонроқ шаҳарга борганингиз маъқул», «Ню-Йорк сизга ишлаш учун рухсатнома олишга ёрдам бера олмайди ва сиз осонликча иш топа олмайсиз» деган ёзувлар бор.
Қайд қилинишича, 2022 йил баҳоридан бери шаҳарга ҳар куни 100 мингга яқин мигрант келмоқда. Маъмурият уларнинг оқимини тўхтатиш, бу билан уй-жой тизими ва бюджетга бўлган юкламани камайтиришга уринмоқда. Шаҳар ҳар бир мигрант оиласини бошпана билан таъминлаш учун кунига 387 доллар сарфлаяпти ва 2025 йилгача бу харажатлар 12 миллиард долларга етиши мумкин.
Ню-Йоркдаги бошпана беришнинг ўзига хос қоидалари кўплаб мигрантларни жалб қилмоқда, улар ўз навбатида қариндошларини ҳам етаклаб келмоқда.
Шаҳар мэри Эрик Адамс уйи бўлмаган ҳар кимга бошпана беришни талаб қиладиган бундай қоидани бекор этиш учун судга мурожаат қилган. Ўтган ҳафтада у шаҳар катта ёшдаги мигрантларнинг бошпаналарда қолиш муддатини 60 кундан 30 кунга қисқартиришини маълум қилган эди. Ҳозирда шаҳарда 60 мингдан ортиқ мигрант бор.