Ўзбекистон | 08:56 / 30.09.2023
5870
2 дақиқада ўқилади

Эксперт: Ўзбекистон биринчи навбатда Жаҳон савдо ташкилотига кириши керак

Марказий Осиё халқаро институти директори ўринбосари Фанил Қодировга кўра, Ўзбекистоннинг ЕОИИга аъзо бўлиши масаласи ҳозир кун тартибида йўқ. Мамлакат биринчи навбатда Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши керак.

Фото: Reuters

Марказий Осиёнинг бешта давлати раҳбарлари Берлинда бўлиб турибди. Марказий Осиё минтақаси Европа учун ҳам янги аҳамият касб этмоқда. Гап, биринчи навбатда, иқтисодий ҳамкорлик ва хавфсизлик соҳаси ҳақида бормоқда. DW Марказий Осиё ва Ўзбекистон бўйича махсус дастурни тақдим этди

Марказий Осиё халқаро институти директори ўринбосари Фанил Қодировнинг айтишича, Марказий Осиё мамлакатлари ўзаро саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга ҳаракат қилмоқда.

“Бугунги кунда Марказий Осиё давлатлари раҳбарларидан биронтаси ортга қараб, бошқа иттифоқлар доирасида мажбуриятга эга эканини айтмаяпти. Бизда ҳали амалга оширилмаган салоҳият жуда катта, ортга қараш эмас, балки олдинга ҳаракатланиш керак”, дейди у.

Фанил Қодиров Марказий Осиё мамлакатлари келажакда ўзаро иқтисодий иттифоқ туза оладими, деган саволга ҳам жавоб қайтарди.

“Бу келажакдаги масала. Кўплаб давлатлар бундай иттифоққа эга бўлишни хоҳлайди. Бироқ, бугунги кунда вазиятга реал баҳо бериш керак. Марказий Осиё давлатларидан камида иккитаси Евросиё иқтисодий иттифоқига аъзо ҳисобланади. У ерда ҳам уларга маълум бир мажбуриятлар юкланган ва шунчаки чиқиб кетиши мушкул. Улар умумий иқтисодий маконга эга.

Ўзбекистон 2021 йилдан бери у ерда кузатувчи мақомига эга. Улар билан фаол ҳамкорлик қиляпмиз, аммо аъзо бўлиш масаласи ҳозир кун тартибида йўқ. Ҳозирги кунда аъзо бўлмасдан туриб ҳам ҳамкорлик қилишимиз мумкин бўлган йўналишлар мавжуд. Менинг фикримча, биз биринчи навбатда Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишимиз керак. ЕОИИнинг кўплаб аъзолари ҳам ЖСТга кирган. Бу йўналишда саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш лозим”, дейди Фанил Қодиров.

Мавзуга оид