Спорт | 14:29 / 30.09.2023
23811
2 дақиқада ўқилади

Осиё Ўйинлари-2022. Курашчиларимиздан уч олтин ва бир кумуш! 

Осиё Ўйинларининг 30 сентябр кунги баҳслари спортчиларимиз учун омадли бошланди. Курашчиларимиз миллий спорт турида делегациямиз ҳисобига бир куннинг ўзида 4та медал тақдим этишди.

Фото: Kun.uz

 -66 кг вазн тоифасида юртимиз шарафини ҳимоя қилган Артём Штурбабин финалда жароҳат олганига қарамай эронлик Мажид Бариманлоуни доғда қолдириб чемпионликни қўлга киритди.

-52 кг вазн тоифасида  ҳамюртларимиз Ҳилола Ортиқбоева ва Ситора Элмуродова финалга йўл олди. Ҳал қилувчи баҳсда Ўзбекистон миллий жамоасининг икки нафар вакили ўзаро тўқнаш келишди. Қизиқарли баҳс Ортиқбоеванинг ғалабаси билан якунланди. Элмуродова эса мусобақанинг кумуш медалига сазовор бўлди.

+90 кг вазн тоифасида ҳамюртимиз Муҳсин Ҳисомиддинов финалда туркманистонлик Тежен Теженовдан устун келиб, икки карра Осиё ўйинларининг ғолибига айланди. Ҳисомиддиновнинг олтин медали делегациямиз учун Ҳангжоу-2022даги 10-олтин медал бўлди.

Шу тариқа, Ўзбекистоннинг Осиё Ўйинлари-2022даги жами медаллари сони ҳозирча 36тага етди ва жамоамиз умумжамоавий медаллар жамғармасида Ҳиндистон ҳамда Таиландни ортда қолдириб, яна 4-ўринга кўтарилди. Вакилларимиз ҳисобида 10та олтин, 11та кумуш ва 15та бронза мавжуд.

Мавзуга оид