Ўзбекистон | 20:03 / 12.10.2023
9184
5 дақиқада ўқилади

Элдор Арипов Марказий Осиёда тўлиқ эркин савдо зонасини шакллантиришга чақирди

Минтақанинг сиёсий, иқтисодий, маданий-гуманитар боғлиқлигини янада мустаҳкамлаш, унинг дунёга очиқлигини сақлаб қолиш, муаммоларни имкониятларга айлантиришда давом этиш зарур, деди Марказий Осиё экспертлар форумида сўз олган СМТИ директори.

Фото: Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти

Бугун, 12 октябр куни Бишкек шаҳрида Қирғизистон президенти ҳузуридаги Миллий стратегик тадқиқотлар институти (МСТИ) томонидан БМТнинг Марказий Осиё учун Превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази кўмагида ташкил этилган VI Марказий Осиё экспертлар форуми бўлиб ўтди.

Тадбирда Қирғизистон бош вазири Ақилбек Жапаров, БМТнинг Марказий Осиё учун Превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари Каха Имнадзе, Қирғизистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Авазбек Атаханов, шунингдек, Марказий Осиёнинг стратегик институтлари раҳбарлари, Қирғизистонда аккредитациядан ўтган дипломатик миссиялар вакиллари, мустақил таҳлилий марказлар ва оммавий ахборот воситалари иштирок этди.

Фото: Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти

Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) директори Элдор Арипов “Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш, ишонч даражасини ошириш ва барқарор ривожланиш йўлида” мавзусидаги панел сессиясида маърузачи сифатида иштирок этди. Бу ҳақда институт матбуот хизмати хабар бермоқда.

Элдор Арипов ўз маърузасида Марказий Осиё мамлакатлари экспертлар форуми форматида мунтазам ўтказиб келинаётган учрашувларнинг муҳимлигини алоҳида таъкидлади. Бу – мамлакатлар ўртасидаги ишонч ва ҳамкорлик юқори даражада эканидан далолат беради, деди у.

СМТИ директори 2017 йилгача минтақавий бирлашиш жараёнлари ҳақида гапиришнинг имкони деярли бўлмаганини эътироф этди. Сув ва чегара билан боғлиқ ҳал этилмаган муаммолар жуда долзарб эди. Ўз вақтида бошланган Марказий Осиё иқтисодий ҳамжамияти ва Марказий Осиё ҳамкорлик ташкилоти форматлари етарлича ривожланмаган.

“Ўшанда минтақадаги барча давлатлар ҳам МОҲТ ва МОИҲ моделларини шакллантиришда иштирок этмаган, кўп қарорлар декларатив бўлиб қолган”, – деди эксперт.

Унга кўра, 2017 йилнинг ноябр ойи бу борада бурилиш даври бўлди. Ўшанда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Самарқандда Марказий Осиё бўйича конференция ўтказилди. Тадбирда минтақа давлатларининг барча ташқи ишлар вазирлари иштирок этди. Ўзбекистон раҳбарининг Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувини ташкил этиш ташаббуси қўллаб-қувватланди.

БМТ Бош Ассамблеясининг Марказий Осиё бўйича резолюцияси қабул қилингани жуда муҳим, деди Элдор Арипов. Ўзига хос “Самарқанд консенсуси” шаклланди. Марказий Осиёнинг барча давлатлари минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр эканини тасдиқлади. Бу интилишни мазкур резолюция ҳомийлари сифатида фаолият юритувчи минтақа давлатларининг ташқи сиёсатдаги ҳамкорлари қўллаб-қувватлади.

“Ҳозир биз кўп йиллар давомида биринчи марта Марказий Осиёдаги ҳар бир алоҳида давлатнинг тақдири нафақат унинг ўзи томонидан белгиланиши, балки умумий минтақамизда содир бўлаётган жараёнларга бевосита боғлиқ бўлишини янада аниқроқ англадик. Буни англаш жуда муҳимдир. Ва бу борада биз тўғри йўлдамиз”, – деб таъкидлади эксперт.

Шу билан бирга, Элдор Ариповнинг фикрича, динамикани сақлаб қолиш учун, ўзгарувчан шароитларда минтақавий ҳамкорликнинг янги моделини шакллантириш йўлида минтақанинг сиёсий, иқтисодий, маданий-гуманитар ўзаро боғлиқлигини янада мустаҳкамлаш, унинг дунёга очиқлигини сақлаб қолиш, муаммоларни имкониятларга айлантиришда давом этиш зарур.

Шу муносабат билан СМТИ раҳбари Ўзбекистон президентининг Душанбедаги саммитда илгари сурилган ташаббусларини амалга оширишга киришишни муҳим деб ҳисоблайди. Арипов бу борада қуйидагиларни санаб ўтди:

– товар айирбошлаш ҳажмини ошириш имконини берувчи мусодара ва чекловларсиз тўлиқ эркин савдо зонасини шакллантириш;

– Марказий Осиё мамлакатларида узоқ муддатли истиқболда саноат кооперациясини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш; бу ушбу соҳадаги биргаликдаги саъй-ҳаракатларга тизимли кўриниш беради;

– савдо-иқтисодий кун тартибининг бутун мажмуаси бўйича ҳамкорликни таъминлашнинг самарали механизмига айланадиган Марказий Осиё давлатларининг иқтисодий кенгашини тузиш.

Элдор Ариповга кўра, Марказий Осиёдаги ҳамкорлик нафақат умумий манфаатларга, балки ҳамма томонидан қабул қилинадиган умумий қадриятлар ва анъаналарга асосланса, самарали бўлиши мумкин.

“Акс ҳолда, бундай ҳамкорлик фақат тактик, ўзгарувчан хусусиятга эга бўлади. Доимий қадриятлардан фарқли ўлароқ, манфаатлар ўзгариш ва ривожланишга мойил бўлади”, – дея хулоса қилди Элдор Арипов.

Мавзуга оид