Ўзбекистон | 19:07 / 13.10.2023
11751
2 дақиқада ўқилади

«Вақф» фондига янги раҳбар сайланди

Зиёвуддин домла Мирсодиқов ўз аризаси билан фонд раҳбари лавозимидан озод этилди.

Фото: Ўзбекистон мусулмонлари идораси

«Вақф» хайрия жамоат фондига янги раҳбар сайланди. Бу ҳақда фонд ахборот хизмати хабар берди.

13 октябр куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназаров раислигида «Вақф» хайрия жамоат фонди Васийлик кенгаши йиғилиши бўлиб ўтди. Унда ташкилий масала кўрилди. «Вақф» хайрия жамоат фонди раиси вазифасида меҳнат қилаётган Зиёвуддин домла Мирсодиқов ўз аризасига биноан эгаллаб турган вазифасидан озод этилиб, фонд раҳбари лавозимига ушбу йўналишда катта тажрибага эга бўлган Исахон Абдуллаев кенгаш аъзолари томонидан сайланди.

Исахон Абдуллаев Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтини тамомлаган. У 25 йиллик иш малакасига эга бўлиб, диний-маърифий соҳани ривожлантириш, хайрия жамғармаларини бошқариш ва ёрдамчи хўжаликлар фаолиятини тартибга солиш борасида катта натижаларга эришган. Жумладан, у меҳнат фаолияти давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими, Махсус жамғарма раиси ҳамда Муқаддас қадамжоларни сақлаш ва обод этиш хайрия жамғармаси ижрочи директори каби муҳим лавозимларда самарали фаолият юритган. Тайинловга қадар «Вақф» хайрия жамоат фонди раиси ўринбосари вазифасида ишлаётган эди.

Шунингдек, йиғилишда фонд фаолиятини ривожлантириш борасидаги келгусидаги режалар муҳокама қилиниб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

Зиёвуддин домла Мирсодиқов муқаддам Тошкент вилоятидаги «Турсунмат қори», «Эски Тошкент», Андижон вилоятидаги «Жиддаи Муборак», Тошкент шаҳридаги «Юнусобод-Оқ тепа» каби жоме масжидларда имом-хатиб вазифаларида ишлаган. Шунингдек, «Саййид Муҳйиддин Махдум» ва «Кўкалдош» мадрасалари мудири вазифаларида меҳнат қилган. 2023 йил январида фонд раҳбарлигига тайинланганди.

Мавзуга оид