Жаҳон | 09:03 / 14.10.2023
8258
3 дақиқада ўқилади

Жим Жордан АҚШ Вакиллар палатаси раҳбарлигига номзодини илгари сурди

АҚШ Конгресси Вакиллар палатасига республикачиларнинг ўнг қаноти етакчиси, АҚШ собиқ президенти Доналд Трамп сиёсати тарафдори Жим Жордан раҳбар бўлиши мумкин.

Фото: Reuters

АҚШ собиқ президенти Доналд Трампнинг тарафдори, Оҳайо штатидан 59 ёшли республикачи конгрессмен Жим Жордан Кевин Маккартининг АҚШ Вакиллар палатаси спикери сифатидаги вориси бўлиши мумкин. Республикачилар партиясининг 13 октябр, жума куни хабар беришича, ўз партиясидан ушбу лавозимга номзод бўлиш ҳуқуқи учун курашда Жордан партия ичидаги ёпиқ овоз беришда Жоржиядан конгрессмен Остин Скоттдан устун келди.

«Америка овози» медиакомпанияси америкалик депутатлардан бирининг ёрдамчисига таяниб ёзишича, Жордан партиядошларидан 124 та, Скотт эса атиги 81 та овоз олди. Жим Жордан Вакиллар палатасида умумий овоз бериш жараёнида кўпчиликнинг қўллаб-қувватлашига эришиши керак.

Бунинг учун уни камида 217 депутат қўллаб-қувватлаши керак. Республикачилар ҳозирда Вакиллар палатасида 465 ўриндан 221 тасига эга. Барча демократлар Жордан номзодига қарши овоз бериши кутилмоқда.

Байденнинг импичменти ва Украинага ёрдамга қарши

Жим Жордан Вакиллар палатасида республикачиларнинг ўнг қаноти етакчиси сифатида машҳурликка эришган. Ҳозирда у Палатанинг Суд-ҳуқуқ қўмитасига раҳбарлик қилади. Бу ролда Жордан АҚШ президенти Жо Байденнинг ўғли Ғантер Байденнинг Украинадаги баҳсли бизнесида ролини текширишда иштирок этади. Бу тергов катта Байденга импичмент билан таҳдид қилиши мумкин.

Жим Жордан АҚШнинг Украинага ёрдамини оширишига қарши

11 октябр куни Жордан Стив Скализга Республикачилар партиясидан Вакиллар палатаси раҳбари лавозимига номзод бўлиш ҳуқуқини тақдим этди. Бироқ, 12 октябр куни Скализ палатадаги овоз беришда кўпчиликни қўлга киритиш имконияти йўқлиги аён бўлгач, ўз номзодини қайтариб олди.

Кевин Маккартининг Вакиллар палатаси раҳбари лавозимидан четлатилиши

3 октябр куни республикачи Кевин Маккарти ўз партияси аъзоси Мэтт Гэтц ташаббуси билан ўтказилган овоз беришдан сўнг АҚШ парламенти қуйи палатаси раислигидан маҳрум бўлди. Ўшандан бери Вакиллар палатаси иши деярли тўхтаб қолган.

30 сентябр куни АҚШ Конгресси федерал ҳукумат иши тўхташининг олдини олишга қаратилган вақтинчалик бюджет лойиҳасини маъқуллади. Кевин Маккарти томонидан таклиф этилган ва 17 ноябргача бўлган муддатга мўлжалланган бюджет лойиҳаси давлат идоралари фаолияти, шунингдек, табиий офат оқибатларини бартараф этиш харажатларини ўз ичига олади, бироқ Украинага ёрдам кўрсатиш учун маблағ киритилмаган.

Ушбу ҳужжатнинг қабул қилиниши Маккартининг нафақат партиядошлари, балки баъзи демократларнинг ҳам овозларини олишга муваффақ бўлганлиги туфайли амалга ошди. Шу фонда Гетц Вакиллар палатаси спикерини Республикачилар партияси манфаатларини ҳимоя қилиш ўрнига АҚШ президенти, демократ Жо Байденни қўллаб-қувватлаётганликда айблади.

Мавзуга оид