Жаҳон | 14:09 / 16.10.2023
15046
2 дақиқада ўқилади

Путин: Украинанинг қўшилмаслик мақоми Россия учун жуда муҳим

1991 йилда Россияга НАТО шарқ томон кенгаймаслиги ҳақида ваъда берилган эди, аммо кейин иттифоқ кенгайишининг бешта тўлқини кузатилди, деди Россия президенти.

Фото: kremlin.ru

Украинанинг қўшилмаслик мақоми Москва учун жуда муҳим, чунки баъзи давлатлар хавфсизлиги бошқаларнинг хавфсизлиги ҳисобига қурилмаслиги керак. Бу ҳақда Россия президенти Владимир Путин Кремл сайтида эълон қилинган Хитой медиа-корпорациясига берган интервюсида айтиб ўтди.

«Асосий жиҳатлардан бири - ҳамма учун тенг хавфсизликни таъминлаш, ва Россия ҳам бошқа давлатлар сингари бунга ҳақли. Агар НАТОнинг Украина ҳисобига кенгайиши биз учун хавф туғдиради, деб ҳисобласак, буни эшитишни сўраймиз», — деди давлат раҳбари.

Унинг сўзларига кўра, Россияга 1991 йилда НАТОнинг шарқда кенгайиши бўлмайди, деб ваъда қилинган, бироқ кейин иттифоқ кенгайишининг бешта тўлқини кузатилган ва бу ҳақда Россия томони ўз хавотирларини билдирган. «Ҳар сафар улар бизга шундай дейди: ҳа, биз сизга НАТОни шарққа кенгайтирмасликка ваъда берган эдик, лекин бу оғзаки ваъдалар эди, бизнинг имзомиз бор қоғоз қани? Қоғоз йўқми? Бўлди, хайр», — деди Россия президенти.

Украинадаги вазиятни тинч йўл билан ҳал қилиш истиқболлари ҳақида гапирар экан, Путин Россия бунга «ҳеч қачон эътироз билдирмаганини» таъкидлади. Шу билан бирга, у Украина мулоқотдан бош тортишини билдирди. Президент сўзларига кўра, агар Украина тинчлик музокараларини бошламоқчи бўлса, Владимир Путин давлат бошида турган пайтда Россия билан мулоқотни тақиқловчи фармонни бекор қилиши керак. «Биз, жумладан, хитойлик дўстларимизнинг таклифларидан фойдаланишга тайёрмиз», деб ишонтирди Россия раҳбари.

Мавзуга оид