Жаҳон | 08:17 / 18.10.2023
6912
3 дақиқада ўқилади

ЕИ Эронга қарши санкцияларни узайтирди

Европа Иттифоқи баёнотида айтилишича, Ислом Республикасининг ядровий ва ракета дастурларига алоқадор Эрон жисмоний ва юридик шахслари Европа жазо чораларига тортилишда давом этади.

Фото: Getty Images

Европа Иттифоқи ядровий келишувни бузгани учун Эронга қарши санкцияларни сақлаб қолишга қарор қилди. Бу ҳақда 17 октябр, сешанба куни dpa хабар берди. Бундан ташқари, Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпусига қарши санкциялар ҳамда қурол ва ракеталарни сотишга қўйилган тақиқ узайтирилмоқда.

Санкцияларнинг узайтирилиши Европа Иттифоқининг Ислом Республикаси ядровий ва ракета дастурларига алоқадор Эрон жисмоний ва юридик шахсларини жазолашда давом этишини англатади. Европа Иттифоқи баёнотида қайд этилишича, бу қарор Теҳроннинг ҲАМАС гуруҳини қўллаб-қувватлаши билан боғлиқ эмас. 

Эрон билан ядровий келишув 

2015 йилда Эрон АҚШ, Россия, Хитой, Буюк Британия, Германия ва Францияни ўз ичига олган «олтилик гуруҳи» билан қўшма кенг қамровли ҳаракатлар режасини имзолади. Режа Эроннинг ядровий дастурини чеклаш эвазига унга нисбатан иқтисодий санкцияларни босқичма-босқич олиб ташлашни назарда тутган эди, бироқ 2018 йилда ўша пайтда Доналд Трамп президент бўлган Қўшма Штатлар келишувдан чиқишини ва Эронга қарши чеклов чоралари қайта бошлаганини эълон қилди. Теҳрон, ўз навбатида, келишувни бажаришдан бош торта бошлади. 

Бошқа нарсалар қатори, Эрон Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (АЭХА) билан ҳамкорлик қилишдан ва ядровий иншоотларида уранни бойитиш бўйича маълумот беришдан бош тортмоқда. Теҳронга кўра, Эрон ядровий дастури мамлакатда ядро энергетикасини ривожлантириш бўйича илмий ва ишлаб чиқариш фаолияти мажмуасидир, бироқ АҚШ ва бошқа қатор давлатлар Эронни ядровий қурол яратиш бўйича махфий ишларда гумон қилмоқда. 2021 йил апрел ойидан бери Россия, Буюк Британия, Германия, Хитой, АҚШ ва Франция Эрон билан қўшма кенг қамровли ҳаракатлар режасини асл шаклига қайтариш бўйича музокаралар олиб бормоқда. 

Келишув 2015 йилда тузилганидан кейин Эронга нисбатан санкцияларнинг бир қисми бекор қилинган, бироқ уларнинг бир қисми 2023 йил 18 октябрда тугайди. Энди Европа Иттифоқи бу санкцияларни узайтиришга қарор қилди, дея тушунтиради dpa. 

Мавзуга оид