Жамият | 18:00 / 19.10.2023
15608
9 дақиқада ўқилади

Чармсаноат соҳасидаги корхоналар навбатдаги қўллаб-қувватлашга ва вазифаларга эга бўлди

Жорий йилнинг 11 октябрь санасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳаларида ислоҳотларни янада жадаллаштириш ва соҳанинг экспорт салоҳиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарори қабул қилинди. Ушбу ҳужжат билан мамлакатимиз чармсаноати тармоғида фаолият кўрсатаётган корхоналар қатор имтиёзларга эга бўлди. Президент қарори билан эндиликда ҳудудларда хомашёни тўлиқ йиғиб олиш ва қайта ишлаш мақсадида 45 та терини қайта ишловчи корхоналари билан 70 дан ортиқ чорвачилик кластерлари ва 193 та чорва молларини сўйиш кушхоналари, 78 та аҳолидан терини йиғувчи тадбиркорлик субъектлари ва 278 та ўзини ўзи банд қилган жисмоний шахслар ўртасида кооперация тизими жорий қилинади.

2023-2025 йилларда тери хомашёсини чуқур қайта ишлаш негизида экспортга йўналтирилган юқори қўшилган қийматли тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича инвестицион лойиҳалар ишга туширилади. Ушбу лойиҳалар Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси томонидан Франция тараққиёт агентлиги иштирокидаги "Чорвачилик соҳасини барқарор ривожлантиришни молиялаштириш" ва Жаҳон банки иштирокидаги "Чорвачилик соҳасини ривожлантириш (2-босқич)" лойиҳалари доирасида халқаро молия ташкилотларидан жалб қилинган 100 миллион АҚШ доллар маблағлар ҳисобидан, шунингдек, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда "Ўзчармсаноат" уюшмаси томонидан Европа тикланиш ва тараққиёт банки ва бошқа халқаро молия институтлари ҳамда хорижий банкларнинг 200 миллион АҚШ доллар, бундан ташқари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 26 февралдаги "Чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳаларида тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-143-сон қарорининг тўртинчи банди билан молиялаштириш тартиби ва шартларини сақлаб қолган ҳолда 40 миллион АҚШ доллари маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади. 

Президент Қарори билан чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳасида инвестиция лойиҳалари учун ер майдонларини ажратиш тизими соддалаштирилди. Кичик саноат зоналари фаолияти такомиллаштирилмоқда.

Хусусан, чарм-пойабзал, мўйначилик ва ихтисослашган сўйиш корхоналари ташкил этиш учун ер майдонлари ажратилиши билан боғлиқ қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчиликларининг ўрнини қоплаш бўйича компенсация тўловлари, истисно тариқасида, корхоналар томонидан бир йил ичида ҳар ой тенг улушларда амалга оширилади.

Республикамизда ташкил этилган 16 та ихтисослашган чарм-пойабзал кичик саноат зоналарида жойлаштириладиган инвестиция лойиҳалари учун электрон онлайн аукцион савдоларига чиқариладиган ер участкаларининг бошланғич нархи 25 йил муддатдан келиб чиқиб, ҳисоб-китоб қилинади. Ер участкалари электрон онлайн аукцион савдоларига аниқланган бошланғич нархининг 10 фоизи миқдорида чиқарилади. Электрон онлайн аукцион савдолари ғолиблари томонидан ер участкалари учун маблағлар 3 йил давомида тенг улушларда тўлаб берилади.

Қарор билан яна бир янгилик жорий этилди. Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманида ташкил этилган чарм-пойабзал кичик саноат зонасида марказлашган оқова сув тозалаш иншоотини қуриш учун республика бюджетидан 10 йил муддатга 50 миллиард сўмгача ссуда ажратилади. Бунда, терини қайта ишлаш корхоналари томонидан марказлашган оқова сув тозалаш иншоотини қуриш ва бошқариш учун тенг улушларда ягона корхона таъсис этилади ҳамда ушбу ссуда иккинчи йилдан бошлаб ягона корхона томонидан ҳар йили тенг улушларда республика бюджетига қайтариб берилади.

Мазкур ҳужжат билан чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳасидаги экспортчи корхоналарни янада қўллаб-қувватланмоқда. 2025 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали майда шохли молнинг ярим тайёр чармини олиб чиқишда (ТИФ TH бўйича 4105, 4106 21 000 0 кодлари) йиғимлар ундирилмайди.

Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармасининг мавжуд ресурслари доирасида экспортолди ва экспорт билан боғлиқ савдо операцияларини молиялаштириш учун охирги 12 ой мобайнида улар томонидан амалга оширилган экспорт ҳажмидан келиб чиққан ҳолда 2 йил муддатгача экспорт ҳажми 1 миллион АҚШ долларидан 2 миллион АҚШ долларигача бўлганда - 1 миллион АҚШ долларигача;

  • экспорт ҳажми 2 миллион АҚШ долларидан 4 миллион АҚШ долларигача бўлганда - 2 миллион АҚШ долларигача;
  • экспорт ҳажми 4 миллион АҚШ долларидан ортиқ бўлганда - 3 миллион АҚШ долларигача миқдорларда молиявий ресурслар ажратилади.

Бунда, молиявий ресурслар йиллик 4 фоиз ставкадан (шундан 2 фоизи банк маржаси) ошмаган ҳолда тақдим этилади;

  • чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳаси корхоналари томонидан хорижда савдо уйи ва дўконини ташкил этиш учун алоҳида қарорларсиз йилига 50 минг АҚШ долларигача маблағни чет элга ўтказишга рухсат берилади.

Ҳужжат билан мамлакатимиз чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳаларида кадрлар тайёрлаш механизмларини янада такомиллаштириш мақсадида юқори малакали тикувчи, бичувчи ва косибларни тайёрлашда “уста-шогирд” анъанаси асосида корхонанинг тажрибали ходимларига бириктирилган шогирдлар учун дастлабки уч ой мобайнида Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 баравари миқдорида субсидиялар ажратилади. Мазкур субсидиянинг 50 фоиз қисми устанинг иш ҳақига устама сифатида берилади. Қолган қисми зарур хомашёлар сотиб олиш учун мақсадли сарфланади.

Илмий-амалий ва инновацион тадқиқотлар олиб бориш учун олий таълим муассасалари “таълим-фан-ишлаб чиқариш” тамойили асосида ҳудудларга бириктирилади. Мазкур олий таълим муассасалари томонидан бириктирилган ҳудудларда коллеж ва техникумларга соҳага кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича ўқув-методик ёрдам кўрсатилади. Бириктирилган ҳудудларда таълим муассасалари билан соҳа корхоналарининг ўзаро узвий ҳамкорлиги таъминланади, шу жумладан талабаларга ишлаб чиқаришнинг технологик жараёнларини ўргатиш ҳамда юқори курс талабаларини иш ҳақи тўланадиган тизим орқали банд қилиш чоралари кўрилади.

2024/2025 ўқув йилидан бошлаб Италия, Туркия, Германия ва бошқа давлатларнинг олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳасида талаб юқори бўлган мутахассисларни (муҳандис, технолог, дизайнер, маркетолог) тайёрлаш бўйича қўшма таълим дастурлари жорий этилади.

Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти, Бухоро муҳандислик-технология институти, Жиззах политехника институти, Наманган тўқимачилик саноати институти, Фарғона политехника институти талабаларини хорижий давлатлар, шу жумладан Франция (ITECH), Испания (UdL), Туркия (EGE) олий таълим муассасалари тажрибаси асосида мода, дизайн, технология, стандартлаштириш, инновациялар, маркетинг ва менежмент йўналишларида ўқитиш ҳамда соҳа корхоналари мутахассисларининг малакасини ошириш курслари ташкил этилади.

Италиянинг пойабзал ва чарм ускуналари ишлаб чиқарувчи миллий уюшмасининг (ASSOMAC) грант маблағларини жалб қилган ҳолда Тошкент шаҳридаги Турин политехника университетида 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб халқаро тажриба асосида чарм-пойабзал ва мўйначилик маҳсулотларининг синов лабораториялари ташкил этилади.

Чарм-пойабзал саноатини янада ривожлантириш ва хорижий брендлар билан ҳамкорлик ўрнатиш дастури тасдиқланди ва мазкур дастур доирасида соҳага 2024-2026 йилларда “Berkemann”, “Caprise”, “Baldinini”, “Li-Ning”, “Anta Sports”, “Peak Sport”, “Xtep” каби 30 дан ортиқ нуфузли хорижий брендлар жалб қилинади.

2024 йилнинг январ ойидан бошлаб Давлат буюртмачиларига етказиб берилаётган гўштни автоматлаштирилган мажмуалар билан жиҳозланган сўйиш корхоналарида сўйилганлиги ва “Ветеринария-санитария жиҳатидан хавфсизлиги кафолатланган сўйилган ҳайвон гўштларининг ягона электрон маълумотлар базаси ахборот тизими”да рўйхатдан ўтказилганлигини тасдиқловчи маълумотлар ва ҳужжатлар (QR-код) асосида истеъмолга қабул қилиниши тартиби жорий этилади.

2023 — 2025 йилларда чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳаларида юқори қўшилган қийматли, импорт ўрнини босувчи тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича умумий қиймати 1,0 млрд АҚШ долларига тенг 769 та инвестиция лойиҳалари амалга оширилади.

Мазкур қарор имзоланган кундан бошлаб республикамизда ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхатига “тери хомашёсини йиғиш ва тайёрлаш” ҳамда “жунни йиғиш ва тайёрлаш” фаолияти ҳам киритилиб, мазкур фаолият билан шуғулланаётган жисмоний шахслар учун кенг имкониятлар яратилди.

Мавзуга оид