Ўзбекистон | 13:43 / 20.10.2023
1881
3 дақиқада ўқилади

Чарм-пойабзал ва мўйна ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш чоралари белгиланди

Чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳаси корхоналари томонидан хорижда савдо уйи ва дўконини ташкил этиш учун алоҳида қарорларсиз йилига 50 минг долларгача маблағни чет элга ўтказишга рухсат берилади.

Президент томонидан «Чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳаларида ислоҳотларни янада жадаллаштириш ва экспорт салоҳиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор имзоланди.

Терини қайта ишловчи корхоналар билан чорвачилик кластерлари ва чорва молларини сўйиш кушхоналари, шунингдек аҳолидан терини йиғувчи тадбиркорлик субъектлари ва ўзини ўзи банд қилган жисмоний шахслар ўртасида кооперация тизими жорий қилинади.

Чарм-пойабзал, мўйначилик ва ихтисослашган сўйиш корхоналарини ташкил этиш учун ер майдонлари ажратилиши билан боғлиқ қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчиликларининг ўрнини қоплаш бўйича компенсация тўловлари, истисно тариқасида, корхоналар томонидан бир йил ичида ҳар ой тенг улушларда амалга оширилади.

Ташкил этилган 16 та ихтисослашган чарм-пойабзал кичик саноат зоналарида жойлаштириладиган инвестиция лойиҳалари учун:

  • электрон онлайн аукцион савдоларига чиқариладиган ер участкаларининг бошланғич нархи 25 йил муддатдан келиб чиқиб, ҳисоб-китоб қилинади;
  • ер участкалари электрон онлайн аукцион савдоларига аниқланган бошланғич нархининг 10 фоизи миқдорида чиқарилади;
  • электрон онлайн аукцион савдолари ғолиблари томонидан ер участкалари учун маблағлар 3 йил давомида тенг улушларда тўлаб берилади.

Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманида ташкил этилган чарм-пойабзал кичик саноат зонасида марказлашган оқова сув тозалаш иншоотини қуриш учун республика бюджетидан 10 йил муддатга 50 млрд сўмгача ссуда ажратилади.

Бунда, терини қайта ишлаш корхоналари томонидан марказлашган оқова сув тозалаш иншоотини қуриш ва бошқариш учун тенг улушларда ягона корхона таъсис этилади ҳамда ушбу ссуда иккинчи йилдан бошлаб ягона корхона томонидан ҳар йили тенг улушларда республика бюджетига қайтариб берилади.

Экспорт қилувчи корхоналарни янада қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистоннинг божхона чегараси орқали майда шохли молнинг ярим тайёр чармини (ТИФ ТН бўйича 4105, 4106 21 000 0 кодлари) олиб чиқишда 2025 йил 1 январга қадар йиғим ундирилмайди.

Чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳаси корхоналари томонидан хорижда савдо уйи ва дўконини ташкил этиш учун алоҳида қарорларсиз йилига 50 минг АҚШ долларигача маблағни чет элга ўтказишга рухсат берилади.

Мавзуга оид