Жаҳон | 23:46 / 21.10.2023
12773
2 дақиқада ўқилади

АҚШ президенти Байден «янги дунё тартиби»ни ўрнатишга чақирди

Аввалроқ у АҚШ янги дунё тартибини бошқариши ва «эркин дунё»ни бирлаштириши кераклигини айтган эди.

Фото: AP

АҚШ президенти Жо Байден Вашингтондаги сайловолди йиғилишида инсоният «янги дунё тартиби»га муҳтожлигини айтди. Унинг нутқи Оқ уй веб-сайтида келтирилган.

«Ўйлайманки, агар биз етарли тарзда жасур бўлсак ва ўз кучимизга ишонсак, дунёни бирлаштириш учун нимадир қилиш имконига эгамиз. Биз урушдан кейинги даврда 50 йил яшадик ва ҳамма нарса жуда яхши кетаётган эди, лекин бу вақт ўтди. Янги... янги дунё тартиби керак.

Биз тарихнинг бурилиш нуқтасида турибмиз, демак, яқин тўрт-беш йил ичида қабул қиладиган қарорларимиз кейинги қирқ-эллик йил қандай бўлишини белгилаб беради», деди Байден.

Унинг сўзларига кўра, бу «тинчлик истиқболини бузмайди, балки кучайтиради».

Байден янги дунё тартиби зарурлиги ҳақида аввал ҳам гапирган. 2022 йил март ойида у АҚШ янги дунё тартибини бошқариши ва «эркин дунё»ни бирлаштириши кераклигини айтган эди.

Мавзуга оид