Ўзбекистон | 10:00 / 22.10.2023
19320
11 дақиқада ўқилади

Тарқалиб кетган пароллар, поезддаги пора ва қулликдан қутқарилганлар — ҳафта дайжести

Ортда қолаётган ҳафта давомида Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа-ҳодисаларнинг қисқача тафсилотлари – Kun.uz дайжестида.

200 минг ўзбекистонликнинг логин-пароллари тарқатилди

Ўтган ҳафта интернетда дунё бўйлаб 180 миллиондан ортиқ кишининг турли платформалардаги логин ва пароллари тарқалиб кетган эди. Масъул идоралар киберҳужумга учраганлардан 200 мингдан ортиғи ўзбекистонликлар эканини аниқлади. ДХХ ҳузуридаги Киберхавфсизлик марказига кўра, фуқароларнинг тарқалиб кетган логин-паролларидан аксарияти ишчи ҳолатида, яъни улар ёрдамида фойдаланувчиларнинг аккаунтларига кириш мумкин. Бу эса давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг ахборот тизимлари хавфсизлигига кибертаҳдидларни келтириб чиқаряпти.

Kun.uz билан гаплашган соҳа мутахассисларига кўра, ҳакерлар тарқатган логин-пароллар қаторида ҳукуматнинг ягона идентификация тизими – OneID, банклар ва тўлов тизимлари, Давлат тест маркази ва олийгоҳларнинг ўқув тизимлари, онлайн дўконлар ва кўнгилочар порталлар, шунингдек, турли сайтларнинг бошқарув панелларига кириш кодлари ҳам бор.

Рақамли технологиялар вазирлигининг маълум қилишича, мавжуд вазият бўйича тегишли чоралар кўриляпти, лекин OneID тизимига киберҳужум бўлмаган, шунингдек, тизимнинг ишида носозликлар ҳам кузатилмаган. Вазирликка кўра, тизимнинг ўзига эмас, тизимдан фойдаланувчи фуқароларнинг электрон қурилмаларига ҳужум қилинган. Биз суҳбатлашган экспертлар ҳам шундай фикрни илгари сурди. Уларга кўра, дунё бўйлаб миллионлаб фойдаланувчиларнинг интернетга кирадиган қурилмаларига вируслар тушган бўлиб, бу вируслар браузердаги логин-паролларни йиғиб, ҳакерларга узатган.

Киберхавфсизлик маркази махсус Telegram-ботни ишга тушириб, фуқароларга уларнинг шахсий маълумотлари тарқалиб кетгани ёки йўқлигини текшириш имкониятини яратди. Агар сиз ҳам логин-пароллари ўғирланган 200 минг кишидан бири бўлсангиз, биринчи навбатда паролни ўзгартиришингиз, кейин компютер ёки смартфондан вирусли дастурни ўчириб ташлашингиз, шундан сўнг паролни яна бир марта ўзгартиришингиз керак.

Бундай вируслардан сақланиш учун эса интернетдан жўнатилган турли шубҳали ҳаволалар ва файлларни очмаслик, ишончсиз манбалардан олинган дастурларни ўрнатмаслик тавсия этилади. Шунингдек, мураккаб пароллардан фойдаланиш, битта паролни бир нечта ресурс учун ишлатмаслик, икки босқичли аутентификация функцияларини ёқиб қўйиш, лицензион дастурий маҳсулотлардан фойдаланиш керак. Шу билан бирга, бепул VPN сервислар ҳам сизнинг шахсий маълумотларингизни ўғирлаши мумкинлигини ёдда тутиш лозим.

Сергелидаги портлаш сабаби маълум қилинди

Сергелидаги портлаган омборда катта миқдорда кимёвий моддалар, қурилиш маҳсулотлари ва бошқа товарлар белгиланган талабларга риоя қилмасдан аралаш ҳолда сақланган. Бу ҳақда ҳодиса юзасидан тузилган ҳукумат комиссияси маълум қилди.

Комиссиянинг бирламчи хулосасига кўра, омборда водород пероксидига яқин жойда гулқоғозлар ва бошқа ёнувчи материаллар ҳам сақланган. Кимёвий модда ва материалларнинг ўзаро таъсирланиши натижасида кимёвий ўз-ўзидан ёниш юзага келиб, портлаш содир бўлган, дейилади расмий маълумотда. Тергов департаменти ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш моддаси билан 4 кишини қамоққа қолган, яна 1 кишига гаров эҳтиёт чораси қўлланган. Гумондорларнинг шахси ва қайси лавозимда ишлаши маълум эмас.

Воқеа натижасида омборга яқин уйда бўлган ўсмир йигит ҳалок бўлган эди. Расмийларга кўра, 150 киши енгил, 13 киши оғир тан жароҳати олган, уларнинг барчаси соғайган. Ҳодисадан зиён кўрган хонадонлар сони аввалроқ айтилган 600 та эмас, 1370 та экани маълум бўлди. Шунингдек, 246 та якка тартибдаги уйга ҳам зарар етган. Жами зарар миқдори 14,5 млрд сўм ёки тақрибан 1,2 млн долларга баҳоланган. Бу миқдор судда айбдор деб топилган шахслардан ундирилади.

Муборакда бахтсиз ҳодиса

Қашқадарё вилоятида автобуснинг газ баллони портлаши оқибатида 24 киши жабрланди. Воқеа ўтган якшанба куни Муборак туманида рўй берди. Isuzu автобуси йўловчилар билан ҳаракатланиб кетаётган вақтда автобуснинг газ баллони портлаб кетган.

Вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармасига кўра, воқеадан кейин 24 киши касалхонага олиб келинган. Улардан 16 нафарига амбулатор ёрдам кўрсатилиб, уйига жавоб берилган. 4 бемор турли жароҳатлар билан жарроҳлик бўлимида қолдирилган, 4 нафари реанимация бўлимига ётқизилиб, жарроҳлик амалиёти ўтказилган. Вафот этганлар йўқ. Ҳодиса юзасидан жиноят иши қўзғатилган.

Isuzu автобусларига ўрнатилган газбаллонларнинг портлаши биринчи марта рўй бермаяпти. Ўтган йили Сирдарё вилоятидаги шундай ҳодиса оқибатида 6 киши ҳалок бўлиб, 15 киши жароҳатланган, 2018 йилда эса Бухорода “Исузу”нинг газбаллони портлаши 5 кишининг ўлимига ва 21 кишининг жароҳатланишига сабаб бўлганди.

Темирйўл: Чипта нархлари ҳозирча ошмади, бизнес классга қонуний ўтиш мумкин бўлади

Ўзбекистонда темирйўл чипталари нархи 20 октябрдан ошмайдиган бўлди. “Ўзбекистон темирйўллари” бу санадан бошлаб тезюрар ва юқори тезликдаги поездларнинг чипталари мос равишда 50-100 фоизга қимматлашишини эълон қилган эди. Компания 20 октябр куни нархлар ошмагани ва қайта кўриб чиқилаётганини маълум қилди. Қайд этилишича, якунда “Афросиёб” поездлари нархи аввал белгиланганидек 2 баробарга оширилмаслиги мумкин.

Нидерландиялик блогердан кейин, шу ҳафта ўрталарида энди туркиялик сайёҳлар Тошкент–Андижон йўналишидаги поездда эконом классдан VIP классга ўтиш учун 100 минг сўм бергани айтилган видео тарқалди. “Ҳаётимизда биринчи марта пора бердик, ўзимни бироз ёмон ҳис қилдим”, деган видеода турк сайёҳи. Масъуллар бу сафарги видеонинг қайси кун, қайси поезд ва вагонда олинганини билмагани учун ҳолатни исботлай олмагани ва айбдорни топа олмаганини билдирди.

Маълум бўлишича, бу каби видеолар ортидан “Ўзбекистон темирйўллари” апгрейд тизимини ишга туширишга қарор қилган. Компания раисининг биринчи ўринбосари Ҳикматилла Раҳметовнинг айтишича, бу тизим ишга тушгач, эконом классда кетаётган йўловчи бизнес классда жой борлигини кўрса, ўша ернинг ўзида бизнес класснинг пулини тўлаб, қонун доирасида шу жойга ўтиши мумкин бўлади. “У тўлаган пул эса бюджетга, солиққа тушаверади, энди шу нарсани расман жорий этамиз”, – деди “Ўзбекистон темирйўллари” раиси ўринбосари.

Исроилда Ўзбекистон фуқаролари ҳалок бўлгани тасдиқланмади

Исроилда ҲАМАСнинг ҳужумларидан ҳалок бўлган 1400 дан ортиқ қурбонлар орасида Ўзбекистон фуқаролари ҳам борлиги ҳақида Тел-Авивдаги элчихонамизга ҳозирча расмий маълумот келиб тушмаган. Элчихона Исроилда Ўзбекистоннинг 3 нафар фуқароси ҳалок бўлиб, 4 нафари бедарак йўқолгани ҳақида тарқалган хабарни тасдиқламади.

Маълум қилинишича, Исроил жанубига қилинган ҳужум оқибатида Ўзбекистонда туғилган 5 киши ҳалок бўлган. Дипломатларга кўра, улар 90-йиллардаги репатриация дастури асосида Исроилга кўчиб кетган бўлиб, амалдаги Ўзбекистон фуқаролик паспортига эга эмас.

Ўзбекистон элчихонаси, шунингдек, Исроилнинг Холон технология институтида ўқиётган ўзбекистонлик талабаларни ватанга қайтарди. Улар ўқишини онлайн давом эттиришига келишилган.

Айни пайтда, тўхтовсиз бомбардимон қилинаётган Ғазо ҳудудидаги ўзбекистонликлар борасида маълумотлар йўқ. Ҳафта давомида сектордаги шифохоналардан бирига тушган ракета юзлаб қурбонларга олиб келгани айтилмоқда. Жаҳон ҳамжамияти, хусусан Ўзбекистон бу даҳшатли зўравонликни кескин қоралади. Ташқи ишлар вазирлиги можаро томонларини зудлик билан ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга ва ўт очишдан тийилишга чақирди. Маълумот учун, ҲАМАС ҳаракати 7 октябрдан буён Ғазода ҳалок бўлганлар сони 4 мингга яқинлашганини хабар қилган.

Қозоғистонда қулликка тушиб қолган олтмишдан ортиқ ўзбекистонлик қутқарилди

Хориждаги ватандошлар ҳақида ҳафтанинг асосий янгилиги Қозоғистонда янгради. Маҳаллий матбуотга кўра, Чимкентда қулликка тушиб қолган 60 дан ортиқ ўзбекистонлик озод қилинган. Маълум бўлишича, улар ғишт заводида мажбуран ушлаб турилган ва ишлатилган.

Қозоғистон полицияси қулликка тушиб қолган хорижликлар ҳақида Ақтўбеда яшовчи 23 ёшли ўзбекистонлик йигитнинг синглисидан билиб олган. 14 октябр куни у ҳуқуқ-тартибот органлари билан боғланиб, акаси Олмаотада ўғирлаб кетилганини айтган. Орган ходимларининг аниқлашича, бу фуқаро Чимкентдаги ғишт заводида ишлаб юрган, ишдан бўшамоқчи бўлганида бошлиқлари паспортини қайтариб бермаган, иш ҳақини ҳам тўламаган.

Жиноят фош этилгач, уч нафар “иш берувчи” қўлга олинган. Фабрика ҳудуди тинтув қилинганида, у ерда 60 дан ортиқ хорижлик ишчи борлиги маълум бўлган, уларнинг ҳаммаси Ўзбекистон фуқаролари бўлиб чиққан. Аниқланишича, завод эгалари хорижликларни ишга таклиф қилган ва етиб келиши билан уларнинг ҳужжатларини олиб қўйган. Жиноятчилар уларни маош бермасдан ишлатиб, вақти-вақти билан калтаклаб, ўлим билан қўрқитиб туришгани айтилмоқда.

Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

UzAuto Motors сотувда йўқ моделларининг нархини оширди. Lacetti, Cobalt, Damas ва Labo автомобиллари 4,7 млн сўмдан 9 млн сўмгача қимматлашди. Автомат узатмали Cobalt нархи 141 млн сўмдан, автомат узатмали Lacetti нархи 169 млн сўмдан ошди, Damas'нинг қиймати қарийб 97 млн сўмга етди. Бу моделларнинг ҳеч бири эркин сотувда йўқ ва қачон бўлиши ҳам маълум эмас.

Тошкентдаги айрим шохобчаларда бензинга навбатлар юзага келди. Хусусий шохобчаларда АИ-80 бензини сезиларли қимматлашган ёки умуман йўқ. Бу эса 6050 сўмлик нархни сақлаб қолган “Ўзбекнефтгаз” шохобчаларида тирбандликларни юзага келтирмоқда. Айни пайтда, Рақобат қўмитаси бензин тақчиллигига олиб келадиган омиллар борлигини инкор қиляпти.

Андижон вилоятининг Балиқчи туманида пахта хирмонига ўт кетди. Интернетда тарқалган видеоларда бир нечта пахта уюми ёнаётгани, уюмлардан бирини бутунлай олов қоплаб олганини кўриш мумкин. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги эса атиги 12 кг пахта ёнганини маълум қилди. Ёнғинни ўчирган Фавқулодда вазиятлар бошқармаси эса ҳолат бўйича маълумот бермади.

АҚШ ҳукумати Европа Иттифоқидан Ўзбекистон фуқаролари учун виза назоратини кучайтиришни сўрамоқда. Хабарларга кўра, Европа аэропортлари орқали транзит ўтаётган йўловчиларнинг Қўшма Штатларга ноқонуний йўллар билан киришга уринишлари Америка расмийларини хавотирга солмоқда. Шу сабабли улар Европа Иттифоқидан Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари учун аэропортларда транзит визаси талаб қилишни сўраяпти. Европа томонининг бу сўровга жавоби ҳозирча маълум эмас.

Тошкент тумани прокурори ёрдамчиси пора билан қўлга олинди. У фуқарони Миллий гвардияга ишга киритиб қўйиш учун 4 минг доллар олган вақтида ушланган. Шунингдек, Янгийўл туманида солиқ инспектори 4500 доллар пора билан қўлга тушди. У инспекциянинг шуъба бошлиғи билан тил бириктириб, тадбиркорга солиқ қарздорлигини ҳал қилиб беришни ваъда қилгани айтиляпти.

Мавзуга оид