Жаҳон | 10:53 / 23.10.2023
12542
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Шарқий Ўрта Ер денгизига РҚМ ва ҲҲМ тизимларини юбормоқда

Қўшма Штатлар Яқин Шарқ минтақасида ҳарбий салоҳиятини мустаҳкамлашда давом этмоқда. Аввалроқ Шарқий Ўрта Ер денгизига бир нечта ҳарбий кемалар жўнатилган эди. Энди у ерга ракеталарга қарши мудофаа ва ҳаво мудофаа тизимлари кўчирилмоқда.

Фото: Reuters

Яқин Шарқдаги можаронинг кучайиши таҳдиди туфайли Қўшма Штатлар Ўрта Ер денгизи шарқий қисмига қўшимча қурол тизимларини юбормоқда. Пентагон раҳбари Ллойд Остин 21 октябр куни минтақага замонавий THAAD ракетага қарши мудофаа тизими ва Patriot ҳаво мудофаа тизими қўшимча бирликларини жойлаштиришга буйруқ берганини маълум қилди.

Қўшма Штатлар аввалроқ Шарқий Ўрта Ер денгизига бир нечта ҳарбий кемаларни, жумладан USS Dwight D. Eisenhower ва USS Gerald R. Ford самолёт ташувчи кемаларини жойлаштирган. Бундан ташқари, минтақага Америка ҳарбий-ҳаво кучларининг эскадрилялари - F-15 ва F-16 қирувчи самолётлари, шунингдек, А-10 ҳужумкор самолётлари юборилган. CNN шунингдек, АҚШ Мудофаа вазирлиги Исроил қирғоқларига 2000 кишидан иборат америкалик денгиз пиёда аскарларининг тезкор кучларини юборишга қарор қилгани ҳақида хабар берди. 

АҚШ ҳарбийлари шай ҳолатга келтирилди 

Бундан ташқари, АҚШ Мудофаа вазирлиги раҳбари ўз баёнотида, агар керак бўлса, тезкор жавоб бериш қобилиятини ошириш мақсадида АҚШ қўшинларининг қўшимча контингентини минтақада жойлаштириш учун тайёр туришга буюрган. Хабарда қўшинларнинг аниқ сони кўрсатилмаган. 

Остин АҚШ президенти Жо Байден билан «Эрон ва унинг ишончли вакиллари томонидан Яқин Шарқ минтақасида вазият кескинлаштирилиши» сўнгги кўринишларини муҳокама қилгандан сўнг қўшимча қурол тизимларини жойлаштиришга буйруқ берди. Улар тийиб туришни таъминлаш, минтақадаги АҚШ қўшинларининг ҳимоясини кучайтириш ва Исроил мудофаасини қўллаб-қувватлашга қаратилган, дейилади хабарда. 

ҲАМАС жангчиларининг Исроилга қилган ҳужумидан сўнг, Исроилнинг ЦАХАЛ армияси Ғазо секторидаги ҲАМАС объектларини бомбардимон қилмоқда. Исроил шимоли доимий равишда Эрон томонидан қўллаб-қувватланган Ливаннинг «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати томонидан ўққа тутилмоқда.

Мавзуга оид