Ўзбекистон | 11:33 / 23.10.2023
29846
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонга ҳафта ўртасида нам ҳавонинг янги қисми кириб келиши кутилмоқда

26 октябрда республика ҳудудига Волгабўйи ҳудудларидан нам ҳавонинг янги қисми кириб келиши кутилмоқда. Марказий, жанубий ва шарқий ҳудудларда яна ёмғир ёғади, ҳарорат +15...+20 даражагача пасаяди.

Фото: Kun.uz / Нуриддин Нурсаидов

Бугун кундузи Ўзбекистоннинг марказий ва жануби-шарқий ҳудудларида асосан жадаллиги бироз бўлган ёмғирлар ёғади. 

“Ўзгидромет” хабарига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Навоий вилоятларида ёғингарчилик кутилмайди. Ҳаво ҳарорати +13...+18 даража атрофида, баъзи жойларда +20 даражагача бўлади.

Республиканинг айрим жойларида шамол тезлиги 15-20 м/с гача кучайиши мумкин.

24-25 октябр кунлари Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари бўйича ҳаво асосан бироз булутли бўлади, ёғингарчилик кутилмайди. Ҳаво ҳарорати кўтарилади ва ҳафта ўртасига бориб, кундуз кунлари ҳаво +22...+25 даражагача, жанубда +27 даражагача исийди.

26 октябрда республика ҳудудига Волгабўйи ҳудудларидан нам ҳавонинг янги қисми кириб келиши кутилмоқда. Марказий, жанубий ва шарқий ҳудудларда яна ёмғир ёғади, ҳарорат +15...+20 даражагача пасаяди.

27 октябрда Ўзбекистон бўйича ёғингарчилик кутилмайди, ҳарорат +17...+22 даража бўлади.

Ушбу ҳафта давомида ҳарорат кечалари +7...+12 даража атрофида бўлади. Республиканинг айрим жойларига кечаси ва эрталаб туман тушиши мумкин.

Пойтахтда 23 октябрда вақти-вақти билан бироз ёмғир ёғади. Ҳарорат +14...+16 даража бўлади.

24-25 октябр кунлари ҳаво асосан бироз булутли бўлади, ёғингарчилик кутилмайди. Ҳарорат +21...+24 даражагача кўтарилади.

26 октябрда ёмғир ёғади, ҳарорат +16...+18 даража бўлади.

Мавзуга оид