Президент ҳокимларга ичимлик суви таннархини арзонлаштиришни буюрди
Бунда энг катта манба сув корхоналари ишлатадиган электрнинг бир қисмини «яшил энергия»га ўтказиш эканини таъкидлади.
Президент Шавкат Мирзиёев 23 октябр куни ҳудудларда ичимлик суви таъминоти ва оқова сув тизимини яхшилаш, озиқ-овқат экинларини экиш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.
Унда қайд қилинишича, бугунги кунда 1 куб метр ичимлик суви таннархи Тошкент шаҳрида 448 сўм, Наманганда қарийб 3 минг сўмни, Самарқанд ва Навоийда 2 минг 600 сўмни ташкил қилади. Сув ишлаб чиқариш таннархида электр энергияси улуши республика бўйича ўртача 27 фоиз. Лекин Фарғона, Наманган ва Тошкент вилоятида бу кўрсаткич юқори.
Ўзбекистонда муқобил энергиядан фойдаланишни кенгайтириш мақсадида корхона, ташкилот ва аҳоли хонадонларида қуёш панеллари ўрнатилмоқда. Лекин, йилига 880 миллион киловатт-соат электр истеъмол қиладиган сув таъминоти корхоналарининг бу борадаги иши сезиларли эмас.
Давлат раҳбари вилоят ҳокимларига ичимлик суви таннархини арзонлаштириш вазифасини қўяр экан, бунда энг катта манба сув корхоналари ишлатадиган электрнинг бир қисмини «яшил энергия»га ўтказиш эканини таъкидлади. Шунингдек, эскирган ичимлик суви насосларини энергия тежамкорига алмаштириш зарурлиги айтилди.
Сув бўйича лойиҳалар қийматини қайта кўриб чиқиш, уларда ишлатиладиган материалларни маҳаллийлаштириш имкониятлари кўрсатиб ўтилди.
Соҳадаги янги лойиҳалар бундан буён бевосита жойларга чиқиб, аҳолининг фикри ва розилиги олинганидан кейин маҳаллий кенгашларда муҳокама қилиш белгиланди. Лойиҳага қанча маблағ ажратилгани, пудратчиси қайси корхона экани, қачон ишга тушиши билан боғлиқ барча маълумотлар эълон қилиб борилади. Шу орқали бу борада ҳам жамоатчилик назорати кучайтирилади.
Йиғилишда боғ ва ток қатор ораларига экин экиш тадбирларига ҳам тўхталиб ўтилди. Вилоятларда йил якунигача 92 минг гектарга тўқсонбости усулида сабзавотлар экиш, бунга уруғлик ва сув етказиб бериш чора-тадбирлари белгиланди. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимидаги илмий-тадқиқот институтлари иқлимга мос экин турлари, агротехникаси бўйича илмий тавсиялар бериб боради.
Белгиланган чора-тадбирлар сув хўжалиги соҳасининг барқарор ишлаши ва озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлашга, пировардида ҳалқимиз фаровонлигини оширишга қаратилгани қайд этилди.
Йиғилишда соҳа мутасаддилари ва вилоят ҳокимларининг кун тартибидаги масалалар бўйича ҳисоботлари тингланди.
Мавзуга оид
11:31 / 18.11.2024
Хитой Ўзбекистонда озиқ-овқат ва асбоб-ускуналар ишлаб чиқариш масаласини кўриб чиқяпти
13:41 / 02.11.2024
Тошкент вилоятида болалар учун берилган озиқ-овқатни боғчадан олиб кетаётган мудира ушланди
17:13 / 01.11.2024
Президент бозорларда нархларни барқарорлаштириш бўйича тезкор чоралар кўришни буюрди
10:59 / 20.10.2024