Жаҳон | 13:00 / 23.10.2023
12039
2 дақиқада ўқилади

Сурия Исроилнинг мамлакатдаги икки аэропортга зарба берганини маълум қилди

Сурия давлат матбуотига кўра, Исроил бир вақтнинг ўзида Суриянинг иккита энг муҳим аэропортига ҳужум қилган. Дамашқ ва Ҳалаб ҳаво бандаргоҳлари учиш-қўниш йўлакларига жиддий шикаст етгани сабабли ишламаяпти.

Фото: Xinhua/picture alliance

Суриянинг икки асосий аэропорти – Дамашқ ва Ҳалабдаги ҳаво бандаргоҳлари Исроилнинг ракета ҳужумлари натижасида ишдан чиқди, деб хабар берди Суриянинг Sana давлат ахборот агентлиги 22 октябр, якшанба куни эрталаб хавфсизлик манбаларига таяниб. Унга кўра, аэропортнинг бир фуқароси ҳалок бўлган, яна бири яраланган.

«Учиш-қўниш йўлакларига жиддий зарар етказилиши» ҳар икки халқаро аэропортда ҳам парвозларнинг тўхтатилишига олиб келди, дейилади хабарда. 

Sana’нинг хавфсизлик хизматларидаги манбаларига кўра, зарбалар бир вақтнинг ўзида мамлакат ғарбидаги Ўрта Ер денгизи қирғоқларидан ва Голан тепаликларидан берилган. Сурия транспорт вазирлиги рейслар Латакия аэропортига йўналтирилганини маълум қилди. 

7 октябр куни ҲАМАСнинг Исроилга ҳужумидан кейин Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари Сурия пойтахти ва шимолий Ҳалаб шаҳри аэропортларига бир вақтнинг ўзида иккинчи марта ҳужум қилди. Дамашққа кўра, биринчи зарбалар 12 октябр куни амалга оширилган, ўшанда иккала аэропорт иши вақтинча тўхтатилди.

Исроил Суриядаги объектларга индивидуал зарбалар берилгани ҳақида камдан-кам изоҳ тақдим этади, бироқ Эроннинг мамлакатдаги иштирокини кенгайтиришга йўл қўймаслигини қайта-қайта билдирган. 

 

Мавзуга оид