Жамият | 13:35 / 23.10.2023
29443
2 дақиқада ўқилади

ТДТУ талабалари олийгоҳ ҳовлисида югуртирилгани айтилмоқда

Тошкент давлат транспорт университетининг бир гуруҳ талабалари ўқув формасида университет ҳовлисида югуриб юргани, улар дарсга кечиккани учун шундай жазолангани айтилган видео тарқалди. ОТМ бу ҳолат видеоролик олиш жараёни билан боғлиқлигини маълум қилди. Расмийлар ҳозирча айтилган видеороликдан парчани тақдим этмаяпти.

Видеодан кадрлар

Kun.uz ихтиёрига Тошкент давлат транспорт университетининг бир гуруҳ талаба йигит-қизлари олийгоҳ ҳовлисида жамоа бўлиб югуриб юргани акс этган видео келиб тушди. Унда айтилишича, талабалар дарсга кечикиб келгани учун жазо сифатида универитет ҳовлисида югуртирилган. Бу видео ижтимоий тармоқларда ҳам тарқалиб улгурди.

Университет ҳолатга расмий муносабат билдириб, тасвирга тушиб қолганлар университетнинг “Юриспруденция” йўналиши талабалари бўлиб, улар видеоролик олишаётган бўлгани, бу видео ижтимоий тармоқларда бошқача изоҳ билан тарқалиб кетганини билдирди.

Kun.uz универитет матбуот хизмати билан боғланиб, расмий изоҳда кўрсатилган “Юриспруденция” йўналиши талабалари олган видеороликдан парча беришни сўради. Лекин матбуот хизмати видеоролик кейинги ойдаги тадбир учун мўлжаллангани, ҳали тайёр эмаслигини маълум қилди.

“Ҳамма ўзи гуруҳи билан видеоролик тайёрлаган. Якуний битта ролик бўлмайди. Видеоролик кейинги ой тайёр бўлади. 22 минг талаба, 9 факултет бор бу ерда. Бу айнан кимнинг тадбири, қанақа тадбир эканини аниқлаб сизларга хабар қиламиз, – деди ОТМ вакили.

Ҳозирча олийгоҳ маъмумурияти таҳририятга ўзлари айтган видеодан парча тақдим этгани йўқ.

Мавзуга оид