Жаҳон | 13:25 / 24.10.2023
10081
2 дақиқада ўқилади

Тожикистонда ёнилғи шохобчаларида газ ва бензин тақчиллашди: нархлар ошмоқда

Тожикистонда суюлтирилган газ ва бензин нархи ошиши фонида ёнилғи қуйиш шохобчаларида ёнилғи тақчиллиги кузатилмоқда.

Фото: Asiaplustj.info

Asia plus’нинг хабар қилишича, айрим АЁҚШларда суюлтирилган газ нархи 1 литрига 8 сомоний (қарийб 8900 сўм)га етган. Унинг нархи 7,20–7,80 сомоний бўлган шохобчаларда лимит жорий этилган.

АЁҚШлар икки-уч соатда бутун кунга мўлжалланган барча ёнилғини сотиб тугатишмоқда ва келгуси кунгача ёпиб қўйилмоқда.

Ҳайдовчилар керакли турдаги ёнилғини топиш учун бир шохобчадан иккинчисига қатнаб сарсон бўлишаётганини айтишмоқда. Масалан, бугун эрталаб душанбелик ҳайдовчи кетма-кет тўртта АЁҚШда бензин тополмаганидан шикоят қилган.

АЁҚШ ходимлари эса суюлтирилган газ ва бензин нархи кўтарилиб бораётгани, эртага қандай нарх бўлишини билмаслигини айтишмоқда.

Ёнилғи нархи кўтарилганига энг биринчи реакция кўрсатганлар хусусий киракашлар бўлди. Бир миниб тушиш 7 (7790 сўм) сомоний бўлган такси нархлари бирданига 10 сомоний (11130 сўм) га кўтарилган.

Пойтахт Душанбедан айрим туманларга ҳам йўлкира нархи 3–5 сомоний (3300–5500 сўм)га ошган.

2023 йилнинг биринчи ярмида етказиб берувчилар томонидан республикага 100 млн АҚШ доллари эвазига турли маркалардаги 174 минг тонна бензин олиб кирилган. Бу ҳажмнинг 59 фоизи «Газпромнефт-Тожикистон» улушига тўғри келади.

Нефт маҳсулотлари Тожикистонга асосан Россия (85,4 фоиз), Қозоғистон (5,1 фоиз), Туркманистон (4,4 фоиз), Ўзбекистон (2,6 фоиз) ва бошқа давлатлардан (2,5 фоиз) кириб келади.

Суюлтирилган газ олиб кириш билан 2023 йилнинг биринчи ярмида 14 та фирма шуғулланган. Улар 66 млн доллар эвазига республикага 170 минг тонна ёнилғи олиб киришган.

Суюлтирилган газ асосан Қозоғистон (73,5 фоиз) ва Россия (24,7 фоиз) дан импорт қилинади.

Маълумки, айни пайтда Қозоғистонда газ экспортига тақиқ жорий этилган. Россияда эса “Газпром”нинг экспорт монополиясини бузиш учун ҳаракатлар бошланган ҳамда маҳсулотни қайта тақсимлаш жараёни кечмоқда. Шу сабабли нафақат Тожикистон, Марказий Осиёнинг бошқа давлатларига ҳам суюлтирилган газ камроқ ҳажмда етказилмоқда, деб ёзади нашр. 

Мавзуга оид